Ўзбек омбудсманига шикоятлар сони кўпайган

Ўзбекистон парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўз идорасининг 2014 йилдаги фаолияти ҳақида ҳисобот берган.

Бу ҳисоботда айтилишича, ўтган йил давомида фуқаролардан 12 мингга яқин шикоят тушган, бу бир йил олдингига нисбатан мингта кўп шикоят деганидир.

"Жаҳон" ахборот агентлиги хабар қилишича, Ўзбек Омбудсмани Сайёра Рашидова шикоятлар ўзбекистонликларнинг яшаш ҳуқуқи, эркинлиги ва шахс дахлсизлигига оид бўлган.

Рашидова хоним давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органларидаги айрим мансабдор шахслар инсон ҳуқуқларини таъминлашга риоя қилмаётганларини таъкидлаган.

Ўзбек омбудсмани 2014 йил мамлакатда "Соғлом бола йили" деб эълон қилингани муносабати билан вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратгани айтилган.

Ўзбекистонда парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили лавозими 1995 йилда таъсис этилган.

Ўшандан буён бу лавозимни Сайёра Рашидова эгаллаб келади.

Омбудсман билан бирга Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Миллий маркази ҳам ташкил қилинган.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон Омбудсмани идораси фаолиятини танқид қилиб келадилар.

Ўзбекистон шароитида парламентнинг инсон ҳақлари вакили ижроия ҳокимияти, суд, прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот идораларига таъсир ўтказа олишга қодир механизмга эга эмас.

Кўп ҳолларда давлат идораси ёки ҳуқуқ-тартибот органи вакилларининг инсон ҳақларини поймол этганига оид Омбудсманга юборилган шикоятлар айнан ўша идора ва органнинг ўзига текшириш учун юборилиши одатий ҳолга айланган.

Шу боис ўзларининг ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинганидан Ўзбекистон президенти, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Бош прокуратура, Олий Суд, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис омбудсмани Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказларга қилган кўп сонли мурожаатларидан адолатли ечим топа олмаган Ўзбекистон фуқаролари Тошкентда офиси бор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига шикоят қилишни энг сўнгги чора деб кўрадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