'Ичкилик ҳамма балонинг онаси'

Беш кун сурункали ичиш оқибатида Москвада истиқомат қилувчи эркак ўз хотини ва фарзандини калласидан жудо қилди, деб хабар беради Вести.ру.

Аниқланишича мазкур эркак Янги Йил бошланишидан бери тинмай спиртли ичимликларни истеъмол қилган. Бунга унинг турмуш ўртоғи норозилик билдирган. Оқибатда эр жаҳли чиқиб, хотинининг калласини олиб ташлаган, сўнг эса 1 ёшли боласига нисбатан ҳам шундай қилган.

27 ёшли аёлнинг ва 1 ёшли боланинг калласиз таналари полиция томонидан топилган. Эркакка нисбатан қидирув эълон қилинган. Гумонланувчи қоровул бўлиб ишлагани маълум, дейилади хабарда.

Бу даҳшатли ҳикоя, ароқ хақидаги ҳаммага маълум бўлган ривоятни эсга туширади. Ичкилик ҳамма балонинг онаси деб бежиз айтилмаган.

Кишини хурсанд қиладиган нарса, Ўзбекистонда ичувчилар сони анча камайганлиги. Авваллари ичкилик эркаклар учун бир маданиятдек кўриларди. Хеч бир йиғин спиртли ичимликларсиз ўтмасди. Ҳозирга келиб ичиб юриш уят ишдек бўлиб қолган. Бунга албатта, аҳолининг диний онгининг ўсиши сабаб. Қолаверса, нафақат дин, балки соғлом турмуш тарзи маданиятининг ривожланиши ҳам муҳим ўрин тутади.

Тошкентда байрам кунлари кўчаларда маст-алас одамлар камайгани кузатилди. Ундан ташқари, эндиликда одамлар ичкиликнинг нафақат соғлиққа, балки чўнтакка ҳам зарарини ҳисобга олган ҳолда ўзларини ичкиликдан тиймоқдалар.

Статистик рақамларга кўра, Ўзбекистон собиқ иттифоқ ва Марказий Осиёда киши бошига энг кам спиртли ичимлик истеъмол қилувчи мамлакат ҳисобланади.

ТВ ёки газетанинг жиноят рукни остида кетадиган хабарларга кўра, ҳодисанининг келиб чиқишига энг аввало ичкилик сабаб бўлади. e-tarix.uz вебсайтида чоп этилган мақоладан англашилича, бу каби майхўрликка қарши чақириқлар ўзбек оммавий ахборот воситаларида ҳар доим бўлган.

Вадуд Маҳмуд. Туркистонда майхўрлик (1923)

Бўза, май ва умуман кайф берадурғон ичкиликларининг зарарли бўлиши тўғрисида сўзлаб ўлтириш ортиқчадир. Унинг қандайин заҳри беомон экани илман собитдир. Яқинда бутун Русия олимларининг Масковда бўлуб ўткан қурултойи ақлсизлик-жинниликнинг ичкиликка жуда яқин алоқада бўлганини исбот этди.

Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқлариға ёйилғон. Ҳатто баъзи бир зиёлилар ва хотинлариға ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам "расман" ичишмакка бошлағонлар.

Кўп кишилар бунинг кўп ичилишини билимсизликдан, зарарини тушунмаганликдан келадир, дейдилар. Лекин бу тўғри эмас. Дўхтурлар ҳам тамаки ва "алкагул" нинг зарарини жуда яхши билатуриб, ўзларини шундан торта олмайдирлар. Бу, тўғриси, тарбиясизлиқдан келгандир. Бундай кишилар ўзларини идора эта олмайдурғон зотлардир. Бунга ўргангандан кейин қутулиш қийин.

"Туркистон" газетининг ўтган сонларидан бирида, Туркистон Хатқ комиссарлар шўросининг кўкнори экишни ман қилиб чиқарғон қарори ёзилди. Биз буни кўруб халқни заҳарлайдурғон моддалардан бирини камайтириш ва битириш йўлиға киришганлигини кўруб жуда севиндик ва олқишладик. Бугун ичкилик тўғрисинда ҳам ўз товушимизни халқнинг ҳомийи ва мураббийи бўлған юқори ҳукумат доираларига эшитдирмакчимиз.

Ичкилик ўзгаришдан кейин бир неча вақтлар ман қилинғон бўлса ҳам, "иқтисодий-сиёсат" билан яна эски ҳолиға қайтди. Самогун ва мусаллас пиширғувчилар билан кураш олиб борғон бўлса ҳам, ул кўп вақт давом этмади. Шундан кейин яна ривож олиб кетди.

Мана бу курашни тўхтатмаслик керак. Юқори доираларимизнинг, айниқса, бўлис ва қишлоқ ташкилотларининг ва халқимизни маданий ҳаётга яқинлаштирмоқ дардида бўлғон ишчиларимизнинг шу масалага жиддийроқ қарамоқларини ўтинамиз.

Тошкентлик журналист

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002