Жиҳод мавсуми: 'Исломий Давлат'нинг оёғи Марказий Осиёга етадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро таҳлилчиларга кўра, жорий паллада бу ҳақда қатъий хулоса чиқаришга эрта.

Уларнинг бу каби баҳолари минтақадаги қатор исёнчи гуруҳларнинг "Исломий Давлат"га ўз дастакларини ошкора изҳор этишлари ортидан янграмоқда.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, биринчилардан бўлиб бундай баёнот билан чиққанлар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам бор.

Яқинда ҳаракат раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозий, "барча аъзолари номидан ўзларининг Исломий Халифат билан бир сафда эканликларини эълон қилган”ди.

Уларнинг баёнотидан қисқа вақт ўтмай, Покистон Толибон Ҳаракати раҳбари Мавлоно Фазлуллоҳнинг ҳам худди шундай истакда эканига оид расмий хабарлар пайдо бўлди.

Орада ҳаракат раҳбариятининг бундай истакда эмаслигига оид раддиялар ҳам янграган эса-да, куни-кеча Бош матбуот воизи ва беш нафар минтақавий қўмондонининг “Исломий Давлат” гуруҳини дастаклаш қарорида эканликлари маълум бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бу каби баёнот ва раддиялар Покистон Қуролли кучлари ярим йилдан буён қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасида кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб бораётган, Покистон Толибон Ҳаракати раҳбарияти сафларида тарқоқлик ва бўлинишлар кузатилаётган бир манзарада ўртага чиқмоқда.

Покистон Толибон Ҳаракати ва уларнинг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, йилларки, айнан Шимолий ва Жанубий Вазиристон минтақаларидан бошпана топиб келган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари эса, “Исломий Давлат” гуруҳига дастаклари изҳор этилган сўнгги баёнотида айнан ана шу ҳарбий амалиётлар сабаб, ўзларининг Вазиристон минтақасида ночор аҳволда қолганликларини илк бор ошкора тан олганди.

Ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз исломий халифалигини эълон қилган “Исломий Давлат” эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан “энг бойи” ва қудратлиси сифатида эътироф этилмоқда.

Жорий пайтда бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ аъзоларининг сони 30 мингдан ортиши ва улар сафларида дунёнинг деярли ҳар бурчагидан жанг қилиш учун келаётган инсонларнинг борликлари айтилади.

Баёнотлар нимани англатади?

Покистондан етакчи минтақавий таҳлилчи Аҳмад Рашид ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида исёнчи гуруҳларнинг бу каби устма-уст баёнотлари сабабини энг аввало “Исломий Давлат” эришаётган ютуқлар билан боғлайди.

“Бунинг бирламчи сабаби, менимча, “Исломий Давлат” гуруҳининг Яқин Шарқда қўлга киритаётган муваффақиятлари билан боғлиқ. Кейин, назаримда, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Толибон сафларидаги ёш жангариларни уларнинг ғояси ҳам ўзига жалб этмоқда. Агар, хотирангизда бўлса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Марказий Осиёда исломий халифалик барпо этишни мақсад қилган. “Исломий Давлат” эса, аллақачон Яқин Шарқда ўз халифалигини эълон қилиб, энди уни бутун мусулмон оламига ёйиш истагида”, - дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, ҳозирга келиб, ҳатто, бутун Жанубий Осиёдаги қолган жангари гуруҳлар ҳам эришаётган ютуқлари сабаб, “Исломий Давлат”га анчайин ижобий кўзда қарай бошлашаётганини айтади.

Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс эса, яқинда қилган баёнотларини бу икки жангари гуруҳ мавқеъларидаги анчайин жиддий ўзгариш сифатида баҳолади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

“Мужоҳиддин Усмон Ғозийнинг баёноти яққол Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳозирга келиб, “Исломий Давлат” Жанубий ва Ғарбий Осиёда фаолият юритиб келаётган кўплаб кичик гуруҳлардан кўра глобалроқ, деган тўхтамга келганига далолат қилади. Менимча, улар ҳозир мусулмон оламидаги учта муқаддас маконни кўз остига олган глобалроқ исломий ҳаракатга эътибор қаратган маъқул, деган ўйга келишган. Ўз ўрнида, бу – ҳаракатнинг миллатчи қарашларидан анчайин ортга чекинганига ҳам далолат қилади. Мавжуд ҳолат, ўз навбатида, “Ал-Қоида” тармоғини ташвишга солмай қўймайди, албатта. Чунки ўзини дастаклаётган гуруҳлар анчайин миллатчи қарашда бўлишса ҳам, тармоқ ҳамиша ўзини глобал, дея иддао қилиб келган”, - дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати нисбатан кичик ва асосан қувғиндаги гуруҳ бўлса ҳам, “Исломий Давлат”ни дастаклашига оид сўнгги баёноти сиёсий жиҳатдан олдинга қўйилган жиддий қадам ҳам бўлган.

“Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, минтақадаги исёнчи гуруҳлар, айниқса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жуда кичкина гуруҳ. Шу боис ҳам, уларнинг “Исломий Давлат” гуруҳини дастаклаш қарори фақат сиёсий жиҳатдан катта аҳамият касб этади. Яъни, улар энди ўзларини глобал жиҳодий гуруҳнинг бир қисми сифатида кўрсатишлари мумкин бўлади”, - дейди у.

Image caption "Буларнинг барчаси жорий пайтда фақат сиёсий рамздан ўзга нарса бўлмайди..."

Аммо, худди шу ўринда, таҳлилчи Пол Рожерснинг таъкидлашича, ҳаракатнинг бу каби баёноти жорий пайтда амалда деярли ҳеч нарсани англатмайди, деса ҳам бўлади.

“Ҳозир бу икки гуруҳ ўзаро қандайдир алоқада бўлишлари мумкин. Балким, ораларидаги муносабатларни анчайин мустаҳкамлашга ҳам муваффақ бўлишар. Аммо буларнинг барчаси жорий пайтда фақат сиёсий рамздан ўзга нарса бўлмайди. Ҳозир энг муҳим масала – қолган йирик исёнчи гуруҳларнинг “Исломий Давлат” атрофида уюшиш-уюшмасликлари билан боғлиқ. Чунки “Исломий Давлат” илгари сураётган ғоя ҳозирча бутун дунё бўйлаб илдиз отиб улгургани йўқ”, - деркан, таҳлилчи ҳозир бундай хавф мавжуд эканини ҳам инкор этмайди.

Суҳбатдошимизга кўра, буларнинг барчаси инобатга олинса, жорий пайтда бу иттифоқчилик Марказий Осиёга солиши мумкин бўлган жиддий таҳдид ҳақида сўз юритиш ноўрин бўлади.

Ўз ўрнида халқаро таҳлилчининг таъкидлашича, сўнгги баёноти Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Покистон шимоли-ғарбидаги ички низоларда ҳам ҳеч бир маънода қўл келмайди.

Покистон Қуролли кучларининг шу йил ёз ойида бошлаган йирик ҳарбий амалиётларидан бироз аввал эса, айрим маҳаллий таҳлилчилар сўнгги пайтларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари сони яна ортмоқда, деган баҳолар билан чиқишганди.

Улар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларидан янги аъзолар ёллаб, қўшни Афғонистон шимолида фаоллашиш орқали минтақа чегараларига яқинлашишга уринаётгани ҳақида сўз юритишганди.

Покистон Қуролли кучларининг ҳозир ҳам давом этаётган ҳарбий амалиётлари натижасида ҳануз Вазиристонда бўлган ҳаракат аъзоларининг қанчалик жиддий талофат кўрганликлари маълум эмас, раҳбарларининг тақдири ҳам ноаёнлигича қолмоқда.

Аммо ҳарбий доираларда ҳаракат жангариларининг сони бир неча юздан бир неча мингтагача, деб тахмин қилинади.

