Нарзулло Охунжонов: мен ҳам бу сиёсатга адолатпарвар дея ишонгандим

Нарзулло Охунжонов 1966 йили Андижонда туғилган.

1983 йили Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўрта мактабни тугатган.

Икки йил Тошкент Агрегат заводида ишлаган.

1986 йили Тошкент Давлат Маданият институтига ўқишга кирган.

Институтни қизил диплом билан якунлаганидан сўнг Тошкент Давлат университетининг Фалсафа-Иқтисод факультетида таҳсилини давом эттирган.

Айни пайтда шу факультетда талабаларга сабоқ ҳам берган.

1995 йилда Ўзбекистон радиосига ишга таклиф қилинган.

1997 йилдан 2000 йилгача “Ижтимоиёт ва иқтисодиёт” бош муҳарририятида шарҳловчи ва 2001 йилдан 2005 гача шу муҳарририятда сиёсат бўлимининг бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Нарзулло Охунжонов 1998 йили Президент Ислом Каримовга журналистлар Пўлат Гадоев ва Шоди Мардиевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги саволни берганидан кейин Ўзбекистон раҳбари билан уюштириладиган журналистларнинг учрашувларига қўйилмаганини айтади.

Нарзулло Охунжонов 2005 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон Телерадио компаниясининг “Янги жамият” маърифий, сиёсий-ҳуқуқий эшиттиришлар студиясининг бўлим мудири сифатида фаолият юритган.

У сиёсий шарҳловчи сифатида хорижий оммавий ахборот воситаларига интервьюлар берган, давра суҳбатларида иштирок этган.

Шундан сўнг хорижий матбуот билан мулоқот қилмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Нарзулло Охунжонов кикбоксинг бўйича Осиё ва Ўзбекистон чемпиони Беҳзод Раҳимбоевга нисбатан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўзғатилган жиноят иши ҳақида радионинг жонли эфирида ахборот тарқатилишининг ташаббускори бўлгани учун таъқибга учрагани ҳақида ёзган.

2012 йил ёзидаги эшиттиришдан кейин Ўзбекистон Телерадиокомпанияси раҳбарияти, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўзи ва оиласи аъзоларига таъқиб ва тазйиқлар бошланганини, оқибатда ватанни ташлаб кетишга мажбур бўлганини айтади.

Нарзулло Охунжоновнинг Би-Би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Европадан Муҳожир: Нарзулло ака, сиз Каримов режимида ишладингиз ва узоқ муддат уни қўллаб қувватладингиз, у ердаги кўп адолатсизликлар, аҳолининг баъзи қатламларига қўлланган зулму-ситамларга гувоҳ бўлдингиз ва ҳоказо. Яқин келажакда ҳукумат тепасига кимдир келади. Ўша келувчи шахсни яна Каримовдай сиёсат олиб боришини хоҳлармидингиз ёки Каримов содир қилаётган қайси хатоларни такрорламаслигини хоҳлардингиз? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Нарзулло Охунжонов: Раҳмат! Яхши савол. Тўғри, оқкўнгил, содда халқим қаторида мен ҳам ушбу сиёсатни адолатпарвар дея ишондим ва ишонганлигим учун қўллаб-қувватладим. Аммо шахсан ўзим гувоҳ бўлган адолатсизликлар ва зулмларга бефарқ қараб турганим йўқ. Бунга менинг виждоним йўл қўймади. Мисол учун 1998 йилнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис сессиясининг танаффус пайтида журналистлар Пўлат Гадоев ва Шоди Мардиевнинг ноҳақ қамалганлиги билан боғлиқ саволни Президент Ислом Каримовга берганман. Бу саволимга тўлиқ бўлмаса-да, деярли қониқарли жавоб олганимдан сўнг бу сиёсатга бўлган ишонч янада ортганди. Ваҳоланки, ўшанда бу воқеадан жуда кўпчилик раҳбарлар карахт бўлиб қолишганди. Чунки, ушбу савол президент учун ҳам ва унинг атрофидаги юқори лавозимдорлар учун ҳам кутилмаган савол бўлган... Муҳими, бу савол айнан ҳуқуқ-тартибот органларидаги ноҳақликлардан норозиликнинг акси-садоси сифатида янграганди. Шундан кейин жуда кўпчилик дўстларим, ҳамкасбларим мендан ўзларини олиб қочиб юришган. Ҳеч бўлмаса, биронтаси келиб “яхши савол бердингиз, устоз ҳамкасбларимиз тақдирига, жамиятдаги ноҳақликларга бефарқ эмаслигингизни мамлакат раҳбарига дадил айта олдингиз, биз ҳам сизни қўллаб-қувватлаймиз”, дея айта олган эмас. Шу боис ўзим ҳам бироз саросимага тушиб қолганман ўшанда. Аммо (ушбу саволнинг таъсиридир балки), кўп вақт ўтмасдан иккала журналист ҳам озод этилди. Мен бундан жуда ҳам қувонгандим. Қизиғи, айнан ўша мендан “ётсираб” юрганлар биринчилар қаторида келиб: ”Эшитдингизми, журналистлар қамоқхонадан чиқишибди, яхши савол бергандингиз ўшанда” дея қутлашган. Ҳа, бу ўртада бири МХХдан, иккинчиси МВДдан чиққан икки генерални ҳам танқид қилгандим. Бу ҳақдаги интервью телевидениянинг “Давр” информацион кўрсатувида эфирга кетганди ва анча-мунча шов-шувга сабаб бўлганди. “Нарзулло Охунжонов деганлари энди кўради, яқин кунларда кетадиган жойига кетади”, деган миш-мишлар кенг тарқалганди. Бироқ улар кутган ҳодиса рўй бермади. Мен эса, “демак, бемалол танқид қилса бўлаверар экан, лавозимдорларни танқид қилиш одамлар ваҳима қилганчалик ёмон оқибатларга олиб бормас экан-ку?!” деб хулоса чиқарганман ва худди шу фикр асносида “жамиятда журналистнинг ҳимояси ҳар томонлама таъминланган экан ростдан ҳам”, деб ўйлаганман. Лекин...

