"Мурод Жўраевнинг ўрнига мени қамай қолсинлар, кафолат керак бўлса, болаларимни қўяй, у кишини чиқарсинлар"

Image caption Холбика Жўраева турмуш ўртоғининг озод этилишини сўраб президентга мурожаат қилган.

Холбика Жўраева 1956 йил 4 мартда Қашқадарё вилояти Муборак туманида туғилган.

Ўрта мактабни битиргач, Бухоро педагогика билим юртида таҳсил олган.

1976 йилда Мурод Жўраевга турмушга чиққан. Мурод Жўраевнинг маслаҳати билан Педагогика институтини сиртдан битказган.

Жўраевларнинг Анвар, Аброр, Аҳрор исмли уч ўғиллари бор.

Мурод Жўраев қамалганида туғилган учинчи ўғли Аҳрор бу йил 21 га кирди.

Холбика Жўраева турмуш ўртоғининг озод этилишини сўраб шахсан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга, БМТга, АҚШ элчихонасига, қатор халқаро ташкилотларга мурожаат қилган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мурод Жўраев ҳозирги кунда Ўзбекистон қамоқхонасида энг узоқ муддат сақланаётган сиёсий маҳбус ҳисобланади.

1990-йиллар бошида Ўзбекистон парламенти депутати бўлган ва Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган Мурод Жўраев СССР тарихида коммунистик тузумдан қутулиш йўлида амалий қадам қўйган илк сиёсатчилардан.

У Ўзбекистонда биринчи бўлиб коммунистик партиянинг бошланғич ташкилотини тугатган эди.

Кейинчалик парламентда ўз мустақил фикри ва танқидий қарашлари боис ҳам тилга тушган кам сонли депутатлардан бирига айланади.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати уни 1994 йили куч билан ҳокимиятни қўлга олишга оид ҳаракатларда айблаб, узоқ йилга ҳукм этади.

Қачон озодликка чиқиш вақти яқинлашса, унга яна қўшимча муддат беришади. Ҳозиргача тўрт марта муҳлат қўшиб беришган.

Холбика Жўраева эрининг соғлиги жуда ёмон аҳволдалиги, зарур тиббий ёрдамга муҳтожлигини айтади.

"Лекин хўжайиним қачон қамоқхона эшигидан чиққанларини кўрмасам, ишончим ҳам деярли тугаб бўлди, худди аросатда қолган одамдекман. Мени қамаб қўйсалар ҳам, у киши чиқиб болаларимнинг ёнларида бўлсалар, деб ўйлайман",- дея гапиради Холбика Жўраева ўз дардини.

Ўзбекистон қамоқхонасида 22 йилдан буён қолаётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг аёли Холбика Жўраеванинг муштарийлар саволларига жавоблари.

Би-би-си: Холбика опа, турмуш ўртоғингиз Мурод Жўраевни охирги марта қачон кўриб келгандингиз? У кишининг аҳволлари қандай экан?

Холбика Жўраева: Ноябр ойининг 20 сида бориб, 22 сида қайтганман. Ҳаммага аён бўлса керак, бу йил қамалганларига 21 йил тўлди. Оғзиларида битта тишлари қолмагани учун доим суюқ овқат ейиш имкони бўлмаганми, ошқозонлари бузилган. Мен бориб овқат қилганимдан кейин бирданига қайт қилиб юбордилар. Кейин қорниларининг пастки қисмида пиёлача келадиган шиш пайдо бўлган. Олдинги сафар борганимда айтмагандилар. Кейин тез тез ташқарига чиққанлари учун "нима бўлди, шамолладизми?"- десам, "э, озгина шиш пайдо бўлган", дедилар. Кейин қарасам, ҳақиқатдан тухумдан каттароқ нарса шишиб чиққан. Олдин келганингда ҳам бор эди, мен сенга билдирмагандим, дедилар.

Би-би-си: Бу ҳақда шифокорларга мурожаат қилмаганларми?

Холбика Жўраева: Йўқ, айтмадим дедилар. Фақат тишимни айтгандим, натижа бўлмагандан кейин буни ҳам айтмадим, дейдилар. Чунки тишлари учун уч тўрт йилдан буён айтадилар. Мен ўзим ҳам бориб айтганман. Пул ўтқазиш керак бўлса, менга ёзиб беринглар деганман. Бир марта бориб кўргану, қайтиб хабар олмади, ҳал қилиб бермади. Шунинг учун айтиб ўтирмадим, дедилар. Лекин мен барибир келгунимча яна бир айтинг деб келганман. Йўқ, ҳозир тўхтаб турайчи, сайловолди чиқариб қолишар, уйга бориб операция қилдираман, деб умид қиляптиларда у киши.

