"Британия Ўзбекистонга ҳарбий техника қолдиришни келишмаган"

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистонга 3000 та британ транспорт воситаси берилаётгани тўғрисидаги хабарни рад этди. Пресс релизда ушбу машиналарнинг Ўзбекистон мудофаа вазирлигига берилаётгани ҳақидаги хабар нотўғри эканлиги айтилади. Бунгача АҚШ ортидан Британиянинг ҳам Ўзбекистонга ҳарбий транспорт воситаси бераётгани тўғрисида ўзбек электрон нашрлари хабар берган эди.

Хабарларда, Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Эдгардан умумий қиймати 700 минг долларлик машиналар Ўзбекистонга транзит ҳаққи сифатида берилаётгани иқтибос қилиб келтирилган эди.

Шундан 50 донаси аллақачон Ўзбекистонга етказилгани айтилган. Ушбу машиналар Британия оғир ҳарбий техникасининг Ўзбекистон орқали Болтиқ бўйи мамлакатларига олиб чиқиб кетилгани эвазига берилаётгани ёзилди.

Бироқ элчихона матбуот хизмати ушбу хабарларни рад этиб чиқди.

Би-би-си билан гаплашган элчихона мулозими 50 дона юк машиналари ҳақидаги хабар эски эканлиги ва у Ўзбекистон ҳукуматига совға сифатида 2013 йилда берилганини билдирди.

Бунгача АҚШ Ўзбекистонга 308 та MRAP ёки минага қарши зирҳланган ҳарбий машиналар тақдим қилиши маълум қилинганди.

Ушбу техникалар Афғонистонда фойдаланилмагани ва улар бевосита АҚШдан олиб келишини ҳамда фақат мудофаа учун мўлжалланганини АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюм айтиб ўтган эди.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ғарб томонидан Ўзбекистонга ҳарбий транспорт воситаларининг берилиши тўғрисидаги хабарлар Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига алоқаси йўқлигини таъкидлайди.

“Менинг назаримда, бунинг сайловларга мутлоқ алоқадор жойи йўқ. Яъни Ғарб буни Каримов қолаётгани, сайловлар ёки демократия мақсадида бераётгани йўқ. Улар Ўзбекистонда авторитар режим эканлигини яхши билишади. Ва авторитар режим анча вақт сақланиб қолади. Ғарбнинг Ўзбекистон билан хавфсизлик юзасидан ҳамкорлиги бу Афғонистон масаласидир”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчига кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов агар коалицион кучлар Афғонистонни ташлаб бу ердаги мамлакатларни ўз ҳолига ташлаб қўядиган бўлса яна бир Ироқдаги вазиятга ўхшаш ҳолат юзага келиши мумкинлигини айтиб босим ўтказишга ҳаракат қилган.

АҚШ ва ғарбий Оврўпа давлатларида хавфсизлик борасида маълум масъулият бор ва шу жиҳатдан авторитар дея танқид қилувчи давлатлари билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишга мажбур.

Раббимовга кўра Ғарб Ўзбекистонни ихоталаш орқали мақсадга эришиб бўлмаслигини тушуниб етган ва 2009 йилга келиб Андижон воқеалари муносабати билан қўлланилган санкциялар эҳтиёткорлик билан олиб ташланган.

“Ғарб Ўзбекистон билан келишишга мажбур бўлди. Буни тақозо қилган бир қанча сабаблар бор. Афғонистондаги вазият, Марказий Осиёдаги геосиёсий вазият, Путиннинг лойиҳаларини тийиб туриш. Энг асосийси Каримовни олиб ташлаш учун ресурслар етишмаслиги ва Ўзбекистоннинг геосиёсий чорраҳада жойлашганлиги. Яъни Ўзбекистонда ҳар доим танлаш имконияти мавжуд. Мана шу имкониятни Каримов жуда ҳам моҳирона кўрсатди”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Ушбу ҳарбий транспортларнинг Ўзбекистонга берилишини Лондондан таҳлилчи жамиятшунос Алишер Илҳомов Афғонистондаги ҳолат билан боғларкан, масаланинг иккинчи томонига ҳам эътибор қаратади.

Таҳлилчига кўра, иккинчи томондан Ўзбекистоннинг амалдаги режими Андижон воқеалари манзарасида халққа нисбатан қурол ишлатиши билан маълум.

Шу томонини инобатга олинса, Ўзбекистонга ҳарбий техникаларни бериш савол остидаги масаладир.

“Ўзбекистонга ҳарбий техника бериш масаласи, на Британия ва на АҚШда Марказий Осиё бўйича экспертлар билан етарли даражада муҳокама қилингани йўқ. Ушбу масала ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилинмоқда. Бу техникаларнинг қирон келтиришга мўлжалланмаганлиги ҳақидаги гапларда асос йўқ. Ушбу зирҳли машиналарнинг устига пулемет қўйиш билан у хавфли воситага айланади”, - дейди Алишер Илҳомов.

Кузатувчилар ушбу машиналарни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш ўта қимматлиги сабаб ҳам Ўзбекистонга тақдим қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлашган.

Алишер Илҳомов унинг самарадорлигини савол остига олади.

Таҳлилчига кўра АҚШ томонидан тақдим қилинаётган машиналар асосан миналаштирилган далаларда душманга қарши юришга мўлжалланган. Бироқ Ўзбекистон бундай жанглар олиб бормаган ва олиб бориши ҳам даргумон.

Бундан ташқари, таҳлилчилар АҚШ томонининг ушбу машиналарни Афғонистондан эмас Америкадан олиб келиниши кераклиги ҳақидаги қарорини савол остига олишган.

Бу каби транспортларни Ўзбекистонга олиб келиш ҳар бир машинага ўртача 50 минг долларга тушиши айтилмоқда. Келишувга кўра йўл ҳаражатларини машиналарни қабул қилиб олаётган томон кўтариши лозим.

Машиналарни таъмирлашга кетадиган катта маблағ ҳам ўзбек ҳарбийларига қимматга тушиши мумкинлигини башорат қилинмоқда.

Экспертларга кўра MRAP ёки минага қарши зирҳланган ҳарбий машиналар ўта оғирлиги сабаб дунёдаги 70 % дан ортиқ кўприклар уларни кўтара олмайди.

Бу жиҳатдан ҳам уларнинг Ўзбекистон ичида ҳаракатланиши яна бир бош оғриқ бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