2012 йилнинг 27 февралига келиб Би-би-сига берган интервьюмда Кабминда ўтирган шахс матбуотдаги танг аҳвол учун масъул эканлиги ва бунинг учун у жавобгар эканлигини таъкидлаганимдан кейин аҳвол бутунлай бошқа томонга ўзгара бошлади. Ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари Абдулла Неъматович Арипов ОАВ ва матбуот бўйича масъул шахс эди. Устозларим ва яқин ҳамкасбларим бундан кейин жуда эҳтиёт бўлиб юришимни маслаҳат беришганида у қадар жиддий қабул қилмагандим. Лекин ҳақиқатдан ҳам шундан сўнг бошимда қора булутлар пайдо бўла бошлади. Ҳар ҳолда интервьюдан кейин у ўз лавозимидан кетди. 2012 йил 26 июль куни мени республика Миллий Хавфсизлик хизматига чақиришиб, тўрт соатга яқин айнан шу ва бошқа масалалар бўйича хориж радиоси мухбирлари билан қилган суҳбатларим боис уч киши ўртага олишди. Айтганимдек, воқеалар ривожи бутунлай бошқача тус ола бошлади.

Бундан ташқари, айни ўша пайтлар кикбоксинг ва қўл жанги бўйича бир неча маротаба Ўзбекистон ҳамда Осиё чемпиони бўлган Беҳзод Раҳимбоевга нисбатан уюштирилган фитналар ва бўҳтонлар сабаб унга ноҳақдан жиноий иш очилгани хусусида чемпионнинг онаси менга мурожаат қилди ва йиғлаб, журналистик суриштирув ўтказиб, адолатни тиклашда ёрдам беришимни сўради. Касбий ваколатим доирасида Беҳзоднинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғуллана бошлаганим бошимдаги қора булутларнинг янада қуюқлаштирди. Алалоқибат менга нисбатан ҳеч қандай асосга эга бўлмаган туҳматлар уюштирилиб, жиноят очилишигача бориб етди. Энг таажжублиси, шундаки, менга нисбатан коррупцион занжирнинг буюртмаси билан туҳмат қилганларнинг бириси муқаддам икки марта жиноий жавобгарликка тортилиб судланган қаллоб тадбиркор ва яна бириси ички ишлар тизимидаги қинғирликлари учун ишдан ҳайдалгач, “бир юмалаб” адвокат бўлиб олган ва яна кўплаб қинғирликлари сабаб адвокатлик лицензиясидан ҳам маҳрум бўлган бир “ҳуқуқ посбони” эди. Менинг юқорига қилган барча шикоятларим жавобсиз қолдирилди. Президентга савол берганимда, “Сизларнинг ортларингизда мана мен турибман, қўрқмасдан дадил ҳаракат қилинг, журналистик суриштирув ўтказиб, менга ўзингиз гувоҳ бўлган адолатсизликлар ҳақда ёзиб юборинг, албатта уни мен оламан!” деганди. Афсуски, бу ваъдаларнинг барчаси сароб бўлиб чиқди. Буни ўзимнинг аччиқ ҳаётий тажрибамда синаб, билдим. Шу сабаб ушбу сиёсатга бўлган ишонч мутлақо сўнди. Оқибат, бутун оилам, беш нафар фарзандим билан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдик... (Бу ҳақдаги баёнотимни ‘Jarayon.com’ да ўқиб кўришингиз мумкин.)

