Би-би-си меҳмони - таниқли рассом Канат Ибрагимов билан суҳбат

Канат Ибрагимов ўзини эркин ижодкор деб атайди.

Айримлар эса уни радикал рассом деб ҳисоблашади.

Канат Ибрагимов Қозоқ ҳукуматининг Жанаўзен зўравонликларига боғлиқ сиёсатини мамлакат ичкарисида ошкора танқид қилиб чиққан икки зиёлидан бири бўлган.

У Қозоқ банки БТАнинг «Алем Арт» жамғармасидан ҳомийлик маблағини қайтариб бериш талабига норозилик сифатида «эротик протест» уюштирган, омма қаршисида ўзининг калта иштонини ечиб, «пулга муҳтож банк уни сотиб маблағини ўзига олсин», деб айтган.

Канат Ибрагимов 2014 йил бошида Қозоғистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтади.

2014 йил сентябрида Варшава шаҳрида бўлиб ўтган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг анжумани доирасида «Замонавий Ўзбекистоннинг портрет галереяси» ташкил этилди, бу портретлар мустабидлар ва қурбонлар суратлари деб номланди.

Портретлар муаллифи Канат Ибрагимов шу тарзда қўшни Ўзбекистондаги сиёсий таъқиблар қурбонларини қўллаб-қувватлашга қарор қилган.

Би-би-си меҳмони Канат Ибрагимов билан суҳбат

Би-би-си: Канат оға, сизни аксар ўзбекистонликлар Ўзбекистон сиёсий раҳбарлари ва сиёсий маҳкумларининг портретларини чизганингиздан кейин кўпроқ танишди. Сиз қандай қилиб Ўзбек сиёсий тутқунлари портретларини чизишга қарор қилдингиз?

Канат Ибрагимов: Авваламбор, мен рассомман. Ва мен фақат Ўзбек сиёсий маҳкумларининг портретларини чизмайман, мен бизнинг постсовет мамлакатларимиз, айниқса, Марказий Осиё мамлакатларимиздаги сиёсий жараёнлар билан боғлиқ барча долзарб мавзуларда ижод қиламан. Мен рассом сифатида ҳар қандай ўткир, долзарб муаммоларни юрак-юрагимдан ҳис қиламан ва мен рассом сифатида бу муаммоларга бефарқ қараб ўтиришни ҳазм қилолмайман. Мен қандайдир абстракт фил суяги минорасини чизишдан кўра қизғин воқеаларнинг ичида, марказида бўлишни афзал кўраман. Албатта, бир маърифатли инсон сифатида мен ўзимизнинг мамлакатларимиз - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги ҳодисаларни мунтазам кузатиб бораман. Бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлган Андижон ҳодисалари, бизнинг Қозоғистонимиздаги Жанаўзен ҳодисаларидан хабардор бўлиб юрагим қонга тўлди. Табиийки, бундай ҳодисаларга мен бефарқ қараб туролмайман, хотиржам бўла олмайман. Қачонки, эркин демократик жамиятнинг илк куртаклари шафқатсизлик билан пайҳон этилаётганини кўрсам, қатағон қилинаётганининг гувоҳи бўлсам, мустабидлар эркинликни, эркин ижодни бўғаётганларини кўриб туриб жим тура олмайман. Шунинг учун Ўзбек сиёсий тутқунлари ҳамда Марказий Осиёнинг жирканч диктаторлари мавзуси мендек рассом инсон учун бир топилма. Шунинг учун мен бундан кейин ҳам бундай долзарб мавзуларга қўл уравераман. Озодлик ва демократия учун курашаётган инсонларни қўллаб-қуватлаш - менинг фуқаролик бурчим, гуманист рассомнинг бурчи.

Моҳира Ортиқова: Сиз қозоғистонлик экансиз. Ватанингиздан чиқиб кетишга мажбур бўлган экансиз. Нима учун Ўзбек диктатурасига қарши курашаяпсиз?

