‘Озодбек Назарбековга ўхшагим келади’

Фото муаллифлик ҳуқуқи fb

Бу каби истакдаги инсон ким бўлди экан, десангиз, қўшни афғонистонлик ёш юлдуз ўзбек хонандаси Сухроб Элёр.

Сухроб ўзбекистонлик каттаю кичик қўшиқ аҳлининг ижодини яқиндан кузатиб бориши, уларнинг орасидан, айниқса, таниқли хонанда Озодбек Назарбековнинг санъатига тан беришини айтади.

“Мен айнан Озодбек Назарбеков билан ижодий ҳамкорлик қилишга қизиқаман. Ижодларини кўраман. Чунки у киши одамларнинг юрагидан жой оладиган ашулаларни куйлайдилар ва Ўзбекистон халқи ҳам уларни жудаям севади. Қўшиқчи сифатида у кишининг ҳамма жиҳати менга ёқади. Уларнинг яхши овози бор. Самимий қўшиқлари билан ўзбек халқининг кўнглини забт этган. Мен ҳам шундай бўлишга ҳаракат қилмоқчиман. Озодбек Назарбековдек бўлсам, деб орзу-ҳавас қиламан. Яхши куйлашдан ташқари, у кишининг танлаган шеърлари ҳам сермаъно. Шунинг учун ҳам, мен уларга қизиқаман-да”, - дейди Сухроб Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Сухроб қўшни Афғонистонда ўтган йили ўтказилган “Афғон юлдузи” танлови ортидан тилга тушган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

У минглаб иштирокчилар орасидан фақат соф ўзбекча қўшиқлари билан танловнинг финал босқичига чиқолган ягона қўшиқчи бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fb

Айнан ана шу танловдаги иштироки билан Сухроб ўз она юрти Афғонистон қолиб, дунё бўйлаб сочилиб кетган кўплаб ватандошларининг кўнгилларидан ҳам жой топган.

Агар, сўзларига таянилса, Сухроб болаликдан санъатга ошуфта бир муҳитда вояга етади. Афғонистонлик таниқли ўзбек хонандаси бўлган тоғаси Хайр Муҳаммад Човушнинг таъсири остида қўшиқ оламига қадам қўяди.

Ўзининг айтишича, мумтоз мусиқа ва қўшиқчилик сир-синоатларидан илк профессионал сабоғини Сухроб Ўзбекистонда олади.

У ўтган йили ўнга яқин афғон ёшлари билан қарийб бир йилча Термизда бўлиб, ўзбекистонлик устодларининг кўмагида ўз малакасини оширади.

Вақтнинг қисқа эканига қарамай, ашулачилик қаторида созандалик сирларидан ҳам имкон қадар бохабар бўлишга интилади: Қашқар рубобидан тортиб, доираю фортепианога ҳам қўли анча келишиб қолади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fb

Сухроб Элёр яқинда ўзининг "Ойхоним" ашуласига ишланган илк мусиқий клипини ҳам Ўзбекистонда, пойтахт Тошкентда олади.

Унинг айтишича, уйидаги катталарнинг таъсирида Ўзбекистонга бўлган ҳавас, қизиқиш унда болаликдан пайдо бўлган.

“Ўзбекистон билан Афғонистон жудаям яқин ҳамсоя. Шу боисми, болаликдан Ўзбекистонга ниҳоятда қизиққанман. Дадаларимиз, уйдаги бошқа катталар бизга Ўзбекистонни роса мақташарди, таъриф қилишарди. Ўзбекистон бизнинг яқин ҳамсоямиз, бир қадам йўл, ўртада фақат битта чегара бор, Амир Тимур, Мирзо Улуғбекдек боболаримиз бўлган, деб айтишарди. Улар ҳақидаги китобларни ҳам кўп ўқиганмиз. Шу боисми, буюк боболаримиз ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун Ўзбекистонга бориш ва тарихий жойларини кўришга жуда қизиққанман”, - дейди Сухроб.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fb

Суҳбатдошимизга кўра, илк мусиқий клипи устида иш бошлашни режаларкан, болалигидаги ана шу истак ва ҳавас уни айнан Ўзбекистонга етаклаган.

“Минтақадаги бошқа давлатлар билан солиштирганда, Ўзбекистонда мусиқа учун яхши шарт-шароит яратилган. Устига устак, ўзимиз ҳам афғонистонлик ўзбекмиз. Санъат, маданият ва анъаналаримиз бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Шунинг учун ҳам, “Ойхоним” қўшиғимнинг аранжировкасини ҳам Ўзбекистонда қилсам, клипини ҳам тарихий жойларида миллий либослар ва миллий рақслар ҳамоҳанглигида олсам, деб ният қилгандим”, - дейди у.

Суҳбатдошимиз орада Ўзбекистоннинг қатор шаҳар ва вилоятларида бўлишга улгургани, аммо ўзига энг кўп Тошкент ёққанини айтади.

Аммо, унга кўра, қадим Бухора ва Андижон ҳам ўзини лол қилма қўймаган ва вақти келиб, у ерларда ҳам клип олишни кўнглига тугиб қўйган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fb

Сухроб ҳозир каттаю кичик давраларда асосан таниқли хонанда тоғасининг қўшиқларини куйлаб келмоқда. Аммо, вақти келиб, ўз қўшиқларини ҳам яратиш истаги ва ҳаракатида.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, ўз ашулалари билан Афғонистон ичкарисида бўладими ёки ташқарисида, ёшу кекса мухлисларининг кўнглини бирдек забт этсам, дейди.

Сухробнинг айтишича, агар маънавий ва молиявий қўллаб-қувватлов бўлса, бундан кейин ҳам ўзининг концертлари ва янгидан янги клиплари билан уларни шод этишда давом этади.

Аммо ёш юлдуз хонанданинг санъат оламида эришаётган озми-кўпми ютуқлари Афғонистонда куй ва қўшиққа буткул қарши бўлган Толибон ҳаракати қайта фаоллашишга муваффақ бўлаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Сухробнинг айтишича, ўз она Ватанидаги мавжуд вазият ўзини қўрқитмай қўймаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fb

Лекин, шунда ҳам, суҳбатдошимизга кўра, мусиқа оламига қадам қўйгандан сўнг, буларнинг барчасини босиб ўтиб, ижод қилишда давом этиш энг мақбул йўл, деган фикрда.

Сухробнинг суҳбатимиз якунида билдирган энг эзгу тилаги ҳам Афғонистонда урушлар тиниб, ватандошларининг, халқининг бундан кейин тинч-ором яшаши ҳақида бўлди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