Янги йилдан бошлаб Россияга кимлар бора олади?

Россия матбуоти хабар беришича, 2015 йил январидан бошлаб Россияга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар фуқароларининг хорижий пасспортсиз келишлари тақиқланади.

Бундан Ягона Иқтисодий Ҳудуд ва Божхона Иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари истисно, шунингдек, бу иттифоқларга аъзолик арафасида турган Қирғизистон фуқароларига ҳам ҳозирча бу талаб таалуқли эмас.

Лекин Россияда ишлайдиган миллионлаб Ўзбекистон фуқароларига янги тартиб нимани англатади?

Бу ва бошқа саволлар билан Би-би-си Москвадаги "Муҳожирлик ва қонун" маркази экспети Юлдуз Аминовага берди.

Юлдуз Аминова: Аввал бу қарорнинг тарихига тўхталмоқчиман. Қарор лойиҳаси икки йил олдин Дума муҳокамасига қўйилганди. Ўшанда асосий муаммо хорижий пасспорт тизими бўлмаган Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари масаласини қандай ҳал қилиш кераклигига қаратилганди. Ўзбекистон фуқароларига келсак, янглишмасам, 1996 йилдан бери у ерда ҳам хориж пасспорти бекор қилинган, фақатгина дипломатик пасспортлар бор. Хорижга чиқиш учун эса, маълумки, Ўзбекистон фуқароларига "чиқиш визаси" тамғасини пасспортларига босишлари керак бўлади. Энди эса, 1 январдан киритилган қонунга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларидан Россияга келиш учун ҳам худди шундай - хорижга чиқиш рухсатини берувчи "чиқиш визаси" стикерига эга бўлиш тақозо этилади.

Би-би-си: "Чиқиш визаси" стикерини олиш Ўзбекистонда анчайин вақт талаб қиладиган мушкул жараён, бу эндиликда Ўзбекистон фуқароси учун Россияга ҳар қандай мақсадда бориш қийинроқ бўлишини англатадими?

Юлдуз Аминова: Ҳа албатта, анчайин қийин бўлишини англатади. Лекин, бу улар учун ягона муаммо эмас. Асосий муаммо бошқа нарсада. У ҳам бўлса, январ ойидан бошлаб, Россияга келиб ишлашни истаган хориж фуқаролари янги турдаги патент олишлари кераклигидир. Москва, Санкт-Петербург ва Россиянинг баъзи асосий минтақалари учун бу патентнинг ойлик баҳоси тўрт минг рубл. Бу патентни расмийлаштириш учун эса қўшимча уч турдаги имтиҳондан ўтиш керак. Ҳар бир имтиҳондан ўтишнинг ўзи учун эса беш минг рублдан тўлаш керак. Бу қонунчилик, рус тили ва Россия тарихи имтиҳонларидир. Уларни билган ҳолда, билмаган шахс учун эса имтиҳондан ўтиш учун пора бериш каби эҳтимол ҳам бор. Бундан ташқари тиббий суғурта ҳам талаб қилинади. Суғуртанинг энг арзон пакети 10 минг рубл. Бундан ташқари турар-жой контракти. Хуллас бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, Россияга келиб ишга жойлашиш учун ҳар бир киши камида 75 минг рубл сарфлаши крак бўлади.

Би-би-си:Сизнинг айтаётганларингиз асосида эндиликда ўртаҳол Ўзбекистон фуқароси учун Россияга келиб аввал бўлганидек ишлай бошлаш деярли имконсиз бўлиб қолмоқда, шундайми? Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, яқин орада меҳнат муҳожирларининг сони кескин тушиб кетишини кутиш мумкинми?

Юлдуз Аминова: Фикримча, бир томондан муҳожирлар сони камаяди. Лекин бошқа томондан ноқонуний асосда ишлаб юрган муҳожирлар сони ортиб кетади. Ҳозирнинг ўзидаёқ ноқонунуий ишлаб юрганлари учун кета олмаётган, яъни кетсалар қайтиб кела олмасликларидан қўрққан кўплаб муҳожирлар бор Россияда. Фикримча, уларнинг сони ҳозирда миллионлаб. Уларни эса бундан фойдаланиб қулларча ишлатмоқдалар. Ҳуқуқ фаоли сифатида бу каби муаммоларга ҳар куни рўбарў бўламан.