Канат Ибрагимов: Чунки ҳам Назарбоев ва ҳам Ислом Каримов ва ҳам собиқ Шўро колониялари вайроналари ўрнида пайдо бўлган бошқа Марказий Осиё мустабидлари ўзларидан бир хил бадбўй ҳид таратмоқдалар. Уларнинг ҳаммалари ўз халқларини айни усуллар билан бўғмоқдалар. Марказий Осиёнинг бу диктатуралари, қўланса ҳидли, қароқчи режимлари халқларимизни ўрта асрларнинг қаърига улоқтирмоқдалар. Сиз яхши биласиз, Марказий Осиёмиз бир замонлар дунёга тамаддунлар бешиги, тафаккур бешиги бўлиб хизмат қилган. Насимий, Фаробий, Низомий ва Улуғбекдек мутафаккирларни бизнинг халқларимиз етиштириб берган эдилар. Бундан ташқари, коммунистик инқилоблар бошланган йилларда ўша режимларга қарши ўз озодлиги, ўз халқининг ҳуррияти учун курашган инсонлар бизнинг халқларимиз ичидан чиққан эдилар. Қозоғистонда, Ўзбекистонда қаршилик ҳаракатлари юзага келган. Уларга "босмачилар" деб тамға қўйишган. Ўшанда бошланган курашлар ҳали ҳам ниҳоясига етгани йўқ. Қозоғистон, Ўзбекистонни эркин, мустақил мамлакатлар бўлдилар, дейиш хато. Биз ҳозир ҳокимият тепасига тасодифан келиб қолган таъқибкорларнинг, ўғриларнинг ҳукмронлигини кўриб турибмиз. Улар ҳокимиятда қолиш учун, ана шу йўлдаги мақсадларига эришиш учун ҳеч қандай усулдан ҳазар қилмайдилар. Шунинг учун улар ўз халқларини ўлдирмоқдалар ва бундан кейин ҳам ўлдирадилар. Шунинг учун ташқи босқинчилик сиёсатини юритаётган ва бутун дунёда терроризмни қўллаб-қувватлаётган Путин Россиясида бўлаётган сўнгги ҳодисалар бизнинг мамлакатларимиз учун бир ўрнак. Шунинг учун мен бу ҳодисалардан четда туролмайман. Қозоғистондаги вазият эса бевосита менинг ўзимнинг ҳаётимга таъсир қилди. Мен камера дегани нима, изолятор дегани нима, адолатсиз маҳкама ва орқангдан тинимсиз айғоқчи кузатиши нима эканлигини ўз танамда синаб кўрдим, ўз бошимдан ўтказдим.

Би-би-си: Ҳар бир портретни чизишда нега айнан мана шундай ёндашув билан ёндашиш тўғри деган фикрга келдингиз?

Канат Ибрагимов: Шуни айтишим керакки, мен ҳам социалистик реализмнинг 10 йиллик мактабини ўтаганман. Биз ҳаммамиз яхши эслаймиз, собиқ Шўро республикаларида коммунистлар доҳийси Ленинни, компартия раҳбари Брежнев портретини чизишда реализмга асосланилар эди. Бу нарса яхшими ёки ёмонми, билмадим, лекин собиқ Шўро мамлакатларида портретни яхши чизишади. Ғарбдаги ҳозирги замонавий рассомларда бу нарса кам, улар видео арт, бошқа ғоясини ифода қилиш усулларига ўтиб кетишди. Шунинг учун ҳам ўзининг касбини яхши биладиган инсонларга қўлланадиган жумлани менга ҳам қўллаш мумкин: қўлим келишиб қолган портрет чизишга. Портретлар ҳар хил характердаги портретлар бўлди. Мен ўзбекистонлик сиёсий тутқунларнинг портретларини чизишдан олдин уларнинг фотосуратларини Интернетдан изладим. Айрим сиёсий маҳкумларнинг фотосуратлари Интернетда умуман йўқ. Айримлариники тиниқ эмас, сифатсиз фотосуратлар эди. Шу сабабли портрет чизаётганимда сиёсий тутқун образини ниҳоясига етказиш учун ўзимдан нимадир қўшишимга тўғри келди. Мен Ўзбекистонда репрессияларга учраётган инсонлар, айримлари қийноқлар қурбонига айланиб ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг фоторасмларига қараб, уларнинг образига кўз ташлаб, ҳар бири ортида улкан-улкан инсоний қайғу, кулфатни кўрдим, фожеани кўрдим. Бу ғам-аламни уларнинг кўзларидан кўриш мумкин эди. Улар азоб-уқубат тортган жафокашлар. Шундай бўлса ҳам улар руҳан синмаганлар. Мен бу ерда диний характерни ҳам кўрдим. Чунки у ўз эътиқодига эга инсон. У ўз ҳатти-ҳаракатлари, амалларининг адолатли эканига ишончи комил. У оддий ота ёки она эмас, у курашаётган инсон, у фуқаро. Ўзининг ҳуқуқлари учун курашаётган инсон эса фуқаро. Айнан мана шундай инсонлар, фуқаролар давлатнинг танячи ҳисобланади, айнан мана шундай инсонлар адолат учун ўз мулкидан, ҳатто ўз ҳаётидан воз кечишга тайёр бўладилар. Аммо бундай одамлар кўп эмас. Бундай инсонларнинг сони ҳар бир халқда бармоқ билан санарли. Биз эса бундай инсонларни қадрлашимиз лозим. Ва мен ўз портретларим билан, энг авввало, уларнинг образини етказиб беришга, уларнинг ҳис-туйғуларини, ифодаларини етказиб беришга ҳаракат қилдим. Албаттаки, 20 йиллик ижодий тажрибага эга инсон сифатида мен оврўполик, америкалик кўзга кўринган рассом ва ижодкорларнинг ижоди билан яхши танишман. Мен Оврўпо графикаси тарихини жуда яхши биламан. Бу портретларни чизишда жўн реализм билан ҳам чегараланиб қолганим йўқ. Компютер графикаси, фотошопни ишга солганман. Лекин суратлар асосан қўлда чизилган портретлардир.

