Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Оғир иқтисодий вазиятдан Ўзбек амалдорлари кўпроқ бойлик орттиради'

Иқтисодий эркинликлар янги рейтингида Ўзбекистон 178 мамлакат орасидан 160-чи ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон бу рўйхатда яна ёмонларнинг ёмони сафидан ўрин олган, 100 балл билан ўлчанганда 47 балл тўплаган.

АҚШдаги Heritage Foundation жамғармаси ва The Wall Street Lournal 2015 йилги дунё мамлакатларининг иқтисодий эркинлиги рейтингини эълон қилган.

Ушбу рейтинг 1995 йилдан буён эълон қилиниб келади.

У ёки бу мамлакатдаги иқтисодий эркинлик вазиятини баҳолашда 10 та омилга таянилади.

Улар - мулк ҳуқуқи, коррупциядан холилик, фискал эркинлик, ҳукумат иштироки, тадбиркорлик эркинлиги, меҳнат эркинлиги, монетар эркинлик, савдо-сотиқ эркинлиги, сармоялар эркинлиги ва молиявий эркинлик.

Ушбу категориялар бўйича ҳар бир мамлакатга 100 баллгача бўлган ўлчов бўйича баҳо берилган.

82 баллдан юқори балл тўплаган мамлакатлар "иқтисоди эркин" мамлакатлар деб таърифланган.

Бу йил ҳам Гонконг иқтисоди энг эркин мамлакат деб топилган, тўплаган умумий балли 89,6 га тенг деб кўрилган.

Ундан сўнг Сингапур, Янги Зеландия, Австралия, Швейцария, Канада, Чили, Эстония, Ирландия ва Маврикий иқтисоди энг эркин ўнлик рўйхатидан жой олган.

Собиқ Шўро республикаларидан Литва 15-, Гуржистон 22-ўринни, Латвия 37-, Арманистон 52-, Қозоғистон 69-, Қирғизистон 82-, Озарбайжон 85-, Молдова 111-, Тожикистон 140-, Россия 143-, Беларус 153-, Ўзбекистон 160-, Украина 162-, Туркманистон 172-ўринни эгаллаган.

2014 йилги рейтингда Ўзбекистон 46,5 балл билан 163-ўринда бўлган.

Рейтинг кўрсаткичларида Ўзбекистоннинг коррупциядан холилик, меҳнат эркинлиги категорияларида ўтган йилга нисбатан юқорироқ балл тўплаган.

Лекин Ўзбекистон ҳамон иқтисодий эркинликларни бўғиб келаётган мамлакатлар сафида қолган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин "эскисини бузмасдан туриб, янгисини қурмаслик", давлат бош ислоҳотчи экани ҳақидаги иқтисодий сиёсат танланди, мамлакат босқичма-босқич планли экономикадан бозор иқтисодиётига ўтишни ўз олдига мақсад қилгани эълон қилинди.

Аксар таҳлилчилар Ўзбекистон валюта конвертациясига чеклов киритган 1996 йилгача иқтисодий ислоҳотлар жадал ва самарали кечганини эътироф этадилар.

Қисқа вақт ичида ислоҳотлар ўз самарасини беришга улгурди, Ўзбекистон Шўролар Иттифоқи қулаши арафасидаги инқироздан олдинги иқтисодий кўрсаткичларига қайтишга муваффақ бўлди.

Бироқ фермерларга эркинлик берилмади, номи акционерлик деб ўзгартирилгани билан деярли барча соҳалардаги давлат назоратидан воз кечилмади, ҳақиқий хусусийлаштириш амалга ошмади.

Охир-оқибатда 10000 кишини иш билан таъминлаган Чкалов авиазаводидек қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари асбоб-усукуналари яроқсиз аҳволга келди.

Ўзбекистонликлар иш қидириб, Қозоғистон ва Россияга кетишга мажбур бўлдилар.

Ўзбек расмийлари ҳамкорликлари билан фахрланган қатор хорижий ширкатлар Ўзбекистонни тарк этиб кетдилар.

Шундай бўлса-да, энг юқори минбарлардан Ўзбекистон иқтисоди ҳар йили 7-8 фоиздан ўсаётгани ҳақида мунтазам эълон қилиб келинади.

Хўш, Ўзбекистон амалдорлари нега иқтисодий эркинликларни ҳам бўғадилар?

"Чунки бундай вазиятдан Ўзбек амалдорлари осон бойлик орттиради", дейди Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Банклар ассоциациясида юқори лавозимларда ишлаган, ҳозир эса Қозоғистондаги Овросиё институтида дарс бераётган иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.