UzWebiston: 'Ўзбек қизга уйланаман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи sarvar azimov

АҚШда ўзбекистонликлар учун танишув веб-сайти очилди, деб хабар беради uz.24 сайти.

Америкада чет элда истиқомат қилувчи ва келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлганлар учун ижтимоий тармоқ ташкил этилди.

Мазкур сайт АҚШда яшаётган ҳамда "Ўзбекистонда тарбия кўрган қизларга уйланаман" деган ватандошлар илтимосига биноан очилган, дейилади хабарда.

Meetmeuz.com, ictnews.uz сайтларининг хабарига кўра, мазкур веб-сайт ўзининг иккинчи ярмини ернинг ҳар қандай нуқтасидан топишига имкон беради. Ҳар бир тўлдирилган анкета синчковлик билан текширилади, деб айтилади хабарда.

Чет элда яшовчи ватандошларимиз орасида Ўзбекистонда тарбия кўрган қизларга уйланиш орзусида юрганлар, ўз ниятларини амалга ошириш учун турли услублардан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Масалан, қуйидаги ҳикоя Ҳолливуд филмлари учун бемалол сценарий бўла олишига хеч қандай шубҳа йўқ.

Самарқандлик қиз “Skype” орқали АҚШга кетган қўшниси билан турмуш қурди, деб хабар беради Anhor.uz.

Маълум бўлишича, бир-бири билан қўшни бўлган Бахтиёр ва Гўзал икки йил аввал унаштирилган, Бахтиёр эса бу орада ишлагани АҚШга кетган. Йигит ва қизда телефон ва Skype дастури орқали мулоқот қилишдан бошқа йўл бўлмаган. Шунда уларнинг дўстлари Skype ёрдамида тўй маросимини ўтказишни таклиф қилишган. Бунинг учун махсус сайтлар ҳам ташкил этилган (guzalbahti.uz, bahtiguzal.org), Бахтиёр ишлаётган Ньюаркда ва Самарқандда маросимлар ташкил этилган.

Kun.uz нинг хабарига кўра, Самарқанддаги тўй Ўзбекистондаги бошқа барча шундай маросимлар каби тантанали карнай-сурнай садолари остида ўтган, Тўй Skype ёрдамида ўтаётганини ҳаммага тушунтириш қийинлиги сабаб, Гўзал тўйхонага Бахтиёрнинг укаси билан бирга кириб келган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, никоҳ ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатга олиниши учун ҳар икки никоҳланувчи бевосита ФҲДЁга келиши керак. Бироқ Бахтиёр ва Гўзалнинг ҳолатида бунинг имкони йўқлиги туфайли, ота-оналар мулла томонидан шаърий никоҳ ўқилиши омма, жамоат олдида бўлишини хоҳлашган.

Бироқ Самарқанд шаҳридаги жомеъ масжидларининг имом-хатиблари ФҲДЁ томонидан рўйхатга олинмаган оила никоҳини ўқиб бермасликларини, бу қонунга зид эканлигини маълум қилишган. Шунинг учун, никоҳни Тошкент Ислом университети битирувчиси ўқиган. Никоҳ ўқилишига Самарқанддаги тўйхонада камида 700 киши гувоҳ бўлгани айтилмоқда.

Тўй маросими ўтганидан сўнг Гўзал Бахтиёрнинг ота-онасиникида яшай бошлаган, бу орада у Ньюарк яқинидан иш топиш мақсадида юзлаб резюмеларни йўллаган. Ана шундай резюмелардан бирига Россия ва МДҲдан келганлар учун қариялар уйидан жавоб келган ва суҳбатлардан сўнг уни ишга олишларини маълум қилиб, Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси консуллик бўлимига Гўзалга икки йилга ишчи виза бериш илтимоси билан хат йўлланганини билдиришган.

“Ишга кириш бўйича суҳбатлар вақтида Гўзал иш берувчи томонидан берилаётган саволлардан эмас, балки кутилмаганда чироқ ўчиб қолиб, Wi-Fi ишламай қолишидан хавотирда бўлди, чунки қариялар уйи маъмурлари бу ҳолатда иш излаётганнинг ўзи алоқани узиб қўйди, деб ўйлашлари мумкин эди”, – деб ёзади Anhor.uz.

Anhor.uzнинг хабар беришича, Гўзал ўтган якшанба куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” рейси билан Тошкентдан АҚШга учиб кетган, уни Бахтиёр ва дўстлари кутиб олишган.

Бу мавзуда батафсилроқ