"...Бу мартабаким манга муяссар бўлди..."

Image caption Одами эрсанг, демагил одами Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами...

9 феврал – Ҳазрат Навоийнинг таваллуд топган кунлари. Навоий бобомиз туғилган кунга 574 йил тўлди.

Тарихнинг туб бурилиш нуқталаридан бирида, инсониятнинг юксак бадииятга, буюк ва рост сўзга эҳтиёжи ортган бир паллада дунёга келган Низомиддин Мир Алишер чиндан ҳам инсоният тарихининг энг ёрқин саҳифасидан, сўз санъатининг энг буюк чўққисидан жой олди.

Фақат даҳоларгагина насиб бўладиган ички бир имконият, илоҳий сезги орқали Ҳазратнинг ўзлари “Вақфия” асарида иншо этган мазкур мисралар шоирнинг ўз-ўзи ҳақидаги улуғ башоратидек янграйди гўё:

“Иқбол мутиу бахт ёвар бўлди,

Хуршед раҳию сипеҳр чокар бўлди.

Олам элидин кимга муқаррар бўлди,

Бу мартабаким манга муяссар бўлди...”

Image caption Ҳиротда Алишер Навоий мақбараси афғонистонлик тадбиркорлар томонидан обод қилинди.

Ҳазрат Навоий яшаб ўтган даврдан буён ҳам, мана, салкам олти юз йил вақт ўтаётир. Ана шу йиллар, асрлар давомида буюк шоир ва мутафаккир шахс сифатида нафақат миллатимизнинг ғурури, виждони бўлиб улгурди, балки унинг ҳаётбахш ижодиёти жаҳон маданиятининг энг яхши дурдоналаридан бирига айланди.

Ҳар бир авлод, ҳар бир ўқувчи унинг ижодидан ўзига керакли бўлган ҳикматни, сабоқни топа олади.

Чунки, буюк шоир андоғ мартабадаким, унинг шахси ва ижодида инсоний камолотнинг ҳам, юксак бадиий тафаккурнинг ҳам, валийлик қирраларининг ҳам, сиёсий арбобликнинг ҳам энг олий нуқталари мужассамланган!

Навоийнинг ижоди ўзи ҳаётлик чоғидаёқ маълуму машҳур бўлган. Салкам олти асрдирки, даҳо шоирнинг шахси ва ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш шоирлару таржимонлар, адиблару ноширлар, ҳаттотлару мусаввирлар, олимлару сиёсатчиларнинг диққат марказидаги муҳим масалалардан бири бўлиб келмоқда.

Унинг асарлари дунёнинг ўнлаб, юзлаб тилларига таржима қилиниб, жаҳон халқларининг эътибори – ихлосига сазовор бўлди. Зеро, шоирнинг ўлмас асарлари халқни, инсониятни қай йўсинда том маънодаги бахтга эриштириш мумкин деган ҳақли саволга муносиб жавоб тариқасида ёзилгандек... Шу боис ҳам бутун дунёда Навоий ижодиётига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

...Агар хотирам алдамаётган бўлса, саксонинчи йилларнинг охири, тўқсонинчи йилларнинг бошланиши эди.

Америка Қўшма Штатларининг ўша пайтдаги президенти собиқ СССРга сафари чоғида Москва минбаридан туриб Ҳазрат Навоийнинг мазкур рубоийсини ёд айтган эди:

Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.

Бугун бутун дунёда “демократия дарғаси”, “демократия бешиги” дея таърифланаётган океан орти мамлакати раҳбарининг рубоийни ёд айтаётган лаҳзаларидаги суврати ва шеърият султонининг мазкур рубоийси собиқ СССРнинг ўша даврдаги энг нуфузли нашрларидан бири “Правда” газетасининг бош саҳифасида, биринчи бетда чоп этилиши ўзбекман деган ҳар бир инсоннинг қалбини тўлқинлантириб, чексиз ифтихорга тўлдириб юборган бўлиши аниқ.

