‘Исломий Давлат’, Мулла Умар ва Марказий Осиё

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

“Исломий Давлат” минтақада узоққа бора олиши мумкин ва бунинг учун аллақачон замина ҳам бор”.

Дунёдаги энг қудратли бу жиҳодчи гуруҳнинг Марказий Осиёнинг шундоқ биқинида ўзининг янги тармоғига асос солганига оид хабарга таҳлилчиларнинг муносабати худди ана шундай бўлмоқда.

“Исломий Давлат” шу ҳафта бошида эндиликда қўшни Афғонистон ва Покистонда фаолият олиб боражак бўлинмасини ташкил қилгани, Покистон Толибон ҳаракатининг собиқ воизини ўзининг минтақадаги қўмондони этиб тайинлаганини расман эълон қилганди.

Ўтган йили Яқин Шарқда исломий халифатига асос солган ва аллақачон шафқатсиз жанг олиб бориш услуби билан бутун дунёга танилган бу гуруҳ янги тармоғи аъзоларининг аниқ сони, мақсади ва фаолият режаси ҳақида кўп нарса, ҳозирча, кенг оммага маълум эмас.

Аммо сўнгги ойларда интернетда эълон қилган видеобилдиришларидан ҳам Покистон Толибон ҳаракати ва ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати қатор юқори мартабали қўмондонларининг “Исломий Давлат” сафларига қўшилишгани маълум бўлганди.

Бундан ташқари, шу кунларда “Исломий Давлат” гуруҳининг қўшни Афғонистоннинг камида беш вилоятидан жангарилар ёллашга муваффақ бўлаётгани, жумладан, Марказий Осиёга қўшни шимолий минтақаларига ҳам сизиб киришга улгургани маълум бўлмоқда.

Ўтган йил охирларида эса, ҳар икки Толибон ҳаракатининг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари бошчилигида гуруҳга ўз садоқатини ошкора баён қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи s

Аммо Покистон Қуролли кучлари мамлакатнинг Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи ярим мухтор Вазиристон минтақасида олиб бораётган бир неча ойлик кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб, ҳаракат раҳбарияти ва аъзоларининг ҳозир айнан қаердан бошпана топишаётгани маълум эмас.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозий “Исломий Давлат” гуруҳига садоқатлари баён қилинган сўнгги баёнотида ўзларининг Шимолий Вазиристон минтақасида ночор аҳволда эканликларини билдирган, аммо орада уларнинг тақдирлари нима бўлгани борасида бирор бир ишончли маълумот ўртага чиқмаган.

Минтақадан шу пайтга қадар имконли бўлган хабарлардан фақат “Исломий Давлат” янгитдан асос солган тармоқ аъзоларининг собиқ толиблар экани маълум.

Худди шу манзарада улар ораларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари бор ё-да йўқлиги ҳақида хабарлар йўқ.

Аммо минтақадан "Исломий Давлат" гуруҳига ёлланаётганлар сафларида ўзбек, араб ва чечен жангарилари борлигига оид айрим маълумотлар бор. Лекин бу хорижий жангариларнинг қай бир исёнчи гуруҳ аъзолари экани ҳам, ҳозирча, аниқ эмас.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, йилларки, Афғонистон ва Покистон орасидаги қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келаётган хорижий жангарилар аксариятини "ал-Қоида" тармоғи аъзолари ташкил қилишган.

Лекин орада кечган йиллар давомида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларининг ҳам турфалашиб улгургани айтилади.

Исломий халифат ғояси ва минтақа

Фото муаллифлик ҳуқуқи

“Исломий Давлат” ўтган бир неча йилнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудни босиб олган, халифи Абу Бакр ал-Бағдодий эса, орада энди Саудия Арабистонига кўз тикаётганликларини ҳам ошкора баён қилганди.

Айрим хабарларга кўра, шу пайтгача Ливия, Миср ва Ливандаги кичикроқ жангари гуруҳлар ҳам Яқин Шарқдаги бу янги исломий халифат раҳбарига байъат келтириб бўлишган.

