Би-би-сига айтаман: "MY5 телеканали сабаб ўнлаб ТВ ходимлари ишсиз қолдилар"

Би-би-сига йўлланган хатга биноан, Ўзбекистонда янги очилган MY5 телеканали сабаб маҳаллий телевидениенинг ўнлаб ишчи-ходимлари ишсиз қолганлар.

Бу ходимлар Андижондаги "Водий садоси" Ёшлар Телерадиокомпаниясининг ижодий жамоаси бўлгани хабар қилинади.

"Телерадиокомпания ходимларининг маълумот беришича, аудиториясини кенгайтириш мақсадида MY5 телеканали ўз эфирларини "Водий садоси" орқали Фарғона водийсига трансляция қилишни режалаштирган.

Шу боис MY5 телеканали раҳбарияти "Водий садоси" ЁТРК раиси билан шартнома имзолаган.

Мазкур шартномага кўра, эндиликда "Менинг юртим" (қисқартмаси - "MY5") телеканали Фарғона водийси бўйича хам эфирга чиқа бошлаган. Яъни "Водий садоси" телерадиокомпанияси кўрсатувлари ўрнини янги телеканал трансляцияси эгаллаган.

Бироқ бу шартнома неча йиллардан буён телерадиокомпанияда содиқлик билан ишлаб келаётган журналист, тасвирчи, монтажчиларнинг ишсиз қолишларига сабаб бўлди.

"Бизни ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз, қишнинг кунида бошқа иш топишимизни айтиб ишдан бўшатишди",-дейди ўз исми шарифини ошкор этишни истамаган журналистлардан бири. - Биз йиллар давомида телерадиокомпания билан бирга бўлдик. Айрим сабабларга кўра ёпилиб, эфир тўхтатилганда ҳам, ойлик маош беролмай қолган кунлари хам ишхонамизни қўллаб-қувватлаб келганмиз. Энди эса бизни кераксиз буюмдай кўчага улоқтиришди".

"Бизни ўша телеканалга ҳеч бўлмаганда Андижондаги ходим қилиб ишга жойлаштирса бўларди",-дейди тасвирчи йигитлардан бири.

Айни кунларда ишдан бўшаган ишчи ходимларнинг бир қисми бошка телеканал, оммавий-ахборот воситаларига ишга ўтган, айримлари Россияга ишга кетиш ҳақида ўйлаб юришибди.

"Водий садоси" телерадиаканали маъмурияти эса ишсиз қолган ходимларининг молиявий ва маънавий ҳолати ҳақида қайғураётгани йўқ.

Маълумот учун: "Водий садоси" Ўзбекистонда очилган илк, қалдирғоч нодавлат телевидениелардан бири ҳисобланиб, 1991 йилда фаолият бошлаган. Кейинроқ "Водий садоси" радиоси ва "Тасвир" газетасини ташкил этиб телерадиокомпанияга айланган.

MY5 телеканали эса ўзининг тест режимидаги илк эфирини 2014 йилнинг 12 ноябрдан бошлаб тақдим этган, декабр ойидан эса тўлиқ эфирга чиқишни бошлаганди.

Янги нодавлат телеканал муассислари Ёшлар маданият ва санъат маркази, "Камолот" Ёшлар Ижтимоий Ҳаракати, ЎзЭОАВМА (НАЭСМИ)ҳамда "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ҳисобланади". деб ёзади маълум сабабларга кўра исмини бермасликни сўраган ўзбекистонлик журналист Би-би-сига.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