Мамадали Маҳмудов: 'Омонсиз йиллар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch
Image caption Мамадали Маҳмудов аввалига совет КГБси, кейин эса ўзбек махсус хизматларининг таъқибига учраган

Таниқли адиб Мамадали Маҳмудов ўзининг навбатдаги блогида "Омонсиз йиллар" деб номланган автобиографик эссесидан боблар билан ўртоқлашади.

Ўша-Туркистонни кўз очирмас тўзон қоплаган замонда (1978) мен Русиянинг қонли босқини, аниқроғи, унинг бир зарраси ҳақида роман ("Ўлмас қоялар")ни ёздим. Яратганнинг қўлловими, у "Шарқ юлдузи" журналида (1981) босилди. Менинг фаҳмимча, бу иш журналнинг бош редактори, профессор Ҳафиз Абдусаматовнинг розилиги билан бўлган. Сўнг у дарҳол таътилга чиқиб кетган...

Яна Тангри билгувчи. Аммо кўп ўтмай, журнал (роман босилган сонлар) КГБ томонидан йиғиштириб олинди. "Ўлмас қоялар"ни чоп этишга сабабчи бўлган ёзарлар ишдан четлатилди. Ўшанда мен Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи эдим. Ҳайдалдим. Бу ҳам етмагандай, ўт ичида қолдим.

КГБ босими, Сўроғи, Таъқиби, Ваҳми, Ўлдиришга урунуви... Нима учун? Ўрта Осиёда коммунистик тузум ўрнатилгач, Москва Туркистон тарихини бузиб кўрсата бошлади: Темур қонхўр... Бобур қонхўр... Ойдинлар қораланди: "Босмачилар", "Халқ душманлари". Оқибат улар: Қирилди, Қамалди, Осилди, Отилди, Сургун этилди... Бунга тарих гувоҳ.

1921 йилда "Мустамлака инқилоби"да босилган қуйидаги ёздиқнинг мағзини чақинг: "Мустамлакачиларга ерли халқдан чиққан ҳақиқий раҳбар, ўзлари билан бир сафда турадиган тенг ҳуқуқли ўртоқ керак эмас. Ўрисларга тилмочлар ва ижрочи полислар зарур". Русия ислом динига ҳам тоқат қилмаган. Туркистон элининг буюк курашчиси, ботири Турор Рисқуловнинг 1923 йилда "Янги Туркистон"да чоп этилган мақоласидан бир лавҳа: "Приставларнинг ҳокимлик суришлари шу даражага етдики, улар ҳатто масжидларга қўнғироқ осиш ҳаракатида бўлдилар. Ўзларининг тўраликларини ва ҳукмдорликларини кўрсатмоқ учун, номоз вақтида масжидларга итлар билан кириб келардилар".

Кечмишимизни бузиб кўрсатишга чор Русияси ҳалво экан. Коммунистик тузум бутунлай туҳматга ўтди. Масалан, Русиянинг Ўрта Осиёни чексиз қон тўкиш эвазига босиб олганлигидан шармандаларча тонди: "Туркистон Русияга қўшиб олинган". Бу ёлғондан нафақат Ўрта Осиё ойдинлари, балки дунё, жумладан, Оврўпа билан Америка ҳам ёқа ушлашди. Мен Кремл сўзига қарши чиқдим. Ҳақни ёздим: "Русия Ўрта Осиёни босиб олган".

КГБнинг менга босими борган сари кучайиб борди. Уларнинг аксари мен билан нисбатан нормал муомалада бўлсалар ҳам, ичларида илонлар ўйнарди. Мен буни кўзларининг туб-тубларида деярли сезилмас даражада чўкиб ётган кинни кўриб билганимдан айтаяпман. Кўпинча бир хил савол билан бошимни қотиришарди. Охирида "Тушунтириш хати" ёздириб олишарди. КГБ биносидами? Йўқ. "Махсус ходим"лар мени гоҳ "Россия", гоҳ "Ленинград", гоҳ "Ўзбекистон", гоҳ "Тошкент", гоҳ "Чилонзор" қўниқ (отел)ларидаги "махсус хоналар"га чақирардилар.

Табиийки, кечган савол-жавобларни бу мақолага сиғдиришим қийин. Йўқса, у қайтариқлардан иборат бир китоб бўлади. Шу боис КГБнинг ўрис ходими- Анатолий билан бўлиб ўтган қўнишувга эътиборингизни қаратаман: - Рус халқига муносабатингиз қандай? - Яхши. - Ишонгим келади. - Мен илож-имконим борича ҳақ деб яшайман. - Сира ёлғон сўзламайсизми? - Иложим борича. - Мен аниқликни ёқтираман. - Замон-замонда... - Яъни? - Бу сўздан фойдаланмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Бундан: Сизам айромассиз, Тузумлар ҳам, Сиёсатлар ҳам, Тарихлар ҳам, Адабиётлар ҳам, Ҳукмдорлар ҳам, Даҳолар ҳам, Ҳатто: Элчилар ҳам... - Мунча ишонч билан сўзлайсиз?

