"Ўзбек газеталари дунёга чиқмоқда"

Ўзбекистон Ҳаво Йўлларининг сайъи ҳаракатлари билан Ўзбекистонда нашр этилаётган газеталар дунёни кезмоқда. Қандай борса шундай қайтиб келмоқда.

Йўловчилар уларга ҳатто қиё ҳам боқишмайди.

Шундай бўлсада, газеталарнинг бозори киоскларда унчалик чаққон бўлмаса ҳам, мева-сабзавот улгуржи бозорида анча чаққон.

Макалатура қабул қилиш жойларида унинг килосига 500-600 сўм берилса, улгуржи бозорда унинг килоси 1500 сўмни ташкил этади. Сабаби, газеталар мева ва сабзавотларни ўраш учун қўл келади ва уларни сақланиш муддатини узайтиради. Маҳсулотни чет элга эсон-омон етиб олишини таъминлайди.

Шунинг учун 2015 йил ўзбек газеталарининг келажаги порлоқ деб баралла айтса ҳам бўлаверади. Бунга хеч қандай шубҳа йўқ. Чунки янги йилдан Россияга мева ва сабзавот экспортини янада ошириш ҳақида келишув имзоланган. Бу ўз ўрнида упаковка материалларига эҳтиёжни оширади.

Янги йил келиб яна обуна кампанияси долзарб мавзу бўлади.

Мажбурий обуна қурбонлари ҳам унчалик қайғуришмаса ҳам бўлаверади. Газеталар ўқишга арзимаса ҳам, уларни бошқа яхши мақсадларда ишлатиш мумкин…Тағин нотўғри тушунманг… Сиз қушлар узумни чўқилаб кетмаслиги учун, кўчатларни ўрашда ёки уйда бўёқ ишларини қилганингизда газеталарнинг асл қадрига етасиз. Зар қадрини заргар билади деганларидек..., газеталаримизнинг қадрини бозордаги пистачи холалардан сўранг. Агарда ўша газетадан қилинган ўрама қоғоз бўлмаса, писта савдоси умуман касодга учрайди.

Ҳурмат билан газетхон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002