Устига устак, Ислом динидаги уч муқаддас заминни ўз ичига олувчи глобал халифат барпо этишни мақсад қилган бу қудратли жиҳодчи гуруҳ аъзоларининг сони дунёнинг турли бурчакларидан ёлланаётган шахслар ҳисобига жадаллик билан кенгайиб бориши айтилмоқда.

Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс ҳам “Исломий Давлат”нинг бугунга келиб нега айнан қўшни Афғонистон ва Покистонга кўз тикаётгани сабабини худди шу омил билан изоҳлайди.

Image caption Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи

“Гуруҳнинг якуний мақсади – янги глобал исломий халифат барпо этиш. “Исломий Давлат” жорий пайтда Ироқ ва Сурияда салмоқли ҳудудни назорат қилаётган бўлса ҳам, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучларининг давомий ҳаво ҳужумлари сабаб, ҳозир босим остида қолган. Шу боис ҳам, ҳозир ўз фаолиятини кенгайтириш учун янги минтақалар топиш ҳаракатига тушиб қолган. Яъни, гуруҳ ўзининг исломий халифалигини фақат Яқин Шарқ чегаралари билан чекламоқчи эмас. Уни Афғонистону Покистон чегараларига қадар узайтиришни кўзламоқда, назаримда”, - дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Худди шу манзарада Би-би-сига имконли бўлган айрим хабарларга таянилса, “Исломий Давлат” минтақада асос солган янги тармоғи ҳам “Хуросон Исломий Давлати”, деб юритилади.

Таҳлилчиларга кўра, гуруҳ Яқин Шарқ, Эрон, Покистон ва Афғонистон каби қатор минтақа мамлакатларини ўз ичига олувчи янги Хуросон давлатини барпо этиш ҳаракатида.

“Бунга эса, айримлари пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) давридан ҳам қолган айрим қараш, ишонч ва ақидалар сабаб бўлган, асос яратган”, - дейди, жумладан, Покистондан Толибон ва исёнчилик масалалари бўйича эксперт Хадим Ҳусайн.

Аксарият Марказий Осиё давлатларига қўшни Эрон ва Афғонистоннинг маълум ҳудудлари эса, қадимда Хуросон, деб юритилган.

Худди шунга биноан, баъзи бир мусулмонлар Қиёмат қойим бўлишидан олдин Хуросон узра қора байроқлар ҳилпирайди, деган гапга ишонишади.

“Исломий Давлат” учун замина тайёр"

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Покистонлик етакчи ҳарбий эксперт суҳбатдошимизнинг фикрларига таянилса, “Исломий Давлат” гуруҳининг минтақадаги исёнчиларни ўзига жалб этувчи бир эмас, бир нечта жозибали жиҳатлари бор.

“Биринчиси, гуруҳнинг айнан Хуросон давлатини барпо этишга оид аниқ концепция, ғояга эга эканидир. Бу – минтақадаги нима исташини аниқ билмайдиган қўмондонларни ўзига жалб этиши, “Исломий Давлат” сафларининг маҳаллий жангарилар билан бойишига хизмат қилиши мумкин. Иккинчиси, “Исломий Давлат” Сурия ва Ироқда ўрнатган модел, яъни ижтимоий бошқарув услуби бўлади. Учинчиси эса, гуруҳ эга бўлган бойлик. “Исломий Давлат”нинг қўлидаги ресурслар ҳам Покистон ва ҳам Афғонистондаги турли гуруҳлар ва қўмондонларга жуда қўл келиши мумкин”, - дейди ҳарбий эксперт Хадим Ҳусайн.