- Бу менинг тажрибам, кузатувим, ўқиш, уқишим, ақл-идроким маҳсули. - Шу худбинона фикрингиз сабабли янглишгансиз. - Масалан? - "Ўлмас қоялар"да ҳақни бузиб кўрсатгансиз. - Русия тарихи... - Чор русияси тарихини кўзда тутаяпсизми? - "махсус ходим" гапимни бўлди. - Ҳа. - Сохта нарса. - Черняев, Скобелев, Кауфман каби генераллар... - Николай II дажжолларининг уйдирмаларига ишонасизми? - Анатолий тағин гапимни кесди. - Ҳар қалай... - Олди-қочдидан бошқа нарсамас. Совет тарихи - тўғри тарих. Нимага ундан андоза олмагансиз? - Мен у тарихни тўғри деб ўйлаганман.

- Ўзингизни гўлликка солманг. Ҳаммани алдасангиз ҳам, мени алдолмайсиз. Сизнинг тилингиз бошқа, дилингиз бошқа. - Ишонмасангиз нима ҳам дейман. - Бунинг учун каллангиз кетиши мумкин, - "Махсус ходим" менга Азроилдек совуқ қаради. - Беҳбудийлар ҳаёти сизга сабоқ бўлмайдими? Ёшсиз... Шу сизга керакми?"... - Шайхулислом Носир Мулло Исҳоқ, Қозикалон Қаландархўжа Жунайдулло, Қозикалон Юсуфхўжа Абдулла Хўжа сингари эл-юрт катталари халқ номидан: "Биз ўз хоҳиш-истагимиз билан Русияга қўшиламиз" деб Петербургга - Николай II ҳузурига борганлар. Император уларни ҳурмат билан кутиб олган, сийлаган, илтимосларини қондирган. Бу тарихий ҳақиқатдан нега юз ўгирасиз? Анатолий атайлаб менга Ватан хоинларини рўкач қилди. Нега? Мени тузоққа илинтириш ниятида. Сабаб - Ҳали ҳам у мен тўғримда узил-кесил бир қарорга келолмагандек эди. Яъни унинг миясида: "Қасддан ёзмагандир?" деган бир ўй ёғи тугаётган шамдек милтираб тургандай эди. Мен махсус ходимнинг омонат фикрини қатъийлаштириш учун унга мавҳумга қотилган ёлғонни суқдим: - Буни билганимда эди... У менинг ичимдагини билиб олиш илинжида кўзимга тикилиб, бир муддат жим қолди. Сўнг сўради: - Бошқача ёзармидингиз? - Ҳа, - мен ичимни бекитдим. - Хатони тузатиш мумкин...

Замон нозик ва қалтис эди. Қўрқдим. Ўлимдан. Муҳим ишлар... Қандай? Келажакда ғанимнинг юзидаги қора ниқобини ечиш, олчоқ башарасини элга кўрсатиш ниятида эдим. Яна қўзғатиш... Бу айрим дўстларимга ишончсиздай, ҳатто ёлғондай туюлса ҳам, мен шундай ўй билан яшардим. - Хаёлингиз қочдими? Қаёққа? - Ўтмишга, - Анатолийнинг қўққис саволидан сергак тортдим. - Мавҳум сўзга тоқатим йўқ. - "Ўлмас қоялар"ни қайта ишлаш хусусида фикрим чуваланди. - Ишонайми? - Сўзим - сўз. - Гап исбот талаб қилади. - Вақт берсангизлар. - Вақт ҳам берамиз, кўмак ҳам берамиз. - Раҳмат. - Биласиз,Туркистоннинг Русияга қўшиб олиниши прогрессив аҳамиятга эга. Русия чириган, қолоқ, қашшоқ, таъбир жоиз бўлса, ўлик ўлкага маданият, маърифат, илм-фан, техника, жонли тил билан айтсам, жон олиб келди. Бу билан "махсус ходим" "Ўлмас қоялар"ни қайта ишлашда шу нарсаларга эътибор беришимни урғулаб ўтди. Мен сукут сақладим. Анатолий фикрини мустаҳкамлашда давом этди: - Туркистонда янги миллатлар, янги давлатлар туздик. Уларнинг айримлари ярим ёввойи эди.

