'Жаҳон Банки Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга ҳисса қўшмасин'

"Жаҳон Банки Назорат Ҳайъати банк лойиҳалари Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат ҳолларига ҳисса қўшмоқдами йўқлигини текшириб кўриши керак", деб айтган "Пахта кампанияси" (Cotton Campaign) ташкилоти.

"Пахта кампанияси" инсон ҳуқуқлари, меҳнат, сармоя ва бизнес гуруҳлари коалициясидир. Мазкур гуруҳлар Ўзбекистондаги пахта саноатида мажбурий меҳнатга барҳам беришга бел боғлаган.

Ўтган ноябр ойи мустақил ўзбек гуруҳлари ҳам банкнинг Назорат Ҳайъатига худди шу мазмунда мактуб йўллашганди.

Назорат Ҳайъати банкнинг мавжуд лойиҳалари Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат тизимини дастаклаяпти йўқлиги хусусида эртага - 19 декабр куни қарор бериши кутилади. Маълумки, Ўзбек ҳукумати ҳар йили миллиондан ортиқ фуқаросини пахта йиғим-теримига мажбуран сафарбар қилгани учун танқид қилинади.

"Жаҳон Банки ўз фаолияти давомида мажбурий меҳнат ё-да, инсон ҳақларини топташ билан боғлиқ бошқа ҳолатларга ҳисса қўшмаслик бурчига эга", дейди Инсон ҳақлари бўйича ўзбек-олмон форуми директори Умида Ниёзова.

Ўзбек гуруҳлари бу ҳақда 2013 йил шикоят билан чиқишганди.

Бироқ, ҳайъат бу масалада текширув олиб бориш бўйича қарорини бир йилдан бери кечиктирган.

Худди шу муносабат билан инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳам матбуотга ўтган йил давомида Жаҳон Банки Ўзбекистондаги меҳнат меъёрларига диққат қаратиш масаласида жуда оз ҳаракат қилгани ҳақида билдирган.

Яъни, Жаҳон Банки мажбурий меҳнатни келтириб чиқарувчи муаммоларни ҳал этиш йўлида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳам ҳамкорлик қилмаган.

Ташкилотнинг ёзишича, банк лойиҳа даражасидаги меъёрларга суяниб иш тутган. Норозилик билдириб чиқаётган ўзбек гуруҳларига кўра, бундай чоралар ҳукуматнинг марказлашган мажбурий меҳнат тизимини молиялашни тўхтатишга хизмат қилмайди.

Халқаро босимлар ортидан 2014 йил ҳукумат пахта майдонларига ҳайдаладиган 16 ёшдан кичик болалар сонини камайтирган бўлса-да, ўсмирлар ва катта ёшдаги хизматчиларни пахта теримига сафарбарлигини кучайтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002