Айнан ўзи тилга олиб ўтган омилларни назарда тутаркан, покистонлик суҳбатдошимиз “Исломий Давлат”нинг минтақада фаоллашиши учун замина аллақачон тайёр эканини ҳам таъкидлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, “Исломий Давлат” гуруҳининг Покистон ва Афғонистонда ўзининг янги бўлинмасига асос солиб, хос қўмондонини тайин этганига оид хабар катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари минтақани тарк этиб бўлгани манзарасида кузатилмоқда.

Устига устак, бу каби янгилик сўнгги ўн йилликларда минтақадаги асосий исёнчи гуруҳ сифатида эътироф этилган ҳар икки Толибон ҳаракати сафларида бўлинишлар кузатилаётган ва уларнинг яқин иттифоқчиси бўлган “ал-Қоида” тармоғи ҳам анчайин заифлашган бир вазиятда ўртага чиқмоқда.

Айни шу нуқтада ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, мавжуд ҳолат ҳам “Исломий Давлат”нинг фойдасига хизмат қилиши мумкин.

“Ҳа, бундай эҳтимолни назардан соқит этиб бўлмайди. Чунки Толибонга ўхшаган исёнчи гуруҳлар назарда тутилганда, раҳбариятининг амалларидан норози аъзолари ҳар доим топилади. Агар, “Исломий Давлат” Толибон ҳаракати сафларидаги ана шу норозилик ва тарқоқликлардан фойдалангудек бўлса, анчагина ютуққа эришиши мумкин. Чунки мавжуд ҳолат гуруҳ учун минтақадаги янги жангариларни ёллашнинг эҳтимолий манбаси бўлиб хизмат қилади”, - дейди Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, "Исломий Давлат" Яқин Шарқда эришаётган ютуқлар Жанубий Осиёдаги бошқа жангари гуруҳларни ҳам беэътибор қолдирмаган.

Гуруҳ қанчалик узоққа бора олади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўз ўрнида, суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, “Исломий Давлат”нинг минтақада қанчалик узоққа бора олиши ҳам, бир томондан, айнан Толибон ҳаракати сафларидаги тарқоқликнинг даражасига боғлиқ бўлади.

Эслатиб ўтиш жоиз, сўнгги йилларда Покистон Толибон ҳаракатининг қатор раҳбарлари америкаликларнинг дрон ҳужумларида устма-уст ўлдирилган, минтақадаги толибларнинг барчаси байъат келтирган Афғонистон Толибон ҳаракатининг йўлбошчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг қаердалиги эса, 2001 йилдан буён маълум эмас.

Ҳануз глобал исломий халифат барпо этиш истагида эканини даъво қилувчи яқин иттифоқчиси “ал-Қоида” тармоғидан фарқли тарзда, ҳар икки Толибон ҳаракати ҳам шу пайтгача фақат ўз ватанларида исломий давлат қуриш мақсадида бўлишган.

Минтақадаги жаъми Толибон жангариларининг аниқ сони маълум эмас, аммо, минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳам Покистондагиси ва ҳам Афғонистондагиси қўшиб ҳисобланганда, толибларнинг тахминий сони 15 минглар атрофида бўлиши мумкин.

Шу ўринда яна бир бор эслатиб ўтиш жоиз, шу пайтгача қанча сондаги Толибон жангарисининг “Исломий Давлат” сафларига ўтгани номаълум. Аммо, ҳозирча, уларнинг сони ўнлаб экани гумон қилинади.

Покистондан ҳарбий эксперт Хадим Ҳусайнга кўра, “Исломий Давлат”нинг минтақадаги муваффақияти, бошқа томондан, Покистон ва Афғонистон ҳукуматларининг исёнчиларга қарши жорий сиёсати ва стратегиясининг қанчалик иш беришига ҳам боғлиқ бўлади.

“Агар, бу икки давлат ҳукуматлари жангарилик ва экстремизмни йўқ этишга муваффақ бўлишмаса, мен юқорида тилга олиб ўтган бошқа барча омиллар билан бирга бу – “Исломий Давлат”нинг минтақага янада фаолроқ кириб келиши, янгидан янги жангарилар ёллаши ва ўз тармоқларини барпо этишига йўл очиши мумкин. Чунки Афғонистон ва Покистонда аллақачон “Исломий Давлат”ни ҳар томонлама қўллаши, уларга кўмак бериши мумкин бўлган тармоқлар мавжуд”, - дейди эксперт.