Энди бевосита сизнинг саволингизга тўхталадиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам сайловдан сўнг кимдир ҳокимият тепасига келади. Лекин ўша кимдир яна шу Ислом Каримовнинг ўзи эмасмикин, деган хавотирдаман. Чунки, у бекорга 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” эълон қилмади. Бу менинг тахминим. Агар тахминим тўғри чиққудай бўлса, шундайига ҳам ўзи раҳбарлик қилган даврига ўзи қора чизиқ тортиб бўлган Ислом Каримов бу қора чизиқни янада қуюқроқ тортган бўлади. Агар бошқа шахс келадиган бўлса, Каримовга ўхшаб сиёсат олиб боришини мутлақо истамаган бўлардим. Сизнинг саволингизни янада қатъийлаштирадиган бўлсак: Каримовнинг қайси хатти-ҳаракатида хато қилинмади ва хатога йўл қўйилмаган бирор соҳа қолдимикин?... Чунки, Ислом Каримов миллатнинг, халқнинг бошига кўп кўргуликлар, ситамлар солди ва тузатиб, кечириб бўлмас жуда катта хатоларга йўл қўйиб, қўл уриб бўлди...

Эндиги иқтидорга келадиган раҳбар у ким бўлишидан қатъи назар, аввало ўз халқи билан ҳаммаслак бўла оладиган, Конституция ва қонунларда мавжуд қоидаларни амалиётга кенг татбиқ этишига ишонадиган ва бу борада қатъиятли бўлган, қўшнилар ва бутун дунё мамлакатлари билан тенг манфаатли асосдаги яқин ҳамкорликни йўлга қўя оладиган, ҳали у томон ҳали бу томонга оғиб кетмасдан ўзининг узоқни кўра биладиган аниқ нуқтаи-назари, позициясига эга бўлган ва керак бўлса кескин танқидларга-да тоқатли бўлиб, ундан тўғри, оқилона хулоса чиқариб, ишини ижобий натижа берадиган тарафга йўналтира оладиган инсон бўлишини истардим. Қолаверса, халқаро майдонда ўз обрў-эътибори билан ишончга сазовор бўлган шахснинг раҳбар бўлишини ва у раҳбар аввало ўз халқимизнинг ишончини тўла оқлай олишини жуда-жуда хоҳлардим. Чунки, бундай ишонч бўлмас экан, ривожланиш ҳам тараққиёт ҳам бўлмайди.

Fazliddin: Avvalo Assalomu alaykum! Mani savolim quyidagicha: Ukraina ortidan Rossiya sanksiyalar girdobida qoldi. Bu sanksiya öz navbatida muhojir yurtdoshlarimizni daromadini qariyb teng yarmiga kesib qöydi. G'arbning bu axmoqgarchiligidan aziyat chekkan bitta Rossiya bölib qolmadi. Ukraina ortidan Rossiya bosim utkazishni va harbiy, kuchlarini Avg'anistondan olib chiqib Ukrainaga joylashga AQShga zör imkoniyat yaratildi, Ayting-chi: sanksiyalar shu tahlit davom etsa urush böladimi? Yoki G’arb sanksiyalarni olib tashlagandan söng muhojir yurtdoshlarimiz qancha vaqt ichida ilgargi daromadiga ega böladi? Rossiya özini sanksiyalardan ozod bölgan holda qancha vaqtda öz holatini tiklab oladi? Hurmat bilan Fazliddin.

Нарзулло Охунжонов: Аввало, яхши ният қилайлик, Ҳеч қачон уруш бўлмасин. Илоҳим, шу даражага бориб етмасин. Санкцияларга келадиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам унинг оқибатлари жиддий бўлиши мумкин. Буни ҳозирнинг ўзида яққол кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу иқтисодий жазо чоралари нима учун жорий қилинганлигини жуда яхши биласиз. Шу боисдан ҳам бир томонни айблашдан тийилган маъқул. Хулоса қилишда шошма-шошарликка йўл қўйилмаслик лозим деб ҳисоблайман. Томонлар ўзаро келишиб бир битим-хулосага келишмас экан, ҳозирча бирор бир ўзгариш бўлишини кутиш қийин, албатта. Шу келишувлар бўлмагунича тайин бир нарсани айтиш мушкул. Шунинг учун кўп нарса, шу жумладан, муҳожирлар, айниқса, Марказий Оқиёдан борган инсонлар учун даромад масаласи томонларнинг тезроқ бир мақбул қарорга келишларига боғлиқ. Буни барча жуда яхши билиб турибди. Яна бир нарсани айтиш жоизки, қанчалик тез ижобий қарорга келинса, шунчалик тезроқ даромаднинг тикланишига туртки бўлиши шубҳасиздир.

