Ўзбекистон диний идораси Charlie Hebdo карикатураларини қоралади

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ва Дин ишлари қўмитаси Франциядаги ҳужумларга сабаб бўлган Charlie Hebdo сатирик журналида Муҳаммад Пайғамбарга нисбатан карикатуралар чоп этилишини қоралаб чиққан.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ва диний қўмитанинг веб-сайтларида "Шарли Эбдо" ёки шайтон ҳийласига алданганлар" номли мақола чоп этилган.

Икки диний идоранинг Charlie Hebdo журналининг ҳаракатларига ва Парижда юз берган ҳужумга муносабатлари Президент Ислом Каримовнинг баёнотидан кейин кузатилмоқда.

7 январда содир этилган ҳодиса ва Шарли Эбдо карикатуралари хусусида Ўзбекистон расмийлари шу пайтгача сукут сақлагандилар.

22 январ куни Олий Мажлис Сенатининг янги сайланган депутатлари қаршисида гапирган Ислом Каримов Париждаги воқеаларга кутилмаганда муносабат билдирди.

“Франциядаги бу намойишлар оладиган бўлсак, бу каби ўйинларнинг барчаси хўжакўрсинга, ҳаммаси ўзига сохта обрў топиш учун бўлаяпти” деди у.

Каримовга кўра, “Диний масалани ўртага қўйиш, диний масалани сиёсатлаштириш, дин ҳисобидан обрў топишга уриниш – бу бирорта динга ёқмайди”.

“Мен сизларга айтсам, бу “ўйин”нинг томирида, негизида нималар бўлаётганини, кимлар буни ташаббускори бўлаётганини, бунинг орқасида қандай чуқур мақсадлар тургани ... Эътибор беринг, дунёда тинчлик яна мустаҳкамланиб бораётганида битта шунақа бемаза иш чиқиб туради”, деб айтган Каримов Ўзбекистон Сенатининг мажлисида.

Ислом Каримовнинг назарида бу воқеалар “популизм” ва “ўзига обрў топиш учун, керак бўлса, ўзига сайловларда кўпроқ овоз олиш учун” ташкиллаштирилган.

Президент Каримовнинг "нозик" масалада айтган фикридан сўнг диний расмийлар ҳам бу ҳақда ўз муносабатларини билдиришга ниҳоят журъат қилганлар.

"Францияда бўлиб ўтган террорчилик ҳаракати оқибатида 17 киши ҳалок бўлди. Биз шайтоннинг васвасасига учиб, бу жиноятни амалга оширганларни мутлақо қоралаймиз. Бинобарин, ислом таълимотларига кўра, бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига таҳдид солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракат қатъиян ман қилинади. Маълумки, бу хунрезликка дунё аҳолисининг 25 фоизини ташкил этувчи мусулмонлар учун суюкли бўлган Пайғамбар (с.а.в)ни мазах қилувчи карикатураларнинг "Charlie Hebdo" француз нашри саҳифаларида чоп этилиши сабаб бўлди. Шубҳасиз, диндорларнинг туйғуларини ҳақорат қилиш, пайғамбарлар шахсини беҳурмат қилувчи масхара расмларни нашр этиш ҳеч қандай қолипга сиғмайдиган, инсонийлик меъёрларига буткул зид бўлган ишдир. Аммо бу ҳеч қачон қўлга қурол олиб тинч аҳолини ўққа тутилишига сабаб бўлмаслиги лозим. Зеро, Қуръони каримда "Аллоҳ ерда бузғунчилик қилувчиларни яхши кўрмас" деб таъкидланади" дейилади мақолада.

Мақолада бирор-бир хатти-ҳаракатни амалга оширишдан олдин унинг натижасида келиб чиқадиган оқибатларга назар ташлаш лозим бўлиши уқтирилади.

"Балки, ғазаби ақлидан ғолиб келган айрим мусулмонлар Пайғамбар (с.а.в)ни ҳақорат қилишдек ишга журъат қилган "Шарли Эбдо"га ҳужум уюштиришни тўғри деб билишар, лекин куни кеча ҳеч кимнинг назарида бўлмаган мазкур сатирик газета бугун дунё ҳамжамиятининг эътиборига тушиб, адади 60 минг нусхадан қарийб 7 миллион нусхага оширилгани, Муҳаммад алайҳиссаломга ишланган карикатуралар ўрин олган янги сонининг тарқатилгани, Франция мусулмонларига нисбатан бўлаётган турли таҳдидлар, масжидларнинг ёқиб юборилиши, исломофобик кайфиятдаги намойишларнинг уюштирилаётганига назар соладиган бўлсак мазкур жиноят қанчалик қабиҳ, ислом ва мусулмонларга зарар етказган нотўғри иш бўлганини англашимиз қийин бўлмайди".

"Зеро, биз Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўришимизни даъво қилар эканмиз, у зотни яхши кўриш суннатларига амал қилиш ва бошқалар ҳам яхши кўришлари учун ҳаракат қилиш эканини унутмаслигимиз даркор"-дейилади шунингдек.

Айни пайтда қатор мусулмон давлатларида Ислом пайғамбарига нисбатан карикатураларга қарши намойишлар ўтказилди.

19 январда Грозний шаҳрида йиғилган тадбирда Чеченистон расмийларига кўра, қарийб бир миллион инсон иштирок этган.

23 январда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ҳам "Биз Пайғамбарни севамиз!" номли акция уюштирилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