Бу менинг юрагимга игнадек ботди. Бошимга қон тепди. "Махсус"га ғижиниб боққанимни кеч сездим... Бироқ ҳаётим қил устидалиги учун унга бир сўз демадим, дейишдан ўзимни зўрға тийдим. "Махсус" иршайди ва ўзини жўрттага оқлаган бўлди:

- Ўзбекни айтмадим. - СССР Конституциясида миллат айириш қораланади. - Мен буни сизни синиш учун айтдим. Бизнинг ишда бу мумкин. - Яъни КГБда. - Таъкидлаш шартмас. Чаёнга ким инонади? Лекин мен "махсус"га ўзимни ишонгандай қилиб кўрсатдим. Афтидан, у буни сезмади. Бир унсиз олдимга оқ стандарт қоғоз ва ёзғич (ручка) қўйди. Мен "Ўлмас қоялар"ни қайта ишлайман" деган мазмунда ўрис тилида "тушунтириш хати" ёздим. У замонда ўзбек тили - иккинчи даражали тил эди. Ўз юртимизда... Юқорида "КГБнинг ўлдиришга уринуви..." дегандим. Шунга изоҳ тариқасида уч мисол келтираман. Биринчи мисол: "Русия" қўниғида КГБ ходимидан узилиб, катта сўқоққа (кўча-таҳр) йўналдим. Тун чўкаётган палла эди. Бетон ариқча четида такси кутдим. Шунда, кутилмаганда бир юк машина йўлдан чиқиб, менинг устимга бостириб кела бошлади. Мен жон ҳолатда ўзимни четга олдим. Бир сония кечикканимда, ғилдираклар остида қолардим. Оралиқ бир қадам ҳам чиқмасди. Башанг кийинган бир ўрис ёнимга келиб: - Тебя Бог спас*, - деди ва мендан секин узоқлашди. "Қўрққанга қўша кўринади" деган гап бор. Мен уни: "КГБ ити" деб ўйладим. Яна қайдам? Ҳар нарсани Тангри билгувчи. Мен яна икки автоҳалокатдан омон қолганман. Тирик бўлсам, насиб этса, бир замонлар келиб, балки, бу ҳақда ҳам ёзарман. Иккинчи мисол: Элда: "Ўзини асраганни, Худо асрайди" деган гап юради. Таъқиб кучайгандан кейин мен то М.С. Горбачев* замонигача кўчага ёлғиз чиқишни тарк этдим. Ҳатто эшикни ҳам ўзим очмасдим, тунда деразага ҳам яқинлашмасдим. Кўнглимда ваҳм, ғулғула ҳукмрон эди. Бу пайтларда "Ўлмас қоялар" халқ тилига тушган, Ғарбий Олмония билан Туркияда босилган эди. Ўшанда мени олиб кетишга бир турк йигити Тошкентга келган. Ғарбий Олмония билан Туркияда яшашга таклиф қилган. "Иштонсизнинг чўпдан хадиги бор" дегандек, мен унга унча ишонмаганман. Шунга унамаганман! Афсус, у йигитнинг исми-шарифи эсимда қолмаган. Аммо бунга Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси гувоҳ. Шу келтирган мисолларим сабаб: КГБ мени қамашга иккиланган. Гапдан чўчиган. Шу боис ими-жимида иш кўришни маъқул топган. Бу менинг шахсий фикрим. Чиндан ҳам КГБ гапдан чўчиганми? Ҳа. Эл сўзиданми? Қисман. Асосан АҚШ билан Оврўпонинг: Аччиқ, Кескин, Одил талқинидан... Яна: Би-Би-Си, Озодлик, Америка овози радиоларининг: Бўрон, Довул, Тўфонлардан-да кучли ҳайқириқларидан... Зотан ёруғ оламда сўздан қудратли нарса йўқ. У ер юзини: Кул қилиши ҳам мумкин, Гул қилиши ҳам мумкин.

