Виртуал сайлов номзодлари тўққизтага етди

Ўзбекистонда 29 мартга белгиланган президентлик сайловлари яқинлашар экан, мухолифатнинг интернетда бошлаган виртуал сайлов учун номзодлар рўйхати эълон қилиб борилмоқда.

Айни пайтда интернетдаги президент сайловига номзодлар сони тўққизтага етган.

Номзодлар орасида Ўзбекистондаги сиёсий партиялар кўрсатган 3 номзоддан ташқари мухолифат аъзолари Баҳодир Чориев, Дилшод Усмонов, Мирраҳмат Мўминов, Моҳира Ортиқова, Усмон Баратов ва Намоз Нормўмин номлари бор.

”Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати раҳбари, АҚШда сиёсий қочқинлик мақомида яшаб келаётган Баҳодир Чориев ўз сайловолди шиорини "Етса Молим, етмаса Жоним фидо бўлсин Халқим учун!" деб атаган.

“Рустамбанк”нинг асосчиси, 17 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида сиёсий сабабларга кўра тутқинликда сақланаётган таниқли тадбиркор Рустам Усмоновнинг ўғли Дилшод Усмонов Ўзбекистондаги адолатсизликларга қарши курашиш учун сиёсий майдонга келгани ва узоқ йиллардан бери отасининг бизнесини давом эттираётганини айтган.

"Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг озодлиги учун курашиш, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш, банк соҳасини ислоҳатлаштириш, инсон ҳуқуқларини тиклаш, давлатнинг молия ва иқтисодини кўтариш каби бир қатор самарали ишларни амалга ошириш мақсадида, менинг номзодимни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар муносабати билан ўтказиладиган Виртуал сайловда рўйхатга олишингизни сўрайман", дейди Дилшод Усмонов Виртуал сайлов комиссиясига берган аризасида.

Номзодлардан яна бири Тошкентдаги Британия элчихонасининг собиқ қўриқчиси, қийноқ қурбони Қаюм Ортиқовнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган унинг турмуш ўртоғи Моҳира Ортиқова ўзининг айни пайтда “Қурбонлар шаъни ва инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилишига нисбатан адолатни тиклаш ҳуқуқи” Халқаро куни муносабати билан ташкил этилган “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи раҳбари эканини маълум қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига виртуал сайловда номзодини қабул қилишни сўраган Мираҳмат Мўминов сиёсий ва диний қарашлари боис ватанини тарк этган.

2003-2006 йиллари Москвадаги Мемориал ташкилоти, АҚШдаги Ньюман Райс Вотч ташкилотлари билан Ўзбекистондаги кўп сонли диний-сиёсий махбуслар, сиёсий қочқинлар масаласи бўйича яқин ҳамкорлик қилган.

"Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни кузатиб келганим боис, ушбу виртуал сайловларда ўз номзодим билан қатнашишга қарор қилдим", деб ёзади Мираҳмат Мўминов.

Номзод Усмон Баратов эса "Ўзбекистон Республикасида халқ ҳаётини яхшилаш, мамлакат иқтисодини ва демократик институтларни қайта ислоҳ қилиш мақсадида" эканини айтиб, ўз хоҳиши ва Минтақалараро Ўзбекларнинг “Ватандош” жамоат Бирлашмаси қарорига асосан март ойидаги Ўзбекистон Президенти лавозимига ўтказилаётган виртуал сайловда номзод сифатида рўйхатга олишни сўраган.

8 февралда мухолифат фаолларидан Намоз Нормўмин ҳам ўз номзодини виртуал сайлов комиссиясига тақдим этган.

Намоз Нормўмин сиёсий фаолиятини "Эрк" партиясининг аъзоси сифатида бошлаган.

1995 йилда "ЭРК партиясидан истеъфо қилиб, мустақил мухолифатчи сифатида" фаолият олиб борган. Сўнгра Туркияда “Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти”нинг муассиси ва Раис ўринбосари бўлган.

"2015 йил 8 февралда Ўзбекистон Президенти лавозимига виртуал сайловларда мустақил мухолифатчи сифатида номзод бўлиш учун бу лавозимидан истеъфо этди", деб кўрсатилади Намоз Нормўмин аризасида.

9 февралда Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш алянси фаоли Шуҳрат Рустамов аризасига биноан Президентлик виртуал сайлови номзодлари рўйхатига киритилган.

"Ўзбекистонда илдиз отган коррупция ва порахўрликка қарши давлат дастурлари асосида курашишни, мамлакатда ҳақиқий эркин демократик, ҳуқуқий давлат қурилишини жадаллаштиришни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйганман", деган Шуҳрат Рустамов.

Виртуал сайлов комиссиясини ташкил қилган хориждаги ўзбек фаоллари Ислом Каримов номзодининг президентликка илгари сурилиши Ўзбекистон конституциясига зидлигини таъкидлаб, ўз номзодлари иштирокида Интернет оламида президентлик сайловини ўтказмоқчилар.

Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси томонидан расман тўрт номзод: Ислом Каримов, Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримов Умаров номлари рўйхатга олинган.

"Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтиб, фаолият олиб бораётган мазкур тўрт сиёсий партиялар аслида президент И.Каримовнинг "чўнтак партиялар"и эканлиги дунё ҳамжамиятига ҳамда Ўзбекистон Фуқаролик жамияти фаолларига сир эмас"- дейилади Виртуал Сайлов комиссиясининг мурожаатида.

Виртуал сайлов комиссияси 10 февралда номзодларни рўйхатга олишни тўхтатади ва уларга ижтимоий тармоқлар орқали дебатлар ўтказиш имкони берилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002