Мақсад "яшаб қолиш эмас"...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Худди шу манзарада ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва ҳам айрим покистонлик юқори мартабали қўмондонларнинг “Исломий Давлат”ни дастаклашларига оид баёнотларига тўхталаркан, Франциядан минтақавий сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов бу икковлоннинг мақсадлари фақатгина “яшаб қолиш эмас”, дейди.

“Булар жуда ҳам кучли сиёсий, ҳарбий инқирозларни босиб ўтишган. Уларнинг бугунги кундаги асосий хоҳиш-истаклари фаоллашув, ўзлари учун молиявий ва инсоний оқимларни кучайтириш. Агар, улар Сурия ва Ироқдаги жабҳага қўшиладиган бўлишса, улар учун ана шу ҳар икки эшикнинг ҳам очилишини тахмин қилиш мумкин. Биз биламизки, бутун дунёдан ўша жиҳодчилик тафаккурида шахслар бугун Ироққа, Сурияга келишаяпти, ал-Бағдодийга байъат беришаяпти. Яъни, уларнинг йўқотиш эмас, айнан қандайдир ресурслар илинжида “Исломий Давлат”га қўшилишлари эҳтимоли кучли”, - дейди суҳбатдошимиз.

Ўз ўрнида, Ўзбекистонга шундоқ қўшни Афғонистон Толибон Ҳаракати “Исломий Давлат” гуруҳини дастаклашда нега жим, деган саволга келганда Лондондан халқаро таҳлилчи Пол Рожерс бунинг сабабларини бир неча омиллар билан изоҳлайди.

Унинг айтишича, АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг жиғига тегмаслик, Афғонистонда ўз мавқеини сақлаб қолиш ва анчайин миллатчи ғояга эга экани боис, ҳаракат “Исломий Давлат”ни қўллашга бормайди.

Ўз ўрнида, суҳбатдошимиз Афғонистонда ҳозирлиги жуда оз, Покистонда аввалги туришидан асар ҳам қолмаган бўлса-да, “Ал-Қоида” тармоғи ҳамон дунёдаги жиҳодий гуруҳлар орасида ўзини йўлбошловчи санаши боис, ўрнимни эгаллайди, деган хавотирда “Исломий Давлат”га жуда шубҳа билан қараши ва унинг гуллаб-яшнаши йўлида ҳар қандай қўлловдан ўзини тийишини таъкидлайди.

Устига устак, минтақавий таҳлилчилар глобал жиҳод даъвосидаги бу икки гуруҳ орасида қатор масалалар юзасидан жиддийгина келишмовчиликлар борлигига диққат қаратишади.

Уларга кўра, "ал-Қоида" "Исломий Давлат"нинг миллий ва диний озчиликларга ҳам қаратилган шафқатсиз жанг олиб бориш услубидан тортиб, халифликка танлаган номзодигача ёқламайди.

Эслатиб ўтиш жоиз, “Исломий Давлат” гуруҳининг 2000 йиллар бошларида айнан “ал-Қоида”нинг Ироқдаги бир тармоғи сифатида пайдо бўлгани айтилади.

Ҳарбий манбаларга кўра, орада асосан худкушлик ҳужумлари уюштириш билан шуғулланиб келган ва шиаларга ўта қарши кайфиятдаги гуруҳ Ироқда кучайиб бораётган зўравонликлар ва қўшни Суриядаги фуқаролар урушидан фойдаланиб, 2011 йилда янги жанггари куч сифатида ўртага чиқади.

Орадан уч йил ўтиб, Ироқ ва Суриядаги улкан ҳудудларни босиб олади, қатор нефть конларини қўлга киритади ва ўз назорати остидаги ерларда исломий халифалик эълон қилади.

“Исломий Давлат” гуруҳининг Ироқдаги шиалар ва Суриядаги алавийлар бошчилигидаги ҳукуматга қарши сунний араб жамоаларидан куч олиши, асосий даромад манбаи ўзлари босиб олган конлардаги нефть контрабандаси, товон пули, банкларни талаш ва маҳаллий аҳолидан йиғиб олаётган солиқлари ҳисобидан экани айтилади.

