‘Россияга келаётган муҳожирлар сони кескин камайди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Федерал Муҳожирлик хизмати маълумотларига кўра, мамлакатга келаётган муҳожирларнинг сони кескин камайган.

Россиядаги 'Интерфакс' ахборот агентлигининг Федерал Миграция хизмати бошлиғи Константин Ромодановскийдан иқтибос келтиришича, бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил қилган.

'2015 йилда, 2014 йилга солиштирганимизда, биз хорижий фуқароларнинг кириши ва чиқиши 70 фоиз пасайганини қайд этмоқдамиз', деб айтган Константин Ромодановский.

Жаноб Ромодановский сўзларига кўра, бу пасайиш Россияда иш топиш қийинлашгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бироқ Украина инқирози боис Россияга жорий қилинган Ғарб санкциялари 2014 йилнинг куз ойларидан Россия миллий валютаси рубль қадрини пасайтиргани, бунинг оқибатида бу мамлакатда ишлаб пул топиб, ватанидаги оиласига маблағ юбораётган меҳнат муҳожирларининг даромадлари камайишига олиб келган.

Би-би-си билан суҳбатларда Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ойлик даромадлари ва ватанларига юбораётган пул жўнатмалари қарийб икки баравар камайиб кетгани ҳақида айтганлар.

2014 йилнинг ноябр-декабр ойларидан Россияда қолиб ишлаб етарли пул топа олишига кўзи етмаган муҳожирлар ватанларига қайтишни бошлаганлар.

Шу кеча-кундузда ҳам Россия шаҳарларидан, хусусан, Ўзбекистон шаҳарларига парвоз қилаётган учоқлар тўлиб қайтаётгани кузатилмоқда, бу эса кўп сондаги меҳнат муҳожирларининг Россияни тарк этаётганларини кўрсатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