Россия Президентининг ташрифидан қандай мақсад кўзланган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption "Каримов сайловлар олди ташқи дастакни Россиядан кутаяпти".

Президент Путин Тошкентда Президент Каримов билан музокаралар ўтказган.

Россия расмийларига кўра, Тошкентда Ўзбекистоннинг 890 миллион долларлик қарзи муддатини узайтириш масаласи кун тартибига қўйилган.

Жаноб Путин Украина инқирози боис Ғарб санкциялари кучайган, Россия Оврупога узанган газ лойиҳасини тўхтатиши ҳақида эълон қилиши ортидан Ҳиндистонга бора туриб, Тошкентга сафар қилмоқда.

Россия империячилик интилишлари қўшниларини хавотирга солган бир пайтда Кремл Украина инқирози манзарасида Тошкентдан дастак кутаяптими? Би-би-си ушбу саволни Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Александр Князевга берди.

Александр Князев: Менинг ўйлашимча, бу масала, бу муаммо муҳим аҳамиятга эга. Лекин бу муҳокама қилинадиган ягона масала эмас. Менинг фикримча, Ўзбекистон раҳбарияти Украина ҳодисаларига Ғарб мамлакатларининг таъсири бўлди, деган хулосага келди. Ўзбекистон ўзининг ички ишларига бундай аралашишга йўл қўймайди. Бундай аралашув давлатчиликни издан чиқаради, деб ҳисоблайди. Кейинги жиҳати - Ўзбекистон билан Ғарб ўртасида Ўзбекистондаги ички ижтимоий-сиёсат вазият борасида бир-бирини тушунмаслик мавжудлигидир. Шунинг учун ҳам Каримов ўзи учун тушуниш, ҳаммаслак қараш ва дастакни Остона, Москва ва Пекиндан топмоқда. Ва биз шу йил давомида Ўзбекистон ташқи сиёсатида Қозоғистон, Хитой ва Россия, умуман Осиё томон бурилиш бўлганини кузатдик. Мана Ўзбекистонда бирин-кетин икки сайлов кутилаяпти. Ўйлашимча, Президент Каримов ушбу сайловларда ташқи дастакни Россиядан кутаяпти ва Россия сайловни баҳона қилиб Ўзбекистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринмаслигини яхши тушунади. Ҳар доим бўлганидек, Москва билан Пекин сайловлари натижаларини расман тан олади, "нарсаларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилади". Тошкентга сафар - сайловлардан кейин Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар бўлишини текшириб, "пайпаслаб кўриш".

Би-би-си: Сизнингча, сайловлардан кейин Ўзбекистонда бирор ўзгариш бўлиши мумкинми? Чунки кўп ўзбекистонликларнинг бу икки сайловдан кейин ички ёки ташқи сиёсатда бирор бир ўзгариш бўлишига кўзлари етмайди...

Александр Князев: Ўзгаришлар юз бераяпти. Лекин натижа ким нимани кутаётганига боғлиқ. Ўзбекистонда парламентаризм тажрибаси, биз истаймизми-йўқми, тўпланаяпти. Тўғри, ҳозир парламент ҳукумат томонидан назорат қилинади. Лекин жараён кимлардир хоҳлаётганидек, тез эмас, балки жуда секин кечадиган жараён. Мен, мисол учун, дунёда юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, бу жараёнларни тезлаштиришга ҳаракат қилиш тарафдори эмасман. Тезлаштираман, деб Қирғизистондагига ўхшаб буткул тартибсизликка дуч келиб ҳам қолиш мумкин.

Би-би-си: Тошкент музокараларида минтақавий сув-энергетика масалаларига қанчалар муҳим ўрин берилади, деб ўйлайсиз? Чунки Тожикистон келгуси йилдан Роғун қурилишига кўпроқ маблағ сарфламоқчи, жаноб Атамбоев "Қамбарота" ГЭСи қурилишини давом эттириш керак, деяпти. Ўзбекистон эса "Қирғизгаз"ни "Газпром" сотиб олганидан кейин Ўшга газ узатмаяпти...

Александр Князев: Менинг ўйлашимча, Президент Путиннинг Тошкентга ташрифи давомида сув-энергетика масалалари кўтарилса ҳам энг муҳим масалалар сифатида кўтарилмайди. Нима учун? Чунки Россия "Роғун" ГЭСи қурилишида иштирок этишдан бош тортди. "Қамбарота" лойиҳаси ҳам ҳали узил-кесил ҳал қилиб бўлинган эмас. Сабабларидан бири - Ўзбекистон қаршилик қилаётгани учун эмас, ички тўсиқлар борлиги учун. Қирғиз ҳукуматининг сув омбори қурилиши натижасида сув босадиган ерларни хусусий мулкдорлардан сотиб олишга кучи етарли эмас. Шунинг учун мен яқин орада Россия тарафининг "Қамбарота" лойиҳасидан ҳам воз кечишини истисно этмайман. Яна бир жиҳати, ҳозир Россия ширкатлари дуч келаётган қийинчиликлар. Молиявий мушкулликлар натижасида Россия ширкатлари ҳам бундай лойиҳаларга эҳтиёткорроқ бўлиб қолдилар. Президент Путин Тошкентда гидролойиҳалар сабабли Президент Каримовга босим ўтказмаслиги аниқ. Кун тартибида газ масаласи бор. Бу "Лукойл" ва "Газпром"нинг Ўзбекистондаги фаолиятлари билан боғлиқ. Ўшга газ таъминоти масаласи, менимча, президентлар эмас, ҳукуматлар даражасида муҳокама қилиниши лозим бўлган масалалар сирасига киради.

Хабарларга кўра, музокараларда томонлар молиявий талаб ва мажбуриятларни тартибга солиш бўйича келишув имзолаганлар. Унга биноан, Ўзбекистоннинг Россиядан 865 миллион доллар қарзи бекор қилинади. Ҳужжатларни вазирлар Антон Силуанов ва Рустам Азимов имзолаганлар. Жаноб Силуановнинг айтишича, Ўзбекистоннинг Россия олдидаги умумий қарзи 890 миллион долларни ташкил қилиб, ундан 500 миллиони асосий ҳисобланади. Келишувга биноан, Ўзбек томони 25 миллион доллар қарзни узади, қолган қарзлардан Россия воз кечиши кўзда тутилади.

Бироқ Россия қандай шартлар эвазига қарздан воз кечгани очиқланмаган. Маълум қилинишича, Ўзбекистон Россияга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини кўпайтиради. Москва Тошкентни зарур қурол-аслаҳа билан таъминлайди.

Путин учрашув сўнггида Ўзбекистон ва Россия яхши дўст ва ҳамкор бўлиб қолишини урғулаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002