АҚШ элчиси: 'Ўзбекистон минтақадаги энг аҳамиятли давлат'

Image caption Памела Спратлен Россиянинг минтақадаги ролини танқид қилган

Қўшма Штатларнинг янги тайинланган элчиси Памела Спратлен Ўзбекистон "минтақадаги энг аҳамиятли давлат" эканини айтган.

Ўзининг Тошкентда ўтган биринчи матбуот анжуманида Спратлен хоним АҚШ Тошкент билан бундан кейин ҳам "мустаҳкам икки томонлама алоқаларни ривожлантириш" истагида эканини таъкидлаган.

"Ўзбекистоннинг аҳамияти унинг сарҳадлари билан чекланиб қолмаган. Республика ўзининг тарихий ва маданий салоҳиятидан ташқари Афғонистондаги барқарорликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса қўшмоқда", дея элчининг сўзларидан иқтибос келтиради Regnum хабар агентлиги.

Вашингтоннинг Ўзбекистондаги юқори мартабали дипломати Тошкент билан муносабатларда сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги алоқалар билан бирга, инсон ҳуқуқларининг ҳам устивор йўналиш эканини айтган.

"Биз дунёга бироз бошқача қараймиз, аммо бу бизнинг минтақада барқарорлик ва тинчликни таъминлаш йўлида муштарак ёндашувларни топишимизга халақит бермайди", деб айтган Спартлен хоним.

60 ёшли Спратлен хоним АҚШнинг Ўзбекистондаги элчилигига ўтган йил ноябрида тасдиқланган.

Бунгача Қўшма Штатларнинг Қирғизистондаги элчиси бўлган Памела Спратлен ўтган йили Қирғизистоннинг Россия билан кучайиб бораётган алоқалари мамлакатдаги демократияни хавф остига қўйишини айтган эди.

АҚШ дипломати Қирғизистон Россиянинг босими остида АҚШ ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юборгани, Россия етакчилигидаги Овросиё Иттифоқига аъзо бўлаётгани ҳамда Украинадаги воқеалар юзасидан Россиянинг оҳангини қабул қилгани ҳақида ёзган.

Қирғизистон ва Россия матбуоти АҚШ элчисини "совуқ уруш оҳангини қайта жонлантириш"да айблаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