Америкалик юқори мартабали ҳарбий мулозимлар эса, яқинда “шу пайтгача Исломий Давлат” каби “мукаммал ва яхши молияланган гуруҳга гувоҳ бўлмаганликлари”ни эътироф этишганди.

Агар, Америка матбуотида келтирилган айрим маълумотларга таянилса, гуруҳ таркибида ҳавода бўладими ёки ерда, жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллаган собиқ ҳарбий зобитларгача бор.

Халқаро ҳарбий экспертлар эса, “Исломий Давлат”нинг худди Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига ўхшаб, қисман террорчи, қисман партизан ва қисман ҳали шаклланиб улгурмаган давлатига эга, устига устак жуда мослашувчан гуруҳ эканига диққат қилишади.

"Исломий Давлат"нинг "жозибаси"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Франциядан минтақавий сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳам худди шу ўринда дунёдаги бошқа исёнчи гуруҳлар билан солиштирганда, “Исломий Давлат”нинг қолган жиҳодчилар учун жозибали бўлган бир қанча муҳим жиҳатлари борлигини таъкидлайди.

“Булар Ғарбнинг, биринчи ўринда Америка Қўшма Штатларининг “Исломий Давлат” гуруҳи ва халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга қарши уруш эълон қилиши, гуруҳнинг қўл остида жуда катта ҳудуд ва анчагина салмоқли иқтисодий, молиявий ресурсларнинг мавжудлигидир. На “ал-Қоида”да, на Афғонистон Толибон ҳаракати Мулла Муҳаммад Умарда мана шундай катта ресурслар бор ва уларнинг бирортаси фаолият олиб борувчи ҳудуд бу қадар қайноқ тўқнашувлар нуқтаси эмас”.

“Уларни бирлаштириб турувчи позиция бу – мафкура: Бир томондан, исломий давлат қуриш. Иккинчи тарафдан, Ғарбга қарама-қарши туриш. Яъни, Исломни қаршилик мафкураси сифатида талқин этиш”, - дейди у.

Таҳлилчига кўра, худди шу сабабдан ҳам, жиҳодчилар ўз олдларига ана шу жабҳага қўшилиб, Ироқ ва Сурияда Ғарбга қарши курашиш каби вазифани қўяётган бўлишлари мумкин.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бундан кейин ҳам бутун дунёдан жиҳодчиларнинг Ироққа йиғилиш тенденцияси борган сари кучайиб боради ва яқин йиллар ичида асосий кураш нуқтаси ҳам ана шу Ироқ бўлади.

“Бугун глобал жиҳодий майдонда учта катта ташкилот қолаяпти ва биз уларнинг ўртасидаги қудрат тақсимоти (иерархия), муносабат қандай эканини билмаймиз. “Ал-Қоида” бу – катта бренд, лекин унинг ресурслари, айниқса, инсоний ресурслари жуда ҳам чекланган. Бутун дунё бўйича ҳам мингтага бормайди, деган маълумотлар бор. Энди, Афғонистон толиблари бу – анча қудратли ташкилот. Лекин бугунги кунда уларнинг ўз қўл остларида бўлган ҳудудлари ва йирик молиявий манбаълари мавжуд эмас. Бошқа томондан, толиблар ҳали анча вақт сиёсий фурсат кутишда давом этишлари мумкин. Лекин бугунги кунда дунёда энг фаол ва қудратли бўлган жиҳодий ташкилот, бу – албатта, “Исломий Давлат” ва унинг раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий”, - дейди таҳлилчи.

У, айнан ўзи тилга олиб ўтган омилларни назарда тутаркан, бу икки жангари ташкилотдан ҳеч бўлмаганда биттаси маълум муддатдан кейин ал-Бағдодийга байъат келтириши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмайди.

Бугунги иқтисодий қудратини назарда тутаркан, Покистондан минтақавий таҳлилчи суҳбатдошимиз Аҳмад Рашид “Исломий Давлат” ҳозирги кунда Жанубий ва Марказий Осиёдаги айрим жангари гуруҳларни молиялаш мавқеида эканини айтади.