Sodiq, Toshkent: Televidenieda siyosat bo'limida ishlagan ekansiz. Senzuraning asl strukturasi qanday? Kim qo'yadi uni? Siz o'zingiz nimalarni bera olmagansiz, ya'ni nimani gapirish mumkin, nima mumkin emas?

Нарзулло Охунжонов: Телевидениеда эмас, радиода сиёсат бўлимида ишлаганман. Радио бошқа бинода жойлашган. Иккаласи алоҳида-алоҳида. Менинг билганим шуки, жиддий сиёсий кўрсатувлар албатта, махсус гуруҳ томонидан тайёрланади. Ҳатто унга журналистлар умуман аралаштирилмаслиги ҳам мумкин. Тайёрланган кўрсатув олдин телевидениедаги тегишли кенгаш томонидан кўриб чиқилади ва яна бир-икки поғоналардан ўтиб сўнгра президент ҳузуридаги миллий хавфсизлик кенгашига берилади. Бу кенгаш кўриб бўлганидан сўнг эса талаб қиладиган бўлса президент ҳам кўриб чиқади. Шундан сўнг эфирга узатишга рухсат берилади. Радионинг “Ўзбекистон” каналида эса, бу каби кўрикдан ўтказадиган кенгаш йўқ. Фақат мукофотга тақдим этиладиган эшиттиришлар номига тузилган кенгаш томонидан унга тавсиянома берилиши мумкин. Агар ўта жиддий эшиттириш бўладиган бўлса, унинг хабарини топсалар, албатта уни тўхтатиб қолишга ҳаракат қиладилар. Масалан, мен 1998 йилда икки журналист – Ш.Мардиев ва П.Гадоев айнан ҳуқуқ-тартибот тизимидаги кирдикорларни фош қилганлиги ортидан қамалганлиги хусусида президентга берган саволим ва олган жавобимни эфирга бера олмаганман. Эшиттириш тайёр бўлгач, айни эфирга кетишига саноқли дақиқалар қолганида, бир “чопар” ҳаллослаб югурганча келиб, ушбу савол-жавобни эфирга бермаслик ҳақида “юқори”дан буйруқ бўлганлигини еткизган...

Шунингдек, “Ижро” номли муаллифлик эшиттиришимда қонунлар ижроси жойларда ўта суст бажарилаётганлиги хусусида жиддий танқидий фикрлар билдирилгач, мазкур дастурни эфирдан олиб ташлашди. Айнан “Алоқабанк”нинг Сурхондарё вилояти бўлимида вилоят прокуратурасининг умумий назорат бўлими томонидан текширувлар ўтказилганида миллиардлаб сўм маблағлар ўзлаштирилганлиги ҳақидаги қаллобликлар фош этилган. Худди шу гапларни эфирга берганимдан сўнг шахсан ЎзМТРК раиси А.Ходжаев бу эшиттиришни давом эттирмаслик ҳақида буйруқ берган. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, бу фактларни менга тақдим этган прокуратура ходими Шодмон Сафаров ҳам босим остида қолиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган... Чунки, телекоммуникация соҳасининг ҳаммаси “Алоқабанк” билан бевосита боғлиқдир.

Хуллас, радиодаги эшиттиришлар тақдири канал директорларининг савияси ёки “ички цензураси”га ҳам боғлиқ. Мисол учун “Ёшлар” каналида аксарият эшиттиришлар бир-икки ҳафта олдин тайёрланиб, махсус бадиий кенгашдан ўтказилиб, сўнг эфирга узатилади. Ҳар бир канал “арава”ни ўз билганича, кучи, ақли етганича судраяпти...

