'Афғонистонда ўзбекистонлик уч аёл қўлга олинди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Расмийларга кўра, учовлон Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарадош шимолий Фарёб вилоятида шу пайшанба куни ҳибсга олинишган.

Вилоятдаги мухбиримизга кўра, улар Толибон қуроллилари билан ҳамкорлик қилишда гумон этилишмоқда.

Аммо, ҳозирча, ўзбекистонлик эканликлари айтилаётган бу уч аёл ўзларининг қай бир қуролли гуруҳ аъзолари эканликлари маълум эмас.

Фарёб вилояти расмийлари дастлабки хабарларда уларнинг фақат "исёнчи аёл" эканликларини айтиш билан чекланишган, холос.

Вилоят ҳокими Муҳаммад Батошнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига билдиришича, жорий пайтда учовлон устидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ҳоким жанобларига кўра, фақат текширув ишлари ортидангина, ўзбекистонлик аёлларнинг шахслари, ёши ва қай бир исёнчи гуруҳ аъзолари экани маълум бўлади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, маҳаллий хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган учовлон ҳозир вилоятнинг маҳбусалар учун мўлжалланган махсус ҳибсхонасида тутиб турилибди.

Бу ҳақда Ўзбекистон томонига хабар бериш вилоят ҳокимлиги ваколатлари доирасига кирмайди, лозим деб топса, бу иш билан тез орада марказий ҳукумат шуғулланади, дейди у.

Қисқача тафсилот ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, ўзбекистонлик аёллар вилоятнинг энг беқарор Қайсор туманидан марказий Маймана шаҳрига келаётган пайтларида хавфсизлик назорат нуқтасида қўлга олинишган.

Жумладан, вилоят ҳокими Муҳаммад Батош жанобларининг айтишича, улар аввалдан маҳаллий хавфсизлик кучларининг кўз остларида бўлишган.

Вилоят хавфсизлик идоралари ҳибсга олинган учовлонни Маймана шаҳрига жосуслик маълумотлари йиғиш учун келаётганликда гумон этишган, дейди суҳбатдошимиз.

Ҳоким жанобларига кўра, жорий пайтда вилоят ҳудудида 30 нафар ўзбекистонлик исёнчининг борлиги маълум.

Суҳбатдошимиз уларнинг 18 нафари жангари экани, қолганлари мина ясаш билан шуғулланишларига оид ишончли маълумотларга эга эканини ҳам айтади.

Фарёб вилояти ҳокимига кўра, бу исёнчилар толиблар билан ҳамкорликда фаолият юритишади. Бу йўлда ўз аёлларидан ҳам фойдаланишади.

Тарихча ўрнида

Муҳаммад Батош жанобларининг айтишича, ўзбекистонлик жангарилар бундан 2-3 ойча бурун Фарёб ҳудудида пайдо бўлишган.

Суҳбатдошимизга кўра, армиянинг бир неча ойлик кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб, улар Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи ярим мухтор Вазиристон минтақасидан кочиб келган бўлишлари мумкин.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, ўтган 13 йил давомида Вазиристон минтақаси Толибон, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Ал-Қоида" тармоғи каби қатор жангари гуруҳлар аъзолари учун хавфсиз бошпана вазифасини ўтаб келган.

Вилоят ҳокими ўзбекистонлик ўнлаб исёнчининг бир жойдан қўним топмай, хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга қараб, ҳудудма-ҳудуд кўчиб юришларини ҳам айтади.

Муҳаммад Батош жанобларига кўра, Туркманистон билан бевосита чегарадош эканини назарда тутиб, бу исёнчилар айнан Фарёб вилоятига келган бўлишлари мумкин.

"Бизнингча, уларнинг мақсади чегарадаги вазиятни нотинч қилиш бўлган", - дейди суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Фарёб қўшни Афғонистон билан 365 чақиримга узанган чегарага эга.

Ўтган йил туркманистонлик чегарачилар бир неча бор ўз ҳудудларида афғонистонлик қуролли шахсларнинг ҳужумларига учрашган, натижада бир неча туркман қўриқчисининг қурбон бўлгани ҳам хабар берилганди.

Бунинг ортидан, Туркманистон сўнгги ойларда Афғонистон билан ўзаро чегарасини мустаҳкамлаш учун "мислсиз чоралар"га қўл уришга киришган.

Фарёб вилояти ҳокимига кўра эса, шу кунларда вилоятнинг энг беқарор туманларида исёнчиларга қарши йирик ҳарбий амалиёт йўлга қўйилган.

Вилоятдан олинган сўнгги хабарларга кўра, Қайсор туманида аллақачон 14 исёнчи ўлдирилган. Улардан икки нафарининг ҳам ўзбекистонлик экани айтилмоқда.

Ҳарбий амалиётлар натижасида ўлдирилган бу икковлондан бирининг Толибон қўмондони сифатида фаолият юритгани ҳам хабар берилади.

Фарёб

Фарёб - Афғонистоннинг сўнгги йилларда вазияти жиддий издан чиқиб бораётган шимолий вилоятларидан биттаси саналади.

Бу ерда толиблардан ташқари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг ҳам фаоллашишганига оид хабарлар бор.

Айнан Фарёб вилоятининг хавфсизлиги Афғонистон парламентида ҳам бир неча бор муҳокама этилган, афғон ҳукумати орада минтақага ўзининг махсус ҳайъатини ҳам юборишга мажбур бўлганди.

Сўнгги ойларда Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг Афғонистоннинг қатор жанубий, жанубий-шарқий ва шимолий вилоятлари қаторида Фарёбга ҳам сизиб киришга уринаётганига оид хабарлар бор.

Бундан бир неча ой бурун Афғонистоннинг шимолий Сарипул вилояти расмийлари ҳам ҳудудларида ўзбекистонлик аёллар пайдо бўлишгани ҳақида хабар беришганди.

Улар ўзбекистонлик ўн нафар аёл вилоятнинг олис Кўҳистон туманида мина ясаш ва одамларни урушга тарғиб этиш билан шуғулланишаётганини айтишганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