Ваҳоланки, собиқ иттифоқ таркибида бир эмас, икки эмас, уч ёки тўрт эмас, нақд ўн бешта республика бор эди.

Ваҳоланки, ана шу ўн бешта республикада яшовчи турфа халқларнинг ҳар бирининг манаман деган классик шоирлари, етакчи арбоблари бор эди.

Лекин Америкадай қудратли мамлакатнинг (ўша пайтдаги) президенти

Россиядек забардаст ўлканинг пойтахти – Москвада туриб, айнан ўзбек адабиётининг йирик номоёндаси, назмий пири бўлган Ҳазрат Навоийнинг олам-олам

маъно мужассамланган тўрт мисрасини қироат этмоқни ихтиёр этди. Нега?..

Агар сиёсий нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, АҚШнинг собиқ раҳбари бу ўринда чиндан ҳам демократик йўл тутди дейишимиз мумкин.

Яъни у ўша лаҳзада ўзи сўзлаётган минбарнинг, мамлакатнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда Пушкин ёки Лермонтов сиймосини ҳам кўкларга кўтариши мумкин эди, бироқ ўзбекларнинг даҳо шоири Навоийдан байт ўқишни лозим топди.

Чунки, мазкур рубоийда озодлик, ҳурлик, эрк нафақат инсон учун, балки барча жонзотлар, хусусан қушлар учун ҳам сув ва ҳаводек зарур эканлиги авж пардаларда

олий мақомдаги бадиий маҳорат билан тараннум этилган.

Зеро демократиянинг талаб ва эҳтиёжи, мазмун-моҳияти ҳам айни шу рубоийда кўзда тутилган ғоялар билан боғлиқдир.

Адабий-бадиий нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак ҳам, олимлар ўтказган тадқиқотни эслашнинг ўзи кифоя.

Тадқиқотга кўра дунё халқларининг мумтоз шоирлари нечоғли сўз бойлигига эга бўлганлиги ўрганилган.

Хулоса шуки, Мир Алишер Навоий биринчи, Пушкин иккинчи ўринни забт этишган.

Шекспир, Гёте ва бошқалар кейинги ўринларни маҳв этишган.

Бироқ иккинчи ўринда тилга олинган Пушкин даҳоси ҳам сўз бойлиги борасида Ҳазрат Навоийдан сезиларли даражада фарқ қилган.

Яъни бобомизнинг сўз заҳираси Пушкиннинг сўз заҳирасига нисбатан ҳам тўрт-беш баробар кўп бўлган экан.

Бу эса бобомизнинг сўз бойлиги нечоғлик ўплигидан далолатдир. Қолаверса, Ҳазрат Навоий шеърий йўналишда 12 хил, насрий йўналишда 4 хил, жами 16 хил жанрда

қалам тебратганларки, дунё адабиёти тарихида то ҳали ҳануз бу қадар кўп ва хилма хил жанрда ижод қилиш борасида ҳеч ким ул зотга тенг келолган эмас.

Навоий нафақат улуғ шоир, таржимон, файласуф, балки давлат арбоби сифатида ҳам тарихда улкан из қолдирган. Унинг давлат арбоби

сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам, комил инсон сифатида ҳам мудом халқ, эл-юрт ғами билан яшаганлиги ёзган асарларида ўз аксини топган.

Эпик асарларини-ку қўя турайлик, биргина шу байтнинг ўзида қанчалар улкан маъно мужассам:

Одами эрсанг, демагил одами

Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами...

Хуллас, Навоийни англамоқ – ўзни, ўзликни англамоқдир. Зеро, Ҳазрат Навоий муяссар кўрилган улуғ оламийлик мартабасини ўрганиш ва унга интилиш ҳам комиллик сари ташланган қадамдир.

Шамсия ХУДОЙНАЗАРОВА.

Бу мавзуда батафсилроқ