Алишер, Тошкент: Ассалому алайкум, Нарзулло ака. Мана бу парча сизнинг Фейсбукда эълон қилган "Мамлакатни ким бошқараяпти?" деб номланган мақолангиздан:“Бирор журналистни бадном қилиш учун унинг энг яқин ва энг ишонган дўстлари ”лой чаплаш” ролига танланиши ва ёлланишида ҳам гап бор.Агарки энг ишонган, энг яқин уч-тўрт нафар дўстинг сенинг қоқ кўксингга мушт туширса, лой чапласа, бошқалар тап тартмай тепа бошлайди, балчиқ чаплайди. “Биз бу одамни яхши инсон деб ўйлардик, аммо янглишибмиз. Энг яқин дўстлари ундан юз ўгиришди-ку, кўпчиликнинг олдида айбини айтиб ташлашди-ку, чунки улар бу одамни биздан кўра яхшироқ билишади-да, дўст бўлишган-да. Демак, у шунчалик ёмон одам эканки, энг яқин дўстлари ёппасига воз кечишди”, - дея осонгина хулоса чиқариб қўйишади. Қарабсанки, сен жамоадаги “энг ёмон” одамга айланасан-қоласан. “Жамоанинг фикри ва хулосаси” ниқоби остида “мазкур жамоада ишлашга нолойиқ” деган ҳукм ўқишади сенга. Шахсингга айтилаётган айбномалар ҳақиқатми ёки ғирт бўҳтондан иборатми, буни ҳеч ким сўраб ҳам, суриштириб ҳам ўтирмайди. Раҳбар “оқ” дедими, демак, “оқ”сан. Агар раҳбар “қора” деса, демак, “қора”сан. Бирор ходимнинг виждони оғриб, сени оқлашга уриниб кўрсин-чи, исми шарифи “қора рўйхат”нинг бошига хат қилинади ва кўп ўтмай сендан баттар қораланади, юзига асфальт чаплашади. Агар бундан баттари бўлмаса шукр қилсин...Энди айтинг, ким ўзига кўпнинг кўз ўнгида шармисор бўлиш, емаган сомсаси учун пул тўлаш, асоссиз айб учун маломатга дучор бўлиш, қилмаган жинояти учун қамоққа тушиш, жувонмарг бўлишдек даҳшатли қисматни раво кўради? Ҳеч ким! Ундан кўра кўпнинг қаторига ўтиб, нишонга олинган бир бечорага тош отиб кетиш – энг осон иш... Ана шундай қилиб, замон фитналарининг қиличи бошга келган пайтда дўстлигу садоқат, иймону инсоф, виждон, бир сўз билан айтганда, Оллоҳ махлуқотлар ичида энг азизу мукаррам қилиб қўйган инсонийлик аталмиш шарафли ном, юксак бир мақом буюк синовдан ўтказилади.”

Саволим эса бу: дўстлик, мардлик деган тушунчаларни йўқ қилиш, бир ходим иккинчисидан айғоқчи деб шубҳаланишини кучайтиришга хизмат қиладиган бундай муҳит фақат Телерадиокомпанияда шакллантирилганми ёки бошқа жойларда ҳамми?

Нарзулло Охунжонов: Аввало сизга ушбу серияли мақолалар билан танишиб бораётганлигингиз учун раҳмат! Қолаверса, ундан тегишли парчани келтириб, шундан келиб чиққан ҳолда савол йўллаганингиз учун сизга миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Бу каби нохуш ҳолат фақат Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидагина мавжуд эмас, албатта. Шундай умуммуҳитни, вазиятни яратиш , яъни ҳаммаёқни СНБлаштириш 2005 йилнинг май ойидан – Андижондаги қатлиомдан сўнг кенг ёйилгани ҳеч кимга сир эмас. Турфа “спектакллар саҳналаштириш”нинг ҳадисини олган одам ЎзМТРКга раҳбар бўлиб келганидан кейин бу ерда ҳам худди шундай муҳит пайдо бўлди. Фитналар, уйдирмалар, кўзбўямачиликлар авж олдирилди. Бундайин муҳитни нафақат компанияда, балки жуда кўпгина идора-ю ташкилотларда таркиб топтириш орқали бу иллат деярли бутун жамиятни қамраб олди, дейиш мумкин. Чунки, айнан шу 2005 йилдан бошлаб асосий ва энг муҳим бўлган идораларга махсус хизматдан чиққан ходимларни раҳбар лавозимига тайинлаш урфга айланди. Худди шу йилгача асосан ҳар бир корхона раҳбар ўринбосарининг бириси режим ва хавфсизлик бўйича тайинланарди. У пайтлар ўринбосар раҳбар билан ҳисоблашишга мажбур эди. Ҳозир эса тескариси... 2005 йилдан кейин раис ёки директорнинг ушбу масала бўйича ўринбосарларининг мақоми, янада юқори кўтарилиб, ваколати анча кенгайтирилди. Раҳматли бўлиб кетган ҳамкасб дўстимиз, охирати обод бўлсин, Шуҳрат Юсупов исм-шарифли йигит менга бу борада ўзини ҳайратлантирган баъзи тафсилотларни айтиб берганди. Уни Самарқанд вилояти бўйича телерадиокомпания директорининг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосари этиб, ўзи хоҳламаса-да қўярда-қўймай мажбурлашиб қўйишади. Шуҳратнинг ушбу лавозимга тайинланганлигини эълон қилиш билан боғлиқ бўлган мажлисда вилоят бўйича телерадиокомпания директори уни таништира туриб: “Ўртоқлар, бундан кейин мен ҳам (яъни ўзи директор бўлатуриб) Шуҳрат акага бўйсунаман. У кишининг чизиғидан чиқмайман, айтганлари айтган бўлади. Шуни билиб қўйинглар”, деган экан. Шуларни гапириб берар экан, Шуҳрат ушбу ҳолатдан жуда ҳам ҳижолат чекканлиги, ҳаттоки, ёши ва лавозимига кўра ҳам катта бўлган директордан бу каби гапларни эшитганлиги учун шу оннинг ўзида ишлагиси ҳам келмай қолганлигини таъкидлаганди. Шундан ҳам билса бўладики, “қулоқ”лар замони бошланганлигини директорнинг ўзи ҳам бу каби гаплари орқали билиб-билмай ошкор этиб қўйган.