Мурод Жабборов: Аллоҳ у кишининг озодликка чиққан кунини кўриш ҳаммамизга насиб этсин!

Холбика Жўраева: Илоҳим шундай бўлсин!

Би-би-си: Куни кеча Хайрулло Ҳамидов озодликка чиқарилди. Сиз бу хабарни эшитиб нималарни ўйладингиз?

Холбика Жўраева: Хайрулло Ҳамидов чиқди деб менга ўша кеча Тошкентдан телефон қилишди кечаси 11 да. Ўша ердан қайтаяпмиз, мабодо хўжайинингиз чиқмадиларми?-дейишди. Йиғлаб юбордим. Чирчиқда эди, Қизилтепадан Чирчиққа олиб ўтиб, суд бўлиб 16 киши чиқарилибди, десалар тонг отгунча ухлаганим йўқ. Шу кеча мабодо бу кишини ҳам чиқарган бўлса менга телефон қилсалар "хўжайинингиз чиқди, десалар мошин билан кетсам", деган ким-нима хаёлга бордим. Чунки бу киши ҳам Чирчиқда эдилар. Мабодо чиққан бўлсалар деб ўйладим. Эрталабдан бери кўзим тўрт, телефоним ўчиб қолмасин деб кутиб ўтирдим, лекин ҳеч нарса бўлмади. Ёки ёзган хатларимиз етиб бормаяптими? Ҳеч тушуна олмаяпман. Энди бу ҳам Худонинг бир синовимикан билмасам.

Румия: Ассалому алайкум Холбика опа! Сизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин! Хўжайинингиз тезроқ оилангиз бағрига келишини тилайман. Шунча йил ўтибди. Кичик ўғлингиз 21 га кирибди. Шунча йил қандай яшадингиз: моддий аҳволингиз, атрофдагиларнинг муносабати қандай?

Холбика Жўраева: 21 йил бўлибди. Бу ўтган 21 йилни айтиб берсам битта роман бўлади. 2003 йил чиқиш кунлари эди, катта ўғлимни шу кунларида уйлантирамиз деб кутдик. Чиқишларига бир кун қолганда жиноий иш қўзғатилиб, яна уч йил берилувди ўшанда. Мен шунда йиғлаб- йиғлаб тўйни ўтказганман. Ўқитувчиларга алоҳида уй берилган пайти биттагина уй олувдим, ўшанга кўчиртириб чиқардим кейин уларни. Ҳозир икки ўғлим билан яшайман. Кичик ўғлим ўз кучи билан Тошкент Архитектура институтига бюджет асосида кириб, битказиб келди. Лекин иш тополмайди ҳозиргача. Борамиз рози бўлгандек бўлишади, лекин кейин кимнинг ўғли эканини билиб, эрта кел-индин кел қилишади. Аниғини айтишмайди. Иккинчи ўғлим шартнома асосида институтни битказди. Шу ўғлим контрактга тушиб қолганда, ўзим лицейда она тили-адабиёт ўқитувчи бўлиб ишлайман, ҳамма корхоналарга кириб чиқдим. Контрактини тўлашга ёрдам қилинглар, бир амаллаб ўқитиб чиқай деб. Муборак ишлаб чиқариш шаҳри, катта корхоналар кўп. Кейин менга маслаҳат беришди, бир инсонни олдига боришни. У киши асли доғистонлик, катта ташкилотнинг эгаси, аввал Жўраев билан бирга ишлаган эканлар. Ўша киши ўғлимнинг тўрт йил контрактини бирданига ўтказиб менга катта ёрдам қилгандилар. Афсуски, уларнинг қарзларини узолмадим, ўтиб кетдилар яқинда. Жойларини жаннатда қилсин. Менинг бўйнимда қарз бўлиб қолди. Шундай ўқигандим, ҳамма нарса унутилиши мумкин, фақат яхшилик унутилмайди, деб.

Менга ҳозир бирор киши телефон орқали ҳам қандай яшаяпсиз, деб сўраса ҳам кўнглим кўтарилади, бахтлидек сезаман ўзимни.

