UzWebiston: Ўзбекистонда киракашлардан 4 миллион доллардан ортиқ жарима ундирилган

Ўзбекистонда ўтган йили лицензиясиз киракашлик қилган машина ҳайдовчиларидан 10,2 миллиард сўм миқдорида жарима ундирилган. Бу мамлакат Марказий банки курси билан ҳисоблаганда 4,1 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Бу борада Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар берилган, дея ёзилади kun.uzвебсайтида.

Ўтган йил давомида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва давлат солиқ органлари билан ҳамкорликда оз эмас-кўп эмас - 4400 тага яқин рейд ўтказилган. Ана шу тўсатдан текширувлар давомида автотранспорт воситалари эгалари томонидан лицензиялаштириш соҳасида йўл қўйилган 67 мингтадан ортиқ қонунбузарлик ҳолати аниқланган.

Айни вақтда, Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги ахборот хизматининг қайд этишича, мамлакатда лицензияланган автомобиллар сони 95 мингтага яқиндир.

Лекин маҳаллий таҳлилчиларнинг кузатишларича лицензия олмасдан йўловчи ташиб, пул топаётган машиналар эгалари рухсат олиб ишлаётган ҳайдовчиларга қараганда деярли икки баравар кўпдир.

«Менинг эскигина «Матиз»им бор. Ишга бораётганимда ё ишдан қайтаётганимда, йўлда улов кутиб турган йўловчиларни олиб кетаман. Ҳеч бўлмаса, овқатланишга пул чиқиб туради-ку!», дейди тошкентлик Мирҳамдам исмли киши.

Унинг айтишича, баъзан ҳордиқ кунлари ҳам киракашлик қилиш учун чиқиб турар экан.

«Агар, менга берилаётган иш ҳақи қора қозонни бемалол қайнатиш учун етганда эди, мен ҳам пулдорлар каби дам олиш кунлари бемалол оёқ узатиб, маза қилиб ётмасмидим», дейди Мирҳамдам.

«Ёнилғи нархи ошиб бораётган бўлса, устига бозордаги мева-чева, сабзавот, шакар нархи ҳам чақиб олади. Биз ўғирлик қилаётганимиз йўқ-ку, ҳалол хизмат қилиб, йўловчилар узоғини яқин қиляпмиз-ку!»

Бу гапларни айтган тошкентлик эллик ёшлардаги киши яқинда «қўлга тушиб», яхшигина жарима тўлаганидан ёзғириб, лицензия олиш учун борганини, лекин эрта келинг, индинг келинг, у етишмайди, бу етишмайди, манови ҳужжатингиз тўғри эмас, дея сарсон қилишганидан нолиди.

Мирҳамдамнинг айтишича машинасида йўловчиларни олиб кетаётганда, уни ҳам текширувчилар тўхтатишган, лекин қўлларига, унинг иборасига кўра «бир нима» тутқазиб, қутулиб кетган экан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