Чиндан ҳам бугун шундай расво, хоинлик муҳитини яратиш орқали ОДАМИЙЛИК илдизлари қирқилаётган жамиятда абгор қилинмаган соҳа, тармоқ ёхуд бирор бир қатлам қолдимикин? Иқтисод, халқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, умуман, саноат ишлаб-чиқаришдаги парокандалик боис ишсизлар армиясининг пайдо бўлганлиги, миллионлаб юртдошларимиз сарсон-у саргардон бўлиб хорижга иш излаб кетаётганлиги инкор этиб бўлмас далилдир. Илму ижод соҳасида обрў-эътибори ерга урилмаган, қадри топталмаган бирор киши қолдими? Ҳаттоки, “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини олганлар орасида-чи?.. Олимни олимга, шоирни шоирга, ёзувчини ёзувчига хуллас, зиёлини зиёлига қарши қайратиб қўйиб, ҳукуматнинг, режимнинг ўзи томошабин бўлиб турганига нима дейсиз? Ваҳоланки, президент бир пайтлар эл орасида танилиб обрў орттирган шу шоир, ёзувчилар, олиму санъаткорлар мавқеидан етарлича фойдаланди. Уларга бирма-бир юқори лавозимларни бериб, жамиятдаги умумвазиятни тўла ўз назоратига олганидан сўнг улардан битта-битта “қутула” бошлади. Айниқса, зиёлиларнинг устига мағзава ағдарила бошланди. Улар ҳақида турли миш-мишлар тарқатилди. Бу ҳам иш бермаса уларни ер билан битта қилиш мумкин бўлган буюртма мақолалар матбуотда чоп эттирилди. Хусусан, журналистлар ва улар оиласининг бошига кўп кулфатлар ёғдирилди. Масалан, бир журналистга президент бир эмас, бир неча марта ўзининг қўлидаги ручкасини совға қилган. Унинг мақолаларини яхши кўриб ўқиб туришини айтиб мақтаган. Бу журналистнинг фоҳишахоналарни фош этувчи “Тунги капалаклар: маликами ё малаклар?” номли мақоласи газетада бир саҳифа бўлиб чиққанидан сўнг унинг аввалига кичик фарзанди, кейин эса ўзи ҳам сирли равишда вафот этди. Бунга биров эътибор қилди, биров эътибор қилмади. Шундан сўнг кўпчиликнинг дами ичига тушиб қолди. Яна бир журналистнинг бўйи етиб қолган қизи чавақланиб, бурда-бурда қилинганча целлофан халтага жойланиб, музлатгичда анча вақт сақлаб қўйилган... Бунинг айбдори сифатида эса оддий бир талаба йигит узоқ йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди... Бу даҳшатли воқеани эшитган киши борки, қалби ларзага келди. Қизнинг онаси ақлдан озиш даражасигача бориб етди. Ушбу фожиали ҳодиса шу журналист обрўли жойда ишлаб турган бир пайтда рўй берди. Яна қизиғи, гўё “юпатиш ёки ғамхўрлик кўрсатиш” учун журналистга бошқа бир лавозимни тортиқ қилишди-да, сўнг ўлганнинг устига тепгандай, ахийри унинг ўзини ҳам жиноий жавобгарликка тортишди. Чунки, бу журналист ҳукумат идораларида ишлаган эса-да, қўлидан келганча жамият тараққиётига тўсиқ ва ғов бўлаётган иллатларни турли йиғин ва мажлисларда очиқ-ойдин гапирган, фош қилиб ташлаган. Шу боис ҳам ундан ана шу тариқа даҳшатли “ўч” олиш амалиёти ишга солинган бўлса ажаб эмас... Бундан ташқари, яна бир таниқли журналистнинг жамоатчиликнинг диққатини ўзига тортадиган публицистик мақолалар билан чиқаётган, талантли, хорижий тилларни пухта биладиган маъсума қизи кутилмаганда, ўз-ўзидан оламдан ўтиб қолди. Бу воқеадан ҳам зиёлилар карахт ҳолга тушишди. Ўша куни еру осмон йиғлади гўё... Қолаверса, сиёсий шарҳловчи сифатида элга танилган, юқори лавозимда ишлаган яна бир журналистдан ўша юқори лавозимидан “ўз хоҳишига кўра” ишдан кетишни сўрашди. Босим ўтказилиб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб бермаганлиги учун унинг жуда ҳам зийрак, ўта билимли бўлган кенжа ўғли нишонга олинди. Бола ўқишдан уйга қайтар маҳали “қора маскали”лар уни йўлда тутиб, кўзларини боғлаб, узоқ жойга олиб қочишган, ҳафталаб қоронғу подвалларга ташлашиб, роса калтаклашган. Туппа-тузук, соғлом, отасининг кўп орзу-умидлари боғланган ўсмирга нафақат жисмоний зарар беришди, балки уни бир умрлик руҳий мажруҳга ҳам айлантириб қўйишди. Ҳозир у на ўқишга ва на бир ишга бора олади. Болани тутиб олиб кетишлар бир неча маротаба такрорланган. Ота аввалига лавозимидан кетмаётганлиги учунгина шундай ҳодиса рўй бераётганлигини билмаган. Унга илгари ҳам бировнинг орқасидан пойлаб, айғоқчилик қилиб юриш таклиф қилинганида виждон амри билан буни қатъиян рад этган. Сўнг бу “масъулиятли вазифа”ни бажаришга эса мамлакатга танилган икки шарҳловчи жон-жон деб кўнишган, рози бўлишган экан...