Раҳимжон: Ассалому алайкум Холбика опа, Аллоҳ дардингизни енгил қилсин. Эрингизни чиқишларини сўраб шунча жойга ёзган экансиз, нега жавоб бўлмаган. Ҳар ҳолда қамоқдагилар оз бўлса ҳам чиқишяпти, нега Мурод Жўраев чиқарилмаяпти?

Холбика Жўраева: 21 йилни ўтказдим, эрта келадилар, индин келармикинлар деб. Ҳеч тушуна олмаяпман Мурод Жўраевнинг нимага чиқарилмаётганларига. Бу киши Ўзбекистон Олий Советининг депутати бўлганлар. Билмайман нимага чиқарилмаяпти. Шу саволни ўзимга ўзим бериб, жавобини ҳеч томолмаяпман тўғриси. Кечалари тонг отгунча ўйлаб чиқаман. Кимлар билан учрашганимда ҳам мана шу саволни бераман. Нима сабабдан чиқмаяптилар?-деб. Агар ўрнига ўрин керак бўлса мени қамаб қўя қолинглар, агар кафолат керак бўлса майли қанақа кафолат бўлса, ўртага болаларимни қўйиб кафолат қиламан, деб ҳамма сўзларни айтганман. Лекин мен тушуна олмаяпман, нима сабадан эканлигига. Чунки одам ўлдирганлар чиқяпти, катта-катта жиноят қилганлар чиқяпти. Майли гуноҳкор ҳам десинлар, лекин наҳотки битта инсонга шу даражада бўлиши мумкин. Одамга бир марта қамоқ бериладику. Ўн марта берилмайдику ахир?! Бу кишига йиллари тугаганидан кейин яна тўрт марта қўшиб берилди. Яна берса бешинчи марта бўлади.

Би-би-си: Мурод аканинг ўзлари мана шу кетма-кет муддат қўшиб беришлар ҳақида нима дейдилар сизга? Нега бундай бўляпти дейдилар?

Холбика Жўраева: 1994 йил эди ўшанда. 12 йил беришди дейишди. Анчадан кейин менга хат келди Мурод Жўраевни Қизилтепага олиб келишди, деб. Қизилтепага бордим. У вақтда ҳали қамоқхоналарда одам жуда кам бўларди. Кейин бошлиғининг олдига кирдим. Яхши одам эди. Мурод Жўраев қамоқхонада ўзларини яхши интизомлари билан кўрсатганлари учун у кишига мақтов ёрлиғи беришган, бу делоларига ёзилар экан. Шундан кейин 1995 йил 1 сентябрда амнистияга тушдиларда, икки йил олиб ташланди. Кейин яна қамоқхонага бориб, имкон топиб ўша бошлиқ билан учрашганман. У айтганки, энди амнистияга тушмасалар керак, бизга хат келди нега сен бу одамга мақтов коғози бердинг, деб. Бундан буён берилмайди, деган. Шу билан амнистияга тушмадилар. 10 йил қолувди, ўн йил тугагандан кейин қолганлари ҳаммаси уч йил, уч йилдан қамоқхонанинг ичида бериб келиняптида. Тўрт марта берилдида энди қамоқхонанинг ичида. Қамоқхонанинг ичида берилганиям майли "нарушения" каттароқ бўлса. "Кирни печканинг олдида ёйибди", "Сабзи тўғрашга вақтида етиб келмади", "Этик киймай, туфли кийиб қаторга турди" мана шунақа тартиббузарликлар қўйилиб, уч йиллик қамаляптилар. Нарушенияни, ўша чақирарканларда, айтарканлар "сизга юқоридан айтилди, жиноий иш қўзғатиш керак. Илож йўқ", дерканлар. Кейин тушунаман, деб Мурод ака, қўл қўйиб берарканлар. Кейин улар ёзар экан "сабзи тўғрашга чиқмади" ё "кечаси китоб ўқиди", деб. Қўл қўймасайизчи?- десам, сен билмайсан, дейдилар. Менимча, мажбур қилса керакда қўл қўйишга, билмасам. Олдинги сафар 1,5 ой қолган эди чиқишларига, менга телефон қилдилар. Менга нарушения қўйгани йўқ. Келавергин, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, деб. Ўшанда "суточний" кўришиш вақтим ҳам тўғри келувдида. Мен қувониб, кўп нарсалар олиб бордим. Лекин ичкарига киргизишмади. Кейин яхши бир қизча бор эди ўша чақириб, елкамга қўлини қўйиб, "Опа, бардам бўлинг нима бўлса ҳам, хўжайинингизга кечагина жиноий иш қўзғатилди. Энди бу ҳафта Тоштурмага олиб кетади, деди. Ўша жойда мен умуман тамом бўлиб қолдим. Қандай аҳволга тушганимни тушунтира олмайман. Энди 30-40 кило нарса кўтариб борганман. Мана шундай кунларни ўтказяпман. Яна кўникдим. Шу даъфа чиқсалар ҳам майли эди, яна йил бермаса эди, деб турибман. Яна жиноий иш қўзғатилмаса бўлди. Укаларимга айтсам, э опа, энди инсоф берсин, денг. Бешинчи марта бермас, чиқарилар поччам, дейишади. Яна билмайман. Мана 13 ноябр чиқиш кунлари. 13 ноябрда кичкина неварам ҳам туғилган. Келинларга айтаман, совға сифатида бўладими, деб. Мабодо яхши кун бўлиб қолса зора.

