'Билайн' рекламалари тақиқланди

Ўзбекистон матбуотининг расмийларга иқтибосан хабар беришича "Билайн" мобил телефон ширкатининг бутун республика бўйлаб рекламаларининг эфирга узатилиши тўхтатилган.

Хабарларга кўра, Хусусийлаштириш, демонополизация ва рақобатни ривожлантириш Давлат Қўмитаси "Билайн" рекламаларда ўзини "энг зўр ширкат" дея асоссиз тақдим этганлигини сабаб қилиб келтирган.

"Билайн" ширкати рекламаларининг эфирдан олиб ташланиши ҳақида Podrobno.uz. ва Kun.uz вебсаҳифалари хабар беришмоқда.

Уларга кўра, бу тақиқни изоҳлаб Хусусийлаштириш, демонополизация ва рақобатни рвиожлантириш Давлат Қўмитаси баёнот берган.

Интернет нашрларининг хабар беришича, мазкур баёнотда Ўзбекистонда "Билайн" номи остида фаолият кўрсатаётган бўлинма реклама ҳақидаги қонуннинг 13 моддасини бузган.

Яъни Қўмитага кўра, "Билайн" ўзининг "Инновация" дея номланган реклама акциясида "Билайн энг зўр компания" дея даъво қилган , аммо бу даъвонинг исботини келтирмаган.

Podrobno.uz вебсаҳифаси ушбу хабарларни шарҳлаб беришни «Beeline» матбуот хизматидан сўраган.

Ширкат матбуот котиби Резида Эрдман ўтган йили монополияга қарши қўмита расмийлари билан реклама жиҳатлари борасида мулоқотда бўлганлари, лекин ўшанда ҳеч қандай чоралар кўрилмаганлигини маълум қилган.

"Билайн" бренди Ўзбекистондаги энг йирик мобил операторларидан биридир.

2013 йил октябрида Ўзбекистон солиқ идоралари уяли телефон операторининг Тошкентдаги бош офисида текширув ўтказган, лекин комплекс текширувлар давомида жиддий қонунбузарлик топа олмагани маълум қилинганди.

2013 йилнинг май ойида Ўзбекистон хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси "Билайн" Ўзбекистон телеробита бозорининг 54 фоизини, "Coscom"эса бу бозорнинг 41 фоизини назорат қилишини аниқлаган эди.

Россиянинг "Вимпелком" мобил ширкати 2006 йилда Ўзбекистондаги маҳаллий мобил оператори "Юнител"нинг 100% акцияларини сотиб олиб, ўзбек мобил бозорига кирганди.

"Вимпелком"нинг 2013 йил март ойида чиққан йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримовага яқин шасхлар томонидан юритилувчи ва Гибралтарда қайд қилинган "Такилант" ширкати 2007 ва 2009 йиллар орасида "Вимпелком" ўзбек бўлимининг кичик ҳиссадори бўлгани айтилган.

Би-би-си ҳам ўз навбатида реклама тақиқи борасида изоҳ беришни сўарб, "Билайн" ширкатига мактуб йўллади. Лекин бу мурожаат ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Айни вақтда "Билайн" брендига эгалик қилувчи "Вимпелком" ва Норвегия ҳукуматига қисман тегишли "Теленор" ширкати билан боғлиқ яна бир можаро юзага келаётган кўринади.

Норвегия Савдо, саноат ва балиқчилик вазирлиги яқинда номаълум шахсдан қатор мактублар келиб тушган.

Мазкур аноним хатларда Ўзбекистонда фаолият юритувчи "Билайн" мобил операторининг эгаси бўлмиш "Вимпелком" ширкати олти йил давомида Гулнора Каримовага алоқадор бўлган ширкатларга катта миқдорда пора бериб келгани иддао этилади.

Ўз навбатида "Вимпелком" "Такилант"га тўловлар ўтказганлигини тан олган.

"Вимпелком" ўзининг Ўзбекистондаги фаолияти борасида аллақачон Америка, Швейцария ва Голландия ҳукуматлари томонидан тергов қилинмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