Рашидов Ашраф: Мен ва бошқалар ушбу суратдан қандай фойда кўради? Сизни ҳам суратингизни шундай қилиб чизишганда сизга ёқармиди? Ва бу расм билан нима демоқчисиз?

Канат Ибрагимов: Мана қаранг! Шу кунларда биз Париждаги фожеали ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Таҳририят ходимларини террорчилар отиб ўлдирдилар. Бу ҳодиса шоирнинг қалами, рассомнинг мўйқалами мафкуравий урушда қурол эканлигининг фожеали бир тасдиғидир. Террорчилар рассомни, ёзувчини, шоирни ўзларининг душмани деб билдилар. Улар Калашников автомати билан рассомнинг қалами бир хил қийматга, тенг кучга эга, деган фикрдалар. Мен эса бунга ўзимнинг фикримни қўшган бўлардим: рассом ва шоирнинг қўлидаги қурол анча кучли қуролдир. Бу қурол ўқдек инсон танасини шикастлаб қолмайди. Бу қурол инсон қалбларини ўзгартиради, инсон онгини ўзгартиради. Отилган бир ўққа солиштирганда кўпроқ таъсир кучига эга бўлади. Бекорга коммунистлар кинематографияга, ёзувчилар уюшмаси ва рассомлар уюшмасига катта эътибор қаратмаганлар. Коммунистлар маданият ва санъат мафкуранинг платформаси эканини яхши тушунганлар. Маданият ва санъат инсонларнинг онгида ортга қайтариб бўлмас ўзгариш ясаши мумкинлигини англаганлар. Ва бу ижодкорларни ўзларининг қаттиқ назоратлари остига олганлар. Париждаги сатирик таҳририятга сўнгги ҳужум ижоднинг диктаторлар, террорчилар ва адолатсиз инсонлар учун нақадар хавфли эканининг бир далилидир. Албатта, ҳеч қачон рассомга ўқ отмаслик керак, шоирни ўлдирмаслик керак. Сиз диктаторларни карикатура қилманг, бу билан сиз уларнинг иззат-нафсига тегаяпсиз, деган гапга мен қандай жавоб беришим керак? Мен нима ҳам қила олардим? Бу менинг ишим, вазифам. Бу менинг нуқтаи назарим. Мен бошқача қарай олмайман. Агар сиз мени ҳажв қилмоқчи бўлсангиз, масхара қилмоқчи бўлсангиз, марҳамат. Менинг қаршилигим йўқ. Фақат ижодкорга ўқ отманг! Баҳс борми, келишилмаётган муаммо борми, келинг уларни кенг омаа муҳокамасига олиб чиқайлик. Муҳокама ва мунозара йўли билан ўртадаги келишмовчиликни ҳал қилишнинг йўлларини излайлик. Афсуски, рассомлар инсонларга ўқ отмайди, аксинча диктаторлар рассомларга ўқ отадилар. Мен учун давлат амалдори танқид қилиш тақиқланган "муқаддас сигир" эмас. Давлат амалдори халқ сайлаган, айнан халқнинг манфаатига хизмат қилсин, деб тайинлаб қўйган хизматкор. Наҳотки, оддий бир фикрни тушуниб олиш шунчалар қийин бўлса: амалдор, бошлиқ ва ҳатто президент - нормал демократик жамиятда оддий бир хизматчи. Халқнинг, жамиятнинг хизматкори. У жамият томонидан маълум муддатга ваколат бериб қўйилган менеджер. Ўша амалдор халқнинг хизматидаги одам. Бизда эса оддий одамлар бошлиқнинг, президентнинг қулидек кўрилади, амалдорга бош эгилиб қуллуқ қилинади. Бизнинг онгимизни ўзгартирадиган фурсат етиб келди: Ўзбекистон ёки Қозоғистондаги ҳар қандай инсон, ҳар қандай эътиқоддаги, ҳар қандай ёшдаги инсон билан Каримовнинг, Назарбоевнинг ҳуқуқлари тенг, кўп эмас. Фақат битта фарқи бор: давлатнинг ҳар қандай амалдори ўша оддий фуқарога хизмат қилиши шарт, аксинча эмас. Шунинг учун биз оддий фуқаролар уларни сайлаймиз, шунинг учун ўз маблағимиздан давлатга солиқ тўлаймиз. Биздаги ҳурматли деб айтиладиган диктаторларимиз Каримов ва Назарбоев бугунга келиб кимларга айландилар? Конституциялардан келиб чиқиладиган бўлса, уларни шартли президентлар, деб аташ керак. Уларнинг нафслари шунчалар ҳакалак отдики, мамлакатининг ресурсларини тўхтовсиз ўмариш эвазига мультимиллионерларга айландилар. Ҳокимият тепасида қолиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган мустабидларга айландилар ва қўллари қонга ботди. Ахир улар бугун мамлакатларини қолоқ замонларга қайтараётган, репрессиялар қилаётган ёввойи диктаторлар-ку. Сиз бизнинг раҳбарларимизни, давлат рамзларимизни ҳақорат қилаяпсиз, деб айтишнинг ўзи мамлакатларимизда бўлаётган ҳақиқий ҳодисаларга нисбатан ҳақорат. Биз қолоқ ўрта асрларга бориб қолдик. Мен давлат рамзларини ҳақорат қилганим йўқ. Ўзбекистондаги аҳволни билмадиму, лекин Қозоғистонда давлат комиссиялари мамлакат байроғини, герби ва бошқа рамзларини қандай қабул қилганларини мен жуда яхши биламан. Рассом сифатида мен Қозоғистоннинг байроғини ҳам, гербини ҳам чиройли эмас, деб ҳисоблайман. Агар ўзбекистонлик бир амалдор портрети каламушга ўхшаб қолган бўлса, бу менинг айбим эмас, менинг назаримда, ҳаётда аслида ҳам шундай.

