Адлия вазири Ўзбекистон Сенати раиси бўлди

Ниғматилла Йўлдошев Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Эльс билан(Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси веб-сайтидан олинган сурат)

Тошкентда Ўзбекистон янги Сенатининг илк мажлиси бўлиб ўтган.

Сенат ялпи мажлисида Президент Ислом Каримов шу пайтгача Адлия вазири лавозимини эгаллаб келган Ниғматилла Йўлдошевни Ўзбекистон Олий Мажлиси юқори палатаси раислигига таклиф этган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига кўра, янги Ўзбек сенаторлари жаноб Йўлдошев номзодини маъқуллаганлар.

Ниғматилла Йўлдошев 2011 йилда Адлия вазири этиб тайинлангунча Ўзбекистон Бош прокурори лавозимини эгаллаган.

1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент Давлат Университетининг юридик факультетини 1985 йилда битирган.

Ўзбекистон Сенатининг раиси ўринбосари этиб сенатор Светлана Ортиқова ва Қорақалпоғистон Жўқарғи Кенеси раиси Муса Ерниязов сайланганлар.

Светлана Ортиқова бундан олдинги чақириқда ҳам Ўзбекистон Сенати аъзоси бўлган.

Бундан олдин Ўзбекистон Сенатининг раиси лавозимини мутахассислиги бўйича юрист Илгизар Собиров эгаллаган.

Ўзбекистонда бир палатали эмас, икки палатали парламентни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Президентнинг айрим ваколатлари Сенатга ўтказиб берилгани хабар қилинган.

Ўзбекистон Сенатида 100 сенатор бор.

Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва вилоятларидан олти киши ва Ўзбекистон президенти томонидан 16 киши сенаторликка тақдим этилади.

Ўзбекистонда 21 декабр кунги парламент сайловлари якунида Нурдинжон Исмоилов Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси раиси этиб сайланган.

Аксар ўзбекистонлик ва хорижий таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда икки палатали парламент ҳам, ҳокимиятнинг бошқа бўғинлари ҳам амалда ҳеч қандай куч ва таъсирга эга эмас.

Мамлакат барча қудратни ўз қўлида жамлаган Президент Ислом Каримов томонидан бошқарилади.

Ўзбекистонда ҳокимият тепасида 1989 йилдан буён қолаётган жаноб Каримов номзоди 29 мартга мўлжалланган президентликка ҳам илгари сурилган, бу сайловда ҳам Ислом Каримовнинг "сайловчиларнинг 90 фоиздан кўп овозини қўлга киритиб ғалаба қозонгани" эълон қилиниши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