Истанбулдаги қотиллик бўйича пайдо бўлаётган тафсилотлар

Туркиянинг Истанбул шаҳри хавфсизлик хизмати чиқарган баёнотга кўра, асли ўзбекистонлик экани айтилган ва Абдуллоҳ Бухорий номи билан фаолият қилган имомнинг ўлдириб кетилишига оид иш синчковлик билан ўрганилмоқда.

Асли исми Мирзағолиб Ҳамидов бўлган 38 ёшли имом 10 декабр куни Истанбулнинг Зайтунбурни мавзеида отиб кетилганди. У 8 йилдан бери Туркияда яшаб келган.

Ҳозирда Туркия матбуотининг ёзишича, қотиллик рўйхатида имом билан бирга ўлдирилиши керак бўлган бошқа инсонлар киритилгани борасида ҳам маълумотлар ўртага чиқмоқда.

Истанбулдан Би-би-си Турк Хизмати мухбири Ренгин Арслон тафсилотларни ўрганишга уринган.

Истанбул шаҳри хавфсизлик директорати чиқарган баёнотга кўра, ушбу жиноят бўйича текширув иши бошланган ва ҳодиса юз берган ҳудуд синчиковлик билан ўрганилмоқда. Маълум қилинишича, ҳудудда ўрнатилган кузатув камераларига тушган тасвирлар бирма-бир текширилмоқда.

Полицияга кўра, исмлари З ва М ҳарфлари билан бошланувчи 3 нафар хорижий давлат фуқароси жиноятга алоқадорлик гумони билан ҳибсга олинган.

Полиция баёнотида айтилишича, учинчи гумондор ҳам ҳибс остида эканини билдирар экан, унинг ҳам номини тўлиқ келтирмайди ва исми шарифи С ҳарфи билан бошланиши айтади.

Полицияга кўра, тергов жараёни Миллий Жосуслик Хизмати билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Баёнотда қўлга олинганларнинг исмлари тўлиқ берилмаган бўлса-да, Туркия матбуоти уларни Зелимхон Махтиев, Элдар Аслан ва Собир Шукуров деб бермоқда.

Туркия матбуотининг хабар беришича, Ўзбекистон Жосуслик Хизмати бундан уч ой аввал Россиядаги ҳамкасблари ёрдамида ўлдирилиши лозим бўлган шахслар рўйхатини тузиб чиққан.

Туркия ҳукуматига яқин газета Yeni Shafakнинг ёзишича, бу рўйхатда ўлдирилган Абдуллоҳ Бухорий билан бирга Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ, унинг ўғли Темур Солиҳ ва қирғизистонлик имом Рашод қори Камоловларнинг ҳам исмлари битилган.

Муҳаммад Солиҳ: "Таҳлика борлиги ҳақида 3 ой олдин билганмиз"

Ўзбекистонлик имомнинг ўлдирилиши ва суиқасд уюштирилиши режаланган одамлар рўйхати бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ атрофида хавфсизлик кучайтирилган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Муҳаммад Солиҳга боғланиб, унинг ўзида қандай маълумотлар борлиги ҳақида сўради.

"Менинг қўлимга ҳеч нарса келиб тушгани йўқ. Лекин, Yeni Shafak мухбири биз билан суҳбат қилишдан олдин ўзида шундай ҳужжутлар борлигини айтган ва расмларини кўрсатганди. Аммо, биз мана шунақа рўйхат борлиги ҳақида 3 ой олдин хабар олган эдик. Маҳаллий полиция эҳтиёт бўлиб юришимиз ва шундай бир таҳлика борлиги ҳақида огоҳлантирганди", дейди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002