Би-би-сига айтаман: "Ўзбекгеофизика" ходимлари 5 ойдан буён маош олишмайди

Image caption "Ўзбекгеофизика" "Ўзбекнефтгаз" Холдинг Компанияси таркибига кирувчи ташкилот ҳисобланади

Республика ҳудуди бўйича нефт ва газ қидирув ишларини олиб борадиган "Ўзбекгеофизика" нефт-газга истиқболли тузилмаларни чуқур бурғилашга тайёрлайди.

"Ўзбекгеофизика" АЖ да иш юритиш тили русча.

Лойиҳалар, ҳисоботлар, иш режалари, протоколлар ва бошқа турдаги ҳужжатлар рус тилида ёзилади.

Маошлар мунтазам 2-3 ой кечикиб берилади. Айрим ҳолатларда 4 ой кечикиши мумкин. Маошлар кечикиши сабаби изоҳланмайди.

2007 йилда Губкин номидаги нефт-газ институтининг филиали Тошкент шаҳрида очилган.

Очилиш маросимига шахсан Президентнинг ўзи ташриф буюриб, "нефт-газ соҳасида малакали кадрларга эҳтиёж борлиги, битирувчилар етук мутахассис бўлиб юрт иқтисодига ҳисса қўшиши" ҳақида сўзлаганди.

"Ўзбекгеофизика" АЖ да Губкин институтининг битирувчилари ҳам ишлашади.

Хизмат вазифаларини бажариш ўрнига уларни маҳаллий раҳбарлар томонидан фуқародан газга пул ундириш ишларига жалб қилинган ҳоллар мавжуд.

Айрим Губкин битирувчилари дала ишларида оддий бригадирнинг вазифасини (олий маълумот мутлақо шарт бўлмаган лавозим) бажариб юришибди.

Айнан маош ўз вақтида берилмаслиги ва ходимларга етарлича ҳақ тўланмаслиги мутахассисларнинг четга кетиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Охирги йиллар ичида ўнлаб кадрлар ва етук мутахассислар ишдан бўшаб четга кетишди.

Инженер мутахассис кадрлар, асосан, Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетишади.

Чунки айни шу давлатларда Ўзбекистондагидан кўра ўртача 3-5 баробар кўпроқ маош олишади.

Кадрлар бўшаб кетиши масаласи раҳбариятни ташвишга солаётгани йўқ. Бунинг олдини олиш учун бирор чора-тадбир кўрилаётгани йўқ.

Айни кунларда "Ўзбекгеофизика" АЖ нинг кўплаб ишчи-ходимлари октябр ойининг маошини олишмади.

Жами 4 ойнинг маошини олмасдан ишлаётган кадрлар оиласида чуқур етишмовчилик ҳукм сурмоқда.

Шукуржон Исломов

Етакчи геофизик

Ўзбек геофизиклари блогининг асосчиси