Гапим ўзимга бўйсунмай қолди. Чўзилиб кетди. Узр. Уни тизгинлаб, асосий ўзанга бураман. Ўша омонсиз йилларда биз Юнусобод массивида, беш қатли бетон уйнинг бешинчи қатида яшардик. Бир куни Ёзувчилар боғида (Дўрмон) дўстлар билан гапга берилиб, тун чўкканини сезмай қолибман. Шошилинч Ражаббой Ота Турк билан Юнусободга қайтдик. Мен ҳар эҳтимолга қарши "Волга"мда, ўтирғичим остида болта ва пичоқ сақлардим. Машинани гаражга бурдим. Шунда фара ёруғида кўзлари ғараз ўти билан чақнаётган барзанги ўрисга кўзим тушди. У қопи ёнида безрайиб турибди. Унинг қўли бўш бўлса-да, кўйлаги остида бир нима бордек эди. Дўппайган бу нарсани мен тўппонча деб тахмин қилдим. Юрагим дуккиллаб ура кетди. Ражаббойга сир бермадим. Унга болтани тутқаздим. - Қўрқма, - дедим иложи борича хотиржам овозда, - биз икки кишимиз. "Волга"дан тушдик. Мен қопини очиб, машинани темир гаражга қўйдим. Қопини ёпиб, қулфладим. Қўлимда пичоқ. Бироқ тиззаларим қалтираяпти. Ражаббой билан ўрис бир қулочча оралиқда бир-бирига тикилиб туришибди. Юзма-юз. Сўзсиз. Ҳужумсиз. Совуқ. Мен қўрқаётганимни сездирмаслик учун улар сари шахд юрдим. Ўрис шошмай, хотиржам, аммо аламзада бир алфозда тўрт-беш қадам ўнгга чекинди. Тўхтади. Мен бундан севиндим. Ғалва, жанжалга кимнинг тоқати бор? Ҳозир ўзим жар лабида турганимда, бу ўлганнинг устига тепган бўлади. Ўрис мендаги кечинмани сездими ёки ўзичами, билмадим, бўғиқ бир овозда тўнғиллади: - Я ошибся (Мен адашдим). Сўнг безрайганча бизга қараб тураверди. Ўрис бу сўзни кимга, нимага, нима учун айтди? Жумбоқ. "Телбамикан?" деган фикр хаёлимга келди. Лекин буни юрагим рад қилди: йўқ, ундоқмас. Овозида кин бор. Жинниларда кин нима қилсин? У соғ. Кийинишига қара. Министрдай. Ўрис бу сўзни ҳавога айтмади. "Келгуси гал янглишмайман..." деган маънода айтди. Шуни таъкидлайки, мен ўриснинг овозида қўрқувни туймадим. Ундан тез узоқлашарканмиз, Ражаббой менга: - Бир ўлимдан қолдингиз, - деди ва сўнг иккиланган бир товушда қўшимча қилди, - балки мажруҳ этиб кетармиди?.. - Балки? - Мен бор учун... - Тўғри, - дедим уни бўлиб, - Сен бор учун менга тегмади. Қўрққаниданмас. У бир кишини йўқ қилишга топшириқ олган... - Менимчаям шундай. - Қўрқмадингизми? - Йўқ. - Сенда иккита юрак борми дейман? - Менга Ота Турк руҳи мадад бўлди...

Учинчи мисол: Кеч куз эди. Қуёш ботарга қиялаганда, Республика КГБсидан менга бир маҳаллий ходим, адамшмасам, андижонлик эди, қўнғироқ қилди: - Бугун соат тўртда "Зарафшон" ресторани ёнига келинг. - Тинчликми? - Ҳа. Қариндошим Ҳайдарали билан келишилган манзилга бордик. "Волга"ни ресторан қаршисидаги қўналға (стоянка)га қўйдик. - Сен мени кутиб тур, - дедим Ҳайдаралига. - Хўп. Белгиланган вақтда КГБ ходими билан учрашдик. У гапни қисқа қилди. - Москвадан вакил келган. Сиз билан гаплашмоқчи. Бугун вақт тополмади. Эртага шу пайтда, шу ерда кўришамиз. Кечикманг. Бирон ерга боришимиз ҳам мумкин... Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очманг! - Тинчликми? - юрагим "шув" этди. - Тинчлик. - Қаерга?

Билмадим... Бу менинг фаразим. Балки, ичкарида қўнишар... Тилингизга маҳкам бўлинг. Яна ўзингизга ташвиш орттирманг!.. - Хўп, - дедим ёлғондан. Қорасувга - Зоҳир Аъламнинг уйига ёндик (йўл олдик-таҳр.). КГБчи билан кечган гап-сўзни унга айтдим. Зоҳирнинг юзи оқарди, кўз қорачиғи кенгайди. - Хайриддин Салоҳ билан Юсуф Шомансурнинг изсиз йўқолиб кетганини биласизми? - Эл-юртга аён нарсани... - Яхшиям бундан мени огоҳ этдингиз, - у гапимни оғзимдан олди, - борманг. - Сўз бериб қўйдим. - КГБни алдасангиз, Худо сизни олқишлайди. - Мен бундай қилолмайман. - Заҳарланиб қолдим дейсиз. - Йўқ, дўстим, бу қўлимдан келмайди, келганда ҳам у ишонмайди. Маккор одам. Янги макр ўйлаб топади. Ўчакишмаган маъқул. Зоҳирнинг қовоқлари уюлди. Икки қоши орасида қалин тиришлар пайдо бўлди. У норози оҳангда тўнғиллади: - Кейин кеч бўлиши мумкин...

(Давоми бор)

Бу мавзуда батафсилроқ