Ўзбекистонликлар ва "Исломий Давлат"

Сўнгги йилларда турли матбуот нашрларида Ўзбекистон дохил қатор Марказий Осиё давлатларидан ҳам “Исломий Давлат” сафига бориб қўшилаётганлар ҳақидаги хабарлар тез-тез бўй кўрсата бошлаган.

Улардан айримлари Би-би-си дохил айрим бошқа Ғарб нашрлари билан алоқага чиқиб, ўзларининг “Исломий Давлат” гуруҳи сафида жанг қилаётган ўзбекистонлик эканликларини ҳам иддао қилишганди.

Жумладан, Хуршид Мухторов исмли шахс Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ҳозир Сурия ва Ироқда ўзига ўхшаган марказий осиёликларнинг сони минглаб экани ва улардан кўпчилиги ўзбеклар эканини даъво қилганди.

Аммо “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган ўзбекистонликларнинг аниқ сони борасида расмий рақамлар йўқ.

Минтақавий ва халқаро таҳлилчилар бугун Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган марказий осиёликлар сони бир неча юздан бир неча мингга етиши мумкинлигини тахмин этишаркан, уларнинг сони ортиб бораётганига ҳам диққат қилишади.

Худди шу манзарада, ҳатто, халқаро таҳлилчилар орасида ҳам жиҳодчилар сафларида жанг қилиб, ватанларига қайтаётган бу каби фуқароларнинг ўз давлатлари хавфсизлиги учун асосий муаммога айланишлари мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар йўқ эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи l

Айрим минтақа давлатлари эса, аллақачон ўз фуқароларининг “Исломий Давлат” назорати остидаги ҳудудларга сафар қилишларининг олдини олиш йўлида қатор чора-тадбирларга ҳам қўл ура бошлашган.

Бошқа томондан, айрим таҳлилчиларга кўра, агар, минтақадаги бошқа исёнчи гуруҳлар ва қўмондонлар ҳам "Исломий Давлат” гуруҳини танлайдиган бўлишса, бу – Ўзбекистоннинг шундоққина биқинидаги Афғонистон ва Покистонга энг аввало шафқатсиз жанг усулларининг кириб келишига замин яратади.

Бундан аввал покистонлик ҳарбийлар "Исломий Давлат"нинг вакиллари минтақада алоқаларини йўлга қўйиш ҳаракатида эканликларини айтиб чиқишганди.

Таъкидлаш жоиз, яқинда Покистоннинг Афғонистонга яқин шимолий-ғарбий Пешовар шаҳрида “Исломий Давлат” тарафдорлари гуруҳни олқишловчи варақаларни тарқатишаётганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Аммо, суҳбатдошимиз, Франциядан минтақавий сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Эрондан тортиб, Саудия Арабистонигача, Яқин Шарқдаги қатор давлатларнинг “Исломий Давлат”га қарши мавқеъда эканликларини назарда тутган ҳолда, буларнинг барчаси Ироқдаги воқеаларнинг қандай якун топишига боғлиқ бўлишини таъкидлайди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Абу Бакр ал-Бағдодий ўтган ой аудио-мурожаат билан чиқиб, фақатгина Ироқ ва Сурия билан чегараланиш ниятлари йўқлиги, бундан кейинги нишонлари Саудия Арабистони бўлажагини баён қилганди.

Саудия подшоҳлиги эса, Исломнинг бешиги, мусулмонлар учун муқаддас икки ҳарам соҳиби, жаҳондаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи ва экспорт этувчи давлат саналади.

Худди шу сабабдан ҳам, шу йил ёзида ўз халифалигини эълон қиларкан, “Исломий Давлат”нинг вақти келиб, албатта, айнан Саудия Арабистонига кўз тикиши кўпчилик учун кутилган янгилик бўлганди.

Бу каби хабарлар манзарасида саудиялик айрим мулозимлар ўзларигина “Исломий Давлат”ни мавҳ этишга қодир ва бунинг учун қонуний ҳуқуққа эга минтақадаги ягона давлат эканини ҳам иддао қилишганди.

