"Норвегиядан қайтган меҳнат муҳожирлари қийноқларга солинган"

Ўзбекистон Мустақил Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш алянсига кўра, Норвегияда ишлаб қайтган меҳнат муҳожирлари турли айбловлар билан ҳибсга олиниб, қийноқларга тутилмоқда.

Тошкентлик фуқаро Насиба Илҳомованинг алянс матбуот хизматига билдиришича, унинг 1977 йилда туғилган ўғли Шуҳрат Илҳомов икки йил Норвегияда меҳнат муҳожири бўлиб, 2014 йил 7 мартда Ўзбекистонга қайтган.

2014 йил 2 июнда эса ҳибсга олиниб, Ички Ишлар вазирлиги ертўласига ташланган.

Алянснинг Насиба Илҳомовага иқтибосан келтиришича, ИИВ терговчиси Шуҳрат Илҳомов қатори Норвегияда меҳнат қилиб қайтган яна бир неча кишига нисбатан тақиқланган ташкилотлар тузиш ва Конституцион тузумга таҳдид қилиш моддалари бўйича жиноий иш очган.

Суриштирув жараёни давомида ҳибсдагиларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани хабар қилинади баёнотда. Уларнинг ҳаммасига Норвегияда интернет орқали диний мазмундаги видеолар кўриш ва диний уламоларнинг маърузаларини тинглаганликда айбланганлар.

2014 йил октябрда Тошкент вилоят жиноят ишлари маҳкамасида улар устидан жараён бошланган.

Судланувчилар Шуҳрат Илҳомов, Даврон Раҳмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Аҳмаджон Холиқов олти кун давомида ўзларини қийноққа солинганларини гапириб, исбот сифатида қийноқ изларини ҳам кўрсатганлар. Уларнинг сўзларига қараганда, қийноқлар оқибатида судланувчилардан бирининг тили йиртилиб кетган.

Улар терговчи томонидан айбловларни тан олишга мажбур қилинганлари, ўзларига уйқу берилмаганини гапирганлар.

Бироқ прокурор судланувчиларнинг айтганларини эътиборсиз қолдирган. Маҳкама жараёни давлат телевидениеси орқали намойиш этилган.

Бундан ташқари адвокат томонидан қийноқлар ҳақида ташқарига хабар бермасликлари учун судланувчиларнинг қариндошлари қўрқитилгани айтилади.

2014 йилнинг 24 декабрида маҳкама жараёни давом этган. Ҳакам уларни айбдор деб топса, ҳар бири 10 йилдан кам бўлмаган қамоқ муддатларига юз тутишлари мумкин.

Image caption Бундан олдин Ўзбекистон телевидениеси Норвегияда ишлаган бесоқолбозликда айбланган меҳнат муҳожирлари ҳақида кўрсатув тайёрлаган.

Алянс баёнотида айтилишича, меҳнат муҳожирлигида бўлиб юртига келган ўзбекистонликлар гўё бошқа давлатда жиноят содир этганлиги учун судланиши тез-тез кузатилади.

Мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш алянси Норвегия ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ташкилотларни қийноқ ва адолатсиз маҳкама қурбонлари бўлаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳимоясига бефарқ бўлмасликка чақиради.

Ҳуқуқ фаолларининг мурожаатларидан сўнг Норвегия ҳукумати депортация қилиниши кутилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини чиқариб юборишни тўхтатган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