Ўзбекистонда “муҳожир - мужоҳидлар”ни қамаш давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи navoi.biz
Image caption Навоийда қамалганлар айбларига иқрор бўлишмаган

Навоий вилоят маҳкамаси “Ислом жиҳоди иттиҳоди” аталмиш гуруҳнинг икки аъзосини узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарномага кўра, маҳкама Амриддин Ашрафов ва Мададжон Халимовларни етти йиллик қамоқ жазосига лойиқ топган.

Икковлон “ноқонуний экстремистик гуруҳлар”ни барпо этиш ва бу каби гуруҳларда иштирок этишда айбланганлар.

Амриддин Ашрафов ва Мададжон Халимов ўзларига қўйилган айбларни рад этишган.

Улар “Ислом жиҳоди иттиҳоди” ташкилоти ҳақида тасаввурга эга эмасликлари, ўзлари намозхон бўлмаганларини ҳам айтишган.

"Қама-қама"нинг янги усуллари

Кеча Тошкент вилояти маҳкамасида муқаддам Норвегияда муҳожир бўлган олти ўзбекистонлик 13 йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар.

Судланувчилар Шуҳрат Илҳомов, Даврон Раҳмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Аҳмаджон Холиқов олти кун давомида ўзларини қийноққа солинганларини гапириб, исбот сифатида қийноқ изларини ҳам кўрсатганлар. Уларнинг сўзларига қараганда, қийноқлар оқибатида судланувчилардан бирининг тили йиртилиб кетган.

Бироқ прокурор судланувчиларнинг айтганларини эътиборсиз қолдирган. Маҳкама жараёни давлат телевидениеси орқали намойиш этилган.

Бундан ташқари адвокат томонидан қийноқлар ҳақида ташқарига хабар бермасликлари учун судланувчиларнинг қариндошлари қўрқитилгани айтилади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, ҳуқуқ-тартибот органларининг "қама-қама"ларда қўллайдиган усуллари ҳам ўзгариб бормоқда.

"Авваллари наркотиклар, ўқлар ва варақалар ташлаб қўйишарди...Эндиликда варақалар бемаъни бўлиб қолди, чунки интернетда ҳамма нарса бор. Ҳозир шу чет элга чиқиб кетаётганларни қўрқитишади, бошқаларга ўрнак бўлсин дейишади. Аммо бошқа тарафдан ўзбекистонликлар орасида Сурия ва бошқа минтақаларда жангариларга қўшилиб кетаётганлар талайгина ва бундан ҳукумат жиддий хавотирга тушган", дейди ҳуқуқ фаоли.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, сўнгги вақтлар меҳнат муҳожирлигида бўлиб юртига келган ўзбекистонликлар гўё бошқа давлатда жиноят содир этганлиги учун судланиши тез-тез кузатилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