Илҳом, Қозоғистон: Опажон, дардингизни тушунаман. Ишонаманки, эрингиз ҳалол, ҳақ одам, аминман.

Холбика Жўраева: Мен ҳозир солиштираманда, ҳозирги ҳокимлар билан. Жўраев шундай инсон бўлганларки, уйим-жойим, болам-чақам демаганлар. Мен айтардим, дадаси, ҳеч бўлмаса, ўғлимизга уй қилинг, деб. Ҳатто битта ҳаммом қурмаганлар. Қамалганларидан кейин ойлигимдан бир амаллаб кичкина ҳаммом қурдиргандим, у ҳам ҳозир газ йўқлиги учун ишламайди. Битта тузук уйим йўқ. Ёмғир ёғса, тоғора кўтариб юрамиз. Дилором Исҳоқова келганларида кўргандилар аҳволимизни. Ҳозир ҳам ҳокимиятдан келиб кўриб кетади. Уй қуриб кетмаганлар. Фақатгина "мен Муборак шаҳриданман. Мен Муборакка йўл қурай, кран ўтказай, газни нормалний қилиб берай" деганлар. Ҳаттоки завод билан гаплашиб, заводни ҳавосидан заҳарланяпмиз, деб одамларга коэффициент ташкил қилгандилар. Ана шундай ўзларини кўрсатиб, қўярда-қўймай ишлаганлари баъзиларга ёқмаган бўлса керак деб ўйлайман. Бошқача бир шаҳарга айлантираман, деб югурган инсон эдилар. Истироҳат боғи бор эди у ҳам йўқолиб кетди, бир қишлоққа айланиб қолган ҳозир Муборак. Одамлар айтишади Мурод келса, шу йўллар тузалармиди деб. Худдики, Мурод Жўраев келсалар йўл қилиб берадигандай. Муборакликлар у кишини яхши эслашади доим. Менимча мана шу ишлаганлари ўзларига душман бўлди. Бошқа нарсани тушунолмайман. Яқинда Москвадан Сергей деган инсондан хат келди интернетдан. Мурод Жўраев билан бирга ишлашган экан. У киши президентга хат ёзган "Мен Мурод Жўраевни биламан, у бутун вужуди билан Муборакни ўзгартираман, ишлаб чиқариш шаҳрига айлантираман деб югурган одам эди. У инсонни қўлидан ёмонлик келмайди", деб хат ёзган. Шу хатимни президентга жўнатинг деб ёзибди менга. Лекин Мурод Жўраевда ҳалиям умид борда. Мен тўғриси, умидимни узганман. Энди у кишида қандай умид бор. Шу сафар чиқаришса керак, хат ёзганман, дейдилар. Мурод Жўраев битта ўзлари, ота-онадан биттагина. Майли эди ака-укалари, опа-сингиллари бўлса. 21 йилдан бери битта ўзим бораман орқаларидан. Белимга грижа орттирганман, бўйнимда грижа бор. Шу кишининг ҳеч кими йўқ мендан бошқа борадиган инсони йўқ орқасидан.

Анвар Каримов, Норвегия: Салом опа, Мурод Жўраев туҳмат билан қамалган бўлсалар, нега ишини қайта кўриб чиқиш учун Европа судига мурожаат қилмадингиз?