Булар – айнан мустақиллик йилларида, халқнинг шундоқ кўз ўнгида рўй берган, ҳеч бир исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатлар, аниқ фактлардир. Шахсан менинг ўзим роппа-роса ўн уч йил деганда кўрган илк фарзандимни қўлимдан тортиб олиб қўйишгани ва кенжа фарзандим туғилганида ҳатто ҳали бир ойга ҳам тўлмаган чақалоқнинг озиғини етказиб беришимга-да рухсат этишмай, мени атай уч-тўрт соатлаб сўроқ қилишгани ва “Фарзандинг кўзингга кўриниб қолдими яна? Ваҳоланки биз сени олдин ҳам огоҳлантирган эдик...” дея шаъма қилишганини, яъни МХХ ходимлари фарзандларим ҳаётига таҳдид солиш билан мени қўрқитмоқчи бўлганларини айтганимда, “Маломат қилмаяпсизми МХХ ходимларига?” дея дардимни маломатга йўйган ва мени ёлғончига чиқаришга уринган баъзи бировлар ушбу воқеаларни ўқиб-билиб, ўзлари хулоса чиқарадилар деган умиддаман.

Журналистларнинг турли туҳматлар уюштирилиб қамоққа ташланаётганликлари ҳақида бутун дунё билади-ку, ахир?...

Ҳақли савол туғилади: Нега бундай даҳшатли тажовузлар бирор ҳокимнинг, прокурорнинг, махфий хизмат ходими ёхуд судьянинг фарзандларига эмас, айнан журналистнинг, шоиру ёзувчининг ёхуд олимнинг фарзандларига нисбатан уюштирилаяпти?.. Нега айнан зиёлиларнинг фарзандлари қурбон қилинаётир?.. “От изини той ҳам боса олмаслиги” ёинки бу миллат орасидан етишиб чиққан ақлли инсонларнинг авлодлари, наслига барҳам бериш, халқни, миллатни бутунлай “ўлдириш”, муте қилиш, “зомби”га айлантириш учунми?... Нега?... Бу кимга ва кимларга керак?... Бундай “амалиётлар” юқорининг топшириғи асосида айнан шу тизим, яъни ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари томонидан амалга оширилаётганлиги бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Журналистлар – жамиятнинг санитарларидир. Уларнинг қўллари, қанотлари қайрилиб, овози бўғилгач, жамиятдаги “инфекция”лар, “вирус”лардан ким огоҳ этади? Доно халқимизнинг шундай нақли бор: “Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади”. Бу “инфекция” – иллатлар болалаб, бутун бошли жамиятнинг “заҳарланиши”, “хасталаниши”, алалоқибат, бугунгидай жар ёқасига келиб қолишига айнан ўтюрак, ҳақгўй, миллатпарвар журналистлар, зиёлиларнинг қаттиқ таъқибу тазйиқ остига олинганлиги, сўз эркинлигининг бўғилганлиги сабаб эмасми?...