Би-би-си: Сиз нега ватанингизни тарк этишга қарор қилдингиз?

Канат Ибрагимов: Ҳамма яхши тушунади, муҳожирлик романтика эмас, иссиқ жойни излаш эмас, бу мажбурий қадам. Мажбурийлик. Мен рассом бўлганим учун омадим чопди, деб ўйлайман. Чунки ХХI аср рассоми учун бутун коинот ватан ҳисобланади. Шунинг учун мен ижодий нуқтаи назардан менга илҳом берадиган, янги ғоя, лойиҳаларга ундайдиган жараёнлардан узилиб қолганим йўқ. Қозоғистонда Президент Назарбоевга қарши митингларга чиққаним учун мени икки марта маҳкамага тортишди. Мен Жанаўзенда қуролсиз ишчиларнинг отиб ўлдирилганига қарши норозилик билдириб чиқдим. Қозоғистондаги қўштирноқ ичидаги "санъат намояндалари" менга нисбатан бойкот эълон қилишди. Ҳамкасбларим томонидан икки-уч марта менга қарши жирканч амалларга қўл урилди. Менга қарши зимдан маълумотлар берилди, дўқ-пўписа ва таҳдидлар уюштирилди. Ижодим энг авжига чиққан пайтда мени мамлакат ижодий ҳаётидан ихоталаб қўйишди. Кўпчилик менинг ўзимнинг характерим ҳам оғирлигини яхши билади. Бирор масалага муносабат билдириш керак бўлса, радикал ёндашувда бўлиб келганман. Шунинг учун ўзига яраша душманлар ҳам орттирганман. Мен эркинликни севадиган инсон, ижодкор бўлганим учун деразам тагида кечасию-кундузи айғоқчи пойлашига, телефонларим мунтазам тингланаётганига ортиқ тоқат қила олмадим. Ҳар тарафдан сенга қарши бўлаётган гижгижлашларга охири ҳар қандай одамнинг ҳам сабр косаси тўлиб кетади. Менда ҳам шундай бўлди. Қозоғистонни тарк этишга қарор қилдим. Лекин буни мен ўзим учун фожеа деб кўрмайман. Миллионлаб сондаги ёш инсонлар қандай ҳаёт кечираётган бўлсалар, мен ҳам шундай яшаяпман. Бировнинг иш жойи Нью-Йоркда, яшаш жойи Лондонда, Явада дам олади. Ҳозир замон Довлатовлар, Солженицинлар ватанидан бадарға бўлган муҳожирлик даврларига ўхшамайди-ку. Ҳозирги глобаллашув замонида Назарбоев ёки Каримов дунё ахборотининг тўлқинини, Интернет очиқлигини тўхтатиб қололмайдилар-ку. Уларнинг амаллари деворлари қулаб бўлган бинонинг эшигини ёпиб қўйишга ўхшайди. Шунинг учун ҳам биз - яхши ниятли инсонлар, эркинлик ва демократия учун курашаётганлар ғалабага эришишимиз муқаррар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