'The Guardian' Ўзбекистон музейи ходимлари қамалиши ҳақида

Британиядаги нуфузли нашрлардан бири "The Guardian" "Ўзбек музейи 15 йилдан ортиқ вақт санъат асарларини сотган ва ўрнини нусхалар билан тўлдирган" деб номланган мақола чоп этган.

Мақола Ўзбекистон давлат санъат музейи қатор ходимлари санъат асарлари асл нусхаларини сотганлик ва ўрнига нусхаларни қўйганлик айблови билан ҳибс қилингани борасидаги хабар тафсилотлари берилган.

Жума куни Бош прокурораси "Ҳуқуқ" газетаси Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Мирфайз Усмонов 1999-2014 йиллар орасида давлатга тегишли кўплаб асарларини сотиб юборгани учун 9 йилдан ортиқроқ вақтга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида ёзганди.

Музейнинг яна икки ходимига 8 йилдан қамоқ жазоси тайинланган.

"Газета Тошкентдаги маҳкама қачон ушбу ходимларга ҳукм чиқаргани борасида ёки (музейдаги) бошқа ишчилар ҳам бунга бош қўшганми йўқлиги хусусида тафсилотларни бермайди", деб ёзади газета.

"1999 ва 2014 йиллар ўртасида музей хизматчилари қатор Россия ва Совет авангард рассомлари, жумладан, ўтган асрда Ўзбекистонда яшаб ижод қилган Александр Николаев, Рихард-Карл Зоммер ва Виктора Уфимцевларнинг асл ишларини алмаштириб қўйишган".

Шу ўринда Гардиан ўзбек нашри чоп этган хабардаги рақамларни келтиради, яъни айбдор топилган шахслар шахси номаълум мижозларига асарларнинг ҳар бирини 100-800 долларгача пуллашган.

Шу билан бирга улар Оврўпо рассомлари томонидан ишланган 25та оргинал асарни ҳам сотиб юборишган. Улар орасида, хусусан, Италиялик Уйғониш даври рассоми ва ҳайкалтароши Лоренцо ди Кредига тегишли асар ҳам бўлган.

"Хабарда давлат "катта" зарар кўргани айтилади, аммо рақамларни бермайди", дейди Гардиан.

Шунингдек, Гардиандаги мақолада айтилишича, 2012 йил Италия элчихонаси музей Уйғониш даври рассоми Паоло Веронезенинг асарини намойиш этган пайт эҳтиёткорликка чақирган ва ишнинг ҳақиқий эканини тасдиқлаш учун текшириш лозимлигини айтган.

Ўша вақтда музей Пабло Пикассонинг "узоқ унутилган" сопол асарларини ҳам намойиш этганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002