Ассалому алайкум Нарзулла ака, сиз Ўзбекистонда туриб ҳам раҳбарларни танқид қила олармидингиз? Собиқ ҳамкасбларингиз Саодат ва Малоҳатларнинг тутган йўлини ёклайсизми, тўғри килишдими раҳбарларни танқид килиб? Нимага эришишди, кайтага ҳамма эришганларини йўқотишди, деган мазмундаги савол Низомиддин исмли мухлисимиз томонидан йўлланибди.

Нарзулло Охунжонов: Агар журналист истаса, ўзида бироз журъат топса танқид қила олади. Ҳа, мен Ўзбекистонда пайтимда, иш фаолиятим даврида раҳбарларни ҳам танқид қилганман. Мисол учун ер ва қурилишга доир қонунчиликнинг ижроси юзасидан ўтказган журналистик суриштирувим бўйича Фарғона вилояти Марғилон шаҳар ҳокими Илҳом Мамажоновнинг ёлғонларини фош қилиб ташлаганман. У киши менга бу борада ўзи раҳбарлик қилаётган шаҳарда ҳеч бир қонунга зид ишлар қилинмаганлиги ҳақида оғзини тўлдириб гапириб берганди. Афсуски, унинг бу гаплари қуруқ сафсаталардан иборат эканлигини, Марғилон шаҳар прокурорининг ёрдамчиси шаҳар бўйича ер ва ер ресурслари, архитектурага доир қонунчилик 37 маротаба шахсан шу ҳокимнинг ўзи тарафидан қўпол тарзда бузилганлиги ва уни бартараф этиш бўйича тақдимнома киритилганлигини гапириб берганди. Ушбу ҳақида маълумот “Ўзбекистон” радиосининг “Ижро” эшиттиришида эфирга берилган. Икки генерал - Ўткир Толипович Комилов ҳамда Собит Атхамович Алимбоевни ўзлари томонидан ташкил қилинган муҳим матбуот анжуманига ўзлари келмаганлиги ва бу билан анжуман иштирокчилари ҳамда ОАВ ходимларига ўта нописандлик билан қараганликларини танқид қилганимни юқорида айтиб ўтдим. Бундан ташқари Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси коррупция ва терроризмга қарши кураш бошқармасининг бошлиғи ҳамда унинг баъзи ходимларини, шунингдек, ўрни келганда турди идоралардаги турли даражадаги раҳбарларни танқид қилганман. Ва оддий халқ вакилларининг бу раҳбарларнинг ноҳақ қилмишлари хусусидаги гапларини ўз эшиттиришларимда берганман.

Энди М. Эшонқулова ҳамда С. Омоноваларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри иш қилганликларини аввало уларнинг ўзлари айтганликлари маъқул. Бироқ мен, уларнинг ўз ишларидан ноҳақ ва ноқонуний бўшатилганлигини хориж радиоларига берган интервьюларимда Ўзбекистонда, айнан ЎзМТРКда ишлаб турган бир пайтимда айтганман. Ва бунинг учун нафақат ишхонамдаги раҳбарларнинг таъқибу тазйиқига учраганман, балки хавфсизлик ходимлари томонидан жиддий огоҳлантирилиб, яхшигина дашном ҳам эшитганман. “Раҳбарларни танқид килиб нимага эришишди, кайтага ҳамма эришганларини йукотишди”, деган фикрингизга тўхталадиган бўлсак, тўғри, улар иш жойларидан айрилишди. Қирқ кишилик махсус гуруҳ томонидан ўртага олиниб, уларни обрўсизлантиришга қаттиқ уриниб кўрилди. Аммо раҳбарият уларнинг қаддини бука олгани йўқ. Қолаверса, жамоадошлар ҳам ўша мажлисда қўрққанларидан жим туришган бўлса-да, аммо Малоҳат ва Саодатнинг ҳақ эканлигига ич-ичидан иқрор бўлиб туришган. Бу икки ҳамкасбимиз аёл бошлари билан мардонавор туриб ЎзМТРКдаги коррупция ва бошқа иллатларга қарши бош кўтариб чиқар эканлар, нафақат ўз ҳақ-ҳуқуқлари, балки бутун жамоадагиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашаётганликларини ўзлари яхши билган ҳолда мустақил ва дадил қадам ташлай олдилар. Бунинг оқибати нима билан тугашидан қатъи назар, улар ўз виждонини сақлаб қола олганликларининг ўзи уларнинг энг катта ютуғидир!

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