ОХҲТ: "Ўзбекистондаги сайловлар ҳақиқий рақобатсиз ўтди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистондаги парламент сайловларини кузатган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига кўра, сайловлар яхши ташкил қилинди, аммо ҳақиқий рақобат ва баҳсларсиз ўтди.

21 декабр куни бўлиб ўтган сайловларни кузатиш учун ОХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси чекланган сонли кузатувчилари сонини йўллаганди.

"Сайловчиларга ҳақиқий сайлов танловини бериш учун кўпроқ қадамлар қўйилиши керак", - дейилади ОХҲТ кузатувчилари раҳбари Даан Эвертс баёнотида.

Кузатувчиларга кўра, овоз бериш жараёни тартибли равишда ўтган, бироқ бировнинг номидан овоз бериш ҳоллари кўп учраган.

ОХҲТ кузатувчилари чиқарган баёнотда айтилишича, сайловда ўз номзодларини илгари сурган тўртта партия бир-бири билан рақобат қилишдан кўра, "бир-бирини тўлдиради", холос.

Кузатувчилар хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг қанчаси овоз бериш жараёнига жалб этилгани ноаниқ бўлиб қолаётганини билдирди.

Айни дамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги томонидан тайинланган кузатувчилар гуруҳи ўзбек парламент сайловларини очиқ ва эркин ҳолда ўтганини айтган.

МДҲнинг саккизта аъзо давлатларидан келган 76 кузатувчи чиқарган баёнотда Ўзбекистондаги парламент сайловларидан аввал сиёсий партиялар ва кузатувчилар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилгани айтилади, бироқ сиёсий рақобат ёки унинг йўқлиги ҳақида сўз юритилмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002