Нега Толибон раҳбарлари жим?

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, ҳар икки Толибон ҳаракати раҳбарияти ҳам, ҳозирча, “Исломий Давлат”нинг минтақада ўз тармоғига асос солганига оид “Твиттер”даги душанба кунги аудиомурожаатига бирор бир расмий муносабат билдиришмаган.

Жумладан, қаердалиги номаълум қолаётган бўлса-да, ҳар йил афғон халқига ўзининг Ҳайит табригини йўлловчи Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар ҳам воқеаларнинг сўнгги ривожи борасида жим.

Яъни, Мулла Муҳаммад Умар шу кунларда “Исломий Давлат”нинг Афғонистонга сизиб киришга муваффақ бўлаётгани, ўзининг собиқ яқин ҳамкори Мулла Абдул Рауф гуруҳнинг Афғонистондаги асосий ёлловчиси экани ва айнан Афғонистон Толибон ҳаракатининг иккита асосий истеҳкомидан биттаси бўлган жанубий Ҳелманд вилоятида ўз базасини ташкил этиш ҳаракатида эканига оид хабарлар юзасидан ўз баёноти билан чиқмаган.

Мавжуд ҳолат, ўз ўрнида, ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчиларнинг эътиборларидан четда қолмаган. Аммо бераётган баҳоларидан келиб чиқиб, бу хусусда уларнинг турли қарашга эга эканликларини ҳам кўриш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Жумладан, халқаро таҳлилчи Пол Рожерс, “Бир томондан, Толибон ҳаракати раҳбарияти мавжуд ҳолатнинг узоққа чўзилмаслиги, вақтинчалик жараён эканига умид қилаётган бўлиши мумкин. Бошқа тарафдан, агар улар бу хусусда ошкора баёнот билан чиқишса, “Исломий Давлат”нинг мақомини эътироф этган бўлиб чиқишади. Яқин Шарқдаги бу гуруҳга эса, худди шу нарса керак. Менимча, шу туфайли ҳам Толибон ҳаракати раҳбарияти жим. Яъни, улар “Исломий Давлат”ни инкор қилиб, мавқеини аҳамиятсиз қилиб кўрсатиш учун сукут сақлашга ҳаракат қилишади”, - деркан, бу билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатиб боришнининг муҳим эканини алоҳида урғулайди.

“Чунки Толибон ҳаракати раҳбариятининг яна қанчагача миқ этмай туришларини фақат вақт кўрсатади. Агар, Толибон ҳаракати раҳбарияти, айниқса, Мулла Муҳаммад Умар мақомидаги шахс бу хусусда ошкора баёнот билан чиқадиган бўлса, бу – уларнинг воқеалар ривожидан жиддий хавотирда эканликларига далолат қилади”, - дейди таҳлилчи.

Покистондан етакчи ҳарбий эксперт бўлган суҳбатдошимиз Хадим Ҳусайн эса, бу масалага муносабатда ҳам “Исломий Давлат” ва ҳам ҳар икки Толибон ҳаракати ўз олдига қўйган мақсадига алоҳида диққат қаратиш лозимлигини таъкидлайди.