Мусулмон оламида катта нуфузга эга Саудия Арабистони Бош муфтийси эса, бундан ҳам анча аввал гуруҳни “Исломнинг душмани”, дея эълон қилганди.

Аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Гуруҳнинг шафқатсиз жанг олиб бориш услуби ва қисқа вақт ичида эришишга муваффақ бўлган ютуқлари яқинда Саудия Арабистони дохил қатор Яқин Шарқ давлатларини ўз ичига олган АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалицияга асос солинишига сабаб бўлган ва иттифоқчилар аллақачон ҳаводан туриб, “Исломий Давлат” мавқеъларига зарба беришни бошлаб юборишган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, сўнгги ойларда минтақадан гуруҳнинг кўзга кўринарли ютуқларига оид хабарлар йўқ.

“Худди шу сабабдан ҳам, “Исломий Давлат” ташкилоти тақдирининг қандай бўлиши Ўзбекистонга таъсир қилиш даражасини белгилаб беради. Агар, “Исломий Давлат” барқарор бир феноменга айланса, бу жараён, бу муаммо кенгайиши, Афғонистондаги жиҳодий фаолиятнинг кучайиши ва Ўзбекистоннинг чегараларига яқинлашишига сабаб бўлади. Лекин ҳали бундай дейишга жуда ҳам эрта”, - дейди бу таҳлилчи суҳбатдошимиз ҳам.

Бошқа бир таҳлилчи суҳбатдошимиз Аҳмад Рашид ҳам, “Исломий Давлат” янги феномен экани, ғоялари ҳалича Марказий Осиё, Покистону Афғонистон ва толиблар орасига у қадар кенг кириб бормагани, шу боис ҳам, гуруҳнинг минтақа учун ростмана таҳдидга айланиши ҳақида сўз юритиш, ҳозирча, жуда ноўрин бўлишини айтади.

“Жорий пайтда “Исломий Давлат” Яқин Шарқда катта ютуқларга эришаяпти. Аммо, сўзсиз, гуруҳнинг Марказий Осиёда ҳам шундай муваффақиятларга эришишини кўришни истовчи одамларни ҳам йўқ деб бўлмайди”, - дейди таҳлилчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўз ўрнида, айрим ғарблик таҳлилчилар “Исломий Давлат”нинг бу яқин орада дунё учун жиддий таҳдидга айланиши ҳақида ҳам қатъий хулоса чиқаришга ҳали вақтли эканини айтишади.

Улар ўз хулосалари сабабини энг аввало зафар чўққисига бирданига эришган айрим экстремистик гуруҳларнинг ўз ютуқларидан тезда бошлари гангиб қолиши билан изоҳлашади.

Бошқа томондан, бу каби таҳлилчилар “Исломий Давлат”нинг қудрати босқинчилик ва этник тозалашларга асослангани учун ҳам, гуруҳнинг ичдан зил етишга мойил эканини таъкидлашади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати ҳали-ҳануз ўзини глобал жиҳодий тармоқ сифатида кўрувчи “ал-Қоида”нинг яқин иттифоқчилари саналишган.

Тармоқ ва унинг ҳозирги раҳбари Айман аз-Завоҳирий, шу жумладан, Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти ҳам ҳозирча ўз иттифоқчиларининг яқинда қилган баёнотларига расман бирор бир муносабат билан чиқишмаган.

Ўз ўрнида, минтақавий таҳлилчилар “Исломий Давлат” гуруҳини дастаклашга оид кутилмаган баёнотлари манзарасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Покистон Толибон ҳаракати қатор юқори мартабали қўмондонларининг ўз исломий халифаликларини барпо этиш режаларига нима бўлиши саволи очиқ қолаётганини айтишади.

“Исломий Давлат” гуруҳи эса, шу йил июн ойида эълон қилган расмий баёнотида ўз халифаликлари кенгайиб, қўшинларининг қадами етиб борган ҳар қандай ҳудуддаги барча амирликлар, гуруҳлар, давлатлар ва ташкилотлар йўққа чиқишини таъкидлаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