Мактаблар ўқувчиларнинг пули ҳисобига иситиляпти

Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, Тошкентдаги 48 мактабда иситиш тизими учун ўқувчилардан 200 минг сўмдан пул йиғиб олинмоқда. Акс ҳолда, ушбу пул синф раҳбаридан талаб қилинаётгани айтилган.

Фесбук фойдаланувчиларининг фикрича, бу ҳолат яқинлашиб келаётган сайлов олди мактабларни иситишни яхшилаш учун қилиняпти.

Бу мавзуда Би-би-си гаплашган баъзи ўзбекистонликлар ўзлари яшаб турган ҳудудларда ҳам аввал музлаб ётадиган мактаблар ҳозир иситилиб турганини билдирдилар. Бироқ синфларни иситиш ўқувчиларнинг ўз зиммасига юкланаётгани айтилди.

Кейинги кунларда ҳавонинг кескин совуши жанубий Қашқадарё вилоятидаги кўпгина мактабларда иситиш тизими билан муаммоларни ҳар йилгидек юзага чиқарган.

Қарши шаҳрилик уй бекасининг сўзлашича, фарзандлари ўқийдиган мактабда синф хоналарнинг совуқлиги сабабли ўқувчилар пул йиғиб печка олишга мажбур бўлишган. Шаҳардаги қатор мактабларда аҳвол шундайлигини таъкидлайди у.

"Синф хоналар совуқ, газ йўқ, свет йўқ, болалар пальтоларда ўтиришади. Синф қоронғилигидан доска яхши кўринмайди. Лекин болаларнинг печка сотиб олганининг 21 декабрдаги сайловга алоқаси йўқ, бу Қаршидаги ҳар йилки ҳолат".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошимизга кўра, болалари ўқийдиган мактабда ҳар йили ҳар нарсага пул йиғилади. Металломга, макулатурага деб пул йиғилади, деразага елим ёпгич, стол усти чойшаблари, ҳатто супурги ва челак сотиб олишга ҳам мактабнинг қурби етмайди.

Унинг сўзларига қараганда, ҳозир мактабларда фаррошлар йўқ. Ўқувчилар йиққан пулга фаррош чақириб ишлатишади. Ҳар ойда фаррош учун бир боладан икки мингдан йиғилади. Қайсидир ўқувчининг пул беришга имкони бўлмаса, мактабни тозалашга ўзи жалб қилинади. Ҳатто совуқ кунларда кичкина болалар ҳам аяб ўтирилмайди. Кейинги сафар пул сўралганда ота-онаси муаммо қилмаслиги учун.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бизнинг туманда иситиш билан унча муаммолар йўқ ҳозир. Ҳар бир мактабнинг ўз қувурлари мавжуд, дейди Ғузор туманилик ўқитувчи. Бироқ болалар учун китоб ижарасига, металлом, макулатурага, обунага пул йиғишга мажбурмиз. Мактабнинг қурби етмайди. Мактаб фондининг ўзи ота-оналардан тушган пулга қарайди, деб айтади у.

Ота-оналар шикояти баъзи мактабларда ўз натижасини ҳам берган. Қаршидаги Пахтакор мавзесида ота-оналар шикоят қилавериб мактабда алоҳида иситиш тизими қурилишига эришганлар. Ҳар бир корпусда биттадан печка бор. Кўмир, ўтин билан синфларни иситишяпти ҳозир, дейди уй бекаларидан бири.

Айтилишича, Ўзбекистонда парламент сайловлари олди мактаблардан кўра, кўпроқ бозорларда ўзгаришлар кўзга ташланади. Бозор ва дўконларда гўшт, шакар, ун каби баъзи маҳсулотларнинг нархи бироз пасайган. Йилларки муаммо бўладиган газ тақчиллиги ҳам гўё барҳам топгандек. Лекин одамлар сайлов тугаши билан яна ҳамма нарса ўз эски ҳолига қайтади деб ўйлашларини айтадилар.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002