Унга кўра, “Исломий Давлат”нинг минтақадаги ҳозирлиги билан боғлиқ воқеалар ривожининг якуний нуқтаси ҳам алал-оқибат худди ана шу омилга бориб тақалиши эҳтимоли йўқ эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

“Афғонистон ва Покистондаги жангари гуруҳлар аввалига “Исломий Давлат” таҳдидига қаршилик кўрсатишга уриниб кўришлари мумкин. Аммо, шунда ҳам, бу масалада қўлларидан унча катта иш келмайди, назаримда. Чунки тажриба ғоялари бир хил бўлган рақиб исёнчи гуруҳларнинг кейинчалик тил топишиб кетишганини кўрсатган. Худди шу нуқтаи назардан, “Исломий Давлат” ва ҳозир минтақада фаол бўлган жангари гуруҳларнинг доктринаси бир хил, фақат уни амалга ошириш йўллари фарқли. Аммо, менимча, жангари ва экстремист гуруҳлар бу каби келишмовчиликларга осонлик билан барҳам бера олишади. Иттифоқчига айланишлари эҳтимоли йўқ эмас”, - дейди суҳбатдошимиз.

Покистонлик ҳарбий эксперт, ўз ўрнида, ҳар икки Толибон ҳаракати ва ўзбек, араб, чечен ҳамда уйғур жангариларини ўз ичига олувчи бошқа исёнчи гуруҳлар ҳам ўзларини расмий баёнотлардан тийиб, ҳозирча пайт пойлашаётгани, “Исломий Давлат” минтақада қанчалик катта кучга айлана олишини кутишни маъқул кўраётган бўлишлари ҳам мумкин, дейди.

Бу – Марказий Осиё учун нимани англатади?

Айни масалада ҳам энг аввало шуни таъкидлаш керакки, “Исломий Давлат” гуруҳининг шундоққина биқинларида ўзининг янги тармоғига асос солганига оид хабарга, ҳозирча, бирор бир Марказий Осиё давлати раҳбарияти расман муносабат билдирмаган.

Аммо мавжуд ҳолат минтақа давлатлари раҳбарларининг “Исломий Давлат” таҳдидига буткул бефарқ эканликлари ёки воқеаларнинг бу каби ривожидан хавотирда эмасликларига далолат қилмайди.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб бу хусусда ўзининг ташвишларини расман ва ошкора баён қилган, “жангари экстремизмнинг ёйилиб бораётгани”дан жиддий хавотирларини изҳор этганди.

Айни мавзу Ўзбекистон каби Афғонистонга бевосита қўшни Тожикистон президентининг эътиборидан ҳам четда қолмаган, жаноб Имомали Раҳмон “Исломий Давлат”ни, ҳатто, 21 асрнинг вабоси”, деб баҳолашгача борганди.

Яқинда эълон қилинган расмий рақамлардан эса, минглаб минтақа фуқароларининг “Исломий Давлат” сафларида жанг қилишаётгани аён бўлган, шу кунларда гуруҳ Афғонистоннинг Марказий Осиё чегараларига яқин вилоятларидан ўзига жангарилар ёллаётгани ҳам ўз тасдиғини топганди.

Бир томондан, ҳатто, халқаро таҳлилчилар орасида ҳам Яқин Шарқда жанг қилиб, ватанларига қайтаётган бу каби фуқароларнинг ўз давлатлари хавфсизлиги учун асосий муаммога айланишлари мумкинлигига оид хавотирлар йўқ эмас.

Бошқа тарафдан, минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳар икки Толибон ҳаракати сафларидаги тарқоқлик, сўнгги йилларда “ал-Қоида” ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати юз тутган парокандаликлар минтақада жангари тармоқларнинг янги иттифоқлари юзага келиши эҳтимолини ҳам пайдо қилган.

Уларнинг айтишларича, агар, Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Эрондаги жангари гуруҳлар “Исломий Давлат”га қучоқ очгудек бўлишса, гуруҳ, ҳақиқатан ҳам, минтақа учун йирик таҳдидга айланиш потенциалига эга.

“Исломий Давлат”нинг ўз ҳудудларида янги тармоғини очганига оид баёнотига, ҳозирча, на-да Афғонистон ва на-да Покистон ҳукуматию ҳарбийлари бирор бир муносабат билдиришган.

Би-би-сининг бу хусусда улардан расмий изоҳ олиш уринишлари эса, ҳозирча, ўз самарасини бермаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