Холбика Жўраева: Билмасам, мен Европа судини билмаганман. Лекин кўп жойларга мурожаат қилганман, шу нарсани ҳеч ким йўл-йўриқ бермабди, билмасам.

Ichkuyar, AQSH: Murod aka 20 yildan ortiq hibsda o'tiribdilar.Bu albatta o'zlarini shaxsiy manfaatlari uchun emas, balki O'zbek xalqi manfaatlari uchun, O'zbekiston demokratiyasi tantanasi uchun o'tiribdilar. Aytingchi, mana shu haqiqatni necha foiz odamlarimiz tushunishadi , deb o'ylaysiz?

Холбика Жўраева: Энди нима десам, бизда кўпинча бирор бир кишининг юзига гапирмасликка, бирор бир ҳақиқатни айтмасликка, ҳурмат юзасидан сизни гапингиз тўғри, деб туришга ўрганишган. Менимча Мурод Жўраевни таниган инсонлар юракдан ҳурмат қилади, сўрашиб қолади, биламан. Қўни-қўшниларим яхши биз билан. Улар ҳам ўзимизга ўхшаган оддий одамлар. Лекин мансабдор кишилар мансабидан айрилиб қолмаслик учун э, бу ўша инсонни боласи ёки хотини экан, деб ўзини олиб қочади.Бу қадимдан шундай бўлиб келган. Фақат одамлар айтадики, қачон Мурод келса, аҳволимиз яхшиланади деб. Гўёки Мурод Жўраев келсалар, аҳволи яхши бўлиб қоладигандек. Ҳозир бизда на сув бор, на газ бор, на свет бор. Чўл бўлиб қолганда.

Malika, Belgiya: Salom yaxshimısiz? Shuncha yilingiz ötibdi. Endi Allohning yoniga borganda shuncha umr berdim, meni tanish uchun dinimni o'rgandinglarmi desa, nima deysiz?

Холбика Жўраева: Худога шукур, намозларимни канда қилмайман. Алҳамдулиллоҳ мусулмонмиз ахир. Албатта у дунёни ўйламайдиган мусулмон йўқ. У дунёни ҳам, бу дунёни хам ўйлаш керак. Яхшилик қолдириш керак инсон. Аллоҳдан Мурод Жўраевни озод қилинишларини, ок йўл беришини ўтиниб сўрайман кечалари. Ўзбекча Қуръон ўқийман.

Болаларингизга отасининг қамалгани қандай таъсир қилган? Улар оталари ҳақида қандай фикрдалар?

Холбика Жўраева: Иккита болам дадасини яхши билади. Қамалганларида жуда кичик эмас эди. Дадасининг қандай инсонликларини билгани учун ҳам жуда қаттиқ ҳурмат қилади. "Дадажон!" деб гапиради орқаларидан ҳам. Кичкина ўғлим қамалганларидан кейин туғилган. Етти ойлигида бир марта олиб борганман. Кейин олиб бормадим анча пайт- норасида дедим. Уч ёшга тўлганида олиб бордим кейин. Институтга кирганида Тошкентдан ўзи икки соатликка қатнаб турди. Уч болам ҳам отасини яхши кўради. Кичкинам ота меҳрини кўрмай ўсди. Бир дастурхон атрофида ўтириб овқатлангани йўқ ҳали. Лекин жуда ўйловли. Бир марта уйда ўтирувдик ўзидан-ўзи айтиб қолди. "Ая, мен биринчи синфда ўқиганимда ўқитувчимиз "сенга нарса бор, даданг қамоқда, етим боласан. Етимларга берадиган нарса келган, шуни сенга беришимиз керак, деб куртка, шапка берганида йиғлаб уйга олиб келганман. Лекин сизга айтмаганман", деса дод солиб йиғлабман. Шу гапни институтни битириб келганидан кейин менга айтяпти. Шунинг учун қийин аҳволда ўсди болаларим. Лекин дадасини қаттиқ яхши кўради. Бешта неварамиз бор. Иккитасини олиб бориб кўрсатганман, қолганларини кўрмаганлар ҳали. Мурод Жўраев болажонлар жуда. Невараларини қучоқлаб, ўпиб, Худога шукр кўрсатганига, дейдилар. Уларни расмини ташлаб келаман. Айтиб бераман қилиқларини. Келиб-кетганингдан кейин ўйлаб ётаман, дейдилар. Невараларимизни юрганини, сен билан гаплашганимни деб айтадилар. Фақат хафа қилмасликка, яхши гапларни айтишга ҳаракат қиламан. У кишини руҳлантириб қайтаман. Дарвозадан чиққандан кейин ўзим билан ўзим бўламан, лекин ичкарида икки кун фақат кулиб тураман, сизни соғлигингиз керак, биз жуда яхши яшаяпмиз, деб кўнгилларини кўтараман. Кейинги сафар борганимда сенинг айтганларингни ўйлаб шу тўрт ойни ўтказдим, дейдилар.

Ҳар тўрт ойда борасизми турмуш ўртоғингизни кўргани?

Холбика Жўраева: Ҳа, аввал уч ой эди. Қамоқхонани ичида суд бўлгандан кейин тўрт ойга ўтказилган.

Мен нима дейман, масалан мен ўқитувчиман. 20 та ўқувчим бўлса, биттаси хато қилса уришаман, лекин эртаси куни яна кечириб кетавераман. Шунинг учун миллион-миллион Ўзбекистон халқининг эгаси Ислом Абдуғаниевич Каримов, Ўзбекистоннинг бир фуқароси сифатида хўжайинимни озод қилишларини сўрайман. Агар гуноҳ килган бўлсалар, кечиринг дейман.

Сайлов олди чиқсалар керак, деб кутяпман энди. Билмасам. Умид қилмайман, лекин тирик одамни барибир кутар экансан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Assalomu alekum Oqib eglagim keladi . Mayli bollarizam ibodatda namozni kända qilmay yurishsa Orqanglardan savob yuborib duo qilib turadigonilar bor ekan. Hech ham bandasidan soramang hatingiz etib bormas balkim borsayam siz birinchi hat yuborgan emas siz Bir qavm Allohni buyruqlariga amal qilmas ekan ularni boshiga horlik kelar ekan to diniga qaytib amal qilmaguncha.keling internet ta shu uzbek domlalarimizi darslari bor dinni tolka orgatadigon Uzbekda hozir din qolmadi din orgatadigon joylar ham yoq. Uzbekistan hozir ayni shu horlikni boshidan kechiryapti. Erlari qamoqda Yoki rassiyada yurishibdi ayollari horlikni boshidan kechiryapti. Qoying boshizga rumol orang. Dinizga qayting.aziz musulmon hamshaharim mazluma oqila opajonim

zari, evro

Assalomu alekum

Opa kop zulimlangan Uzbekistan dagi oylalardan biri ekansiz

Oqib yozmasdan otib ketishni hohlamadim.

Men Uzbekistan da yashaganimda otam qamalgan rosa ogir bollargayam onam Juda ogir kunlarni boshidan kechirgan.

Biz ham silardek bir sodda musulmon oyla edik .

Lekin hech kimdan soramang chiqishlarini faqat Allohdan Sören

Chunki u zot sizni doim eshitadi .

uzbekdan chiqib ketib ozodlik Nina ekanini bildik .

Allohni eri keng ekan.otamni chiqishi ozodlikka chiqishimizni Allohdan soradik.

Ozimizni tuzatib gibat,yolgon,hojakorsin ishlardan tiyilip duoda namozda kechalari iltijo qilib soradik.ming shukir mana rizqimiz huquqimiz ham uzbekda yashayotgan boy uzbeklardan ancha yahshi eng muhimi hukumatdan qorqmaymiz hotirjammiz.

Ilm olip shunga iqror boldimki musulmon oz dinini organib amal qilmasa uning boshiga zolimlarni hukumron qilar ekan.

Hozirda ham Dini ham dunyovi oqishlarda oqimiz.

Ohiratda bu zulim qilganlarni yahshi amali bolsa olip berishar ekan agar yahshi amali bolmasa silardi gunohlarilar ularga yuklanib qoyiladi inshAlloh adolatli zot hammani korib bilip turadi.

Taqdirlar yozib bolingan siyohlariyam qurib bolgan .

Bu ishlar zulimlar bekorga emas ozimizni tekshirib doim sarhisob qilaylik dinimizni organib mahkam ushlaylik

asaloy, sweden

Собир

Сизга Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Хўжайинингиз яқин кунларда оилангиз бағрига келсинлар.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