Шоҳларнинг шоири ва шоирларнинг шоҳи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

14 феврал - улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд топган куни.

Шу боис бу сана нафақат шоирлар учун, балки тарихчилару олимлар, ҳарбийлару ҳаттотлар, умуман, ўзини шу миллатга дахлдор деб билган ҳар бир инсон учун улкан байрам сифатида нишонланади. Чунки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат улуғ шоир, балки адолатли султон, моҳир саркарда, равон услубдаги “Хатти Бобурий” ни яратган чевар ҳаттот, мардона услуби, руҳи, гўзал адабий-бадиий тили, тарихий ҳақиқатлиги билан Осиёдагина эмас, бутун дунёда улкан аҳамиятга эга бўлган “Бобурнома” тарихий-мемуар асарини битган маҳоратли адиб, ҳақгўй тарихчи, инсон руҳияти, характерини нозик чмзгиларда ифода эта оладиган бетакрор руҳшунос, буюк олим сифатида ҳам шуҳрат қозонган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур – энг йирик тарихий шахслардан бири. Зеро, бу кўҳна олам шоҳлару, султонларни кўп кўрган.

Аммо улар орасида адабиётнинг дуру жавҳари бўлмиш шеъриятга ихлос қўйибгина қолмай, бу нозик санъатни юксак чўққига олиб чиққанлари камдан-кам бўлган. Бўлганлари ҳам Бобурнинг иқтидорига тенг келолган эмас. Қолаверса, бу оқсоч дунё манаман деган шоирларнинг-да кўпини кўрган. Аммо олам аро шуҳрат қозонган бу шоирларнинг ҳеч бири шоҳ бўлолган эмас, тақдир тегирмони боши узра мудом айланиб туришига қарамай, Бобур сингари ҳам соҳир қаламини ва ҳам адолат қиличини бирдек қайраб, одил шоҳлик иқтидорида маҳкам туролган эмас. Тақдир зиммасига шунчалик кўп ва улуғ юкни юклаган бобомизнинг ҳаёт йўли ҳам ҳавасларга ва ҳам хатарларга тўлуғ кечган десак, асло муболаға бўлмайди. Ҳассос шоир бир рубоийсида шундай дейди:

Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Ҳазрат Бобурнинг Кобулдаги қабри

Азал котиблари дунёнинг ишларини кўп қизиқ ва ажиб битмишлар. Яратган Эгам қай бир бандасини суюб, ўзининг нуридан атиги биргина қатрасини, яъни қай бир жиҳатдан бир иқтидорни ато этса, эл ичида шу жиҳат ила уни манзуру машҳур қилса, унга қарши ўнлаб, юзлаб, балки-да, минглаб бандалари иблиснинг таёғини кўтарурлар. “Нега энди мен эмас, айнан у?..” – дея Оллоҳга исён қилурлар. Ич-этини еб, ҳасад ўтларида ўзларини ўзлари қовуриб, шу ўт жизғанаклигида кўзлари ҳақиқатни кўрмай, кўп ёмонликлар, ёвузликлар қилурлар. Энди ўйлаб кўринг, Оллоҳ таоло Заҳириддин Муҳаммад Бобурга шу қадар марҳамат кўрсатиб, унга ҳар жиҳатдан иқтидору истеъдод, улуғ мансабу мартаба бериб қўйганини кўрган ғанимлар қанчалар тиш қайрамадилар дейсиз?... Бобур эзгуликни ният қилиб, ҳар не ишга қўл урмасин, улар буни хатога йўйдилар, йўявердилар.

Кўра-била туриб, оқни қора деявердилар. Уни яккаладилар, айримладилар.

Охир-оқибат, шоҳ ва шоир ўзининг киндик қони томган, жондан суйган Ватанию бутун меҳру-муҳаббатини берган азиз халқини ташлаб чиқиб кетишга, ўзга юртларга бош олиб кетишга мажбур бўлди. Унинг “Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди”, - дея аламланишлари, ўртанишлари, ёнишлари шундан...

Ҳар бутоқки, ўзи ёнганини ўзи билиб, ўзигина ҳис қилади. Ҳар кўнгилки, ўзи ўртанганининг сабабига яраша таскинини ҳам фақат ўзигина топа олади. Бобур Мирзонинг-да:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши ёмонлиғ кўрмагай ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топқусидур...

-дея ўз қайғусига ўзи юпанч топгани ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Аммо бу юпанч шуниси билан юксак аҳамиятга моликки, энди у фақат Бобур шахсигагина тааллуқли эмас, аксинча, балки бутун миллатга, балки-да бутун инсониятга тааллуқлидир. Чунки, бу дард ва ҳикмат тўла сатрларни ўқиган ҳар бир инсон ўзига яраша хулоса чиқара олади. Бир сўз билан айтганда, бу сатрлардан ҳар бир инсон ўзини топа олиши мумкин. Асарнинг бадиий қиммати ҳақида эса моҳир мутахассислар, адабиётшунослар кўп ва хўп айтишгани боис бизнинг тўхталишимиз жоиз эмасдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Биз фақат Бобурнинг дилбар шахсию бетакрор шеъриятига мафтун бир ўқувчи сифатида шуни айтишимиз мумкинки, унинг шеърияти қанча дардчил бўлса, шунча жозибали. Қанча қайғули бўлса, шунча ёруғдир. Қалбларга чуқур ботиб кетгувчи бу қайғули сатрларда эртанинг, келажакнинг ёп-ёруғ умидлари мужассам. Худди шу жиҳати билан ҳам Бобур байтлари қадрлидир, руҳга яқиндир.

Унинг бор ҳаёти ва ижоди юрт соғинчи ва фироғи ҳақидаги ўлмас бир афсона, боқий бир достон. Бу достон асрлардан буён юрт бағридагилар учун ҳам, тақдир тақозоси ила турфа сабаблар билан юртдан олисда яшаётганлар учун ҳам бирдек қадрли. Юртдан айрилган ҳар шоир Бобур бўлолмас балки. Аммо юртдан айро ҳар бир инсон учун - хоҳ у шоир бўлсин, хоҳ оддий косиб, - Бобурнинг мардона руҳи, иймон-эътиқодга йўғрилган ҳаёт йўли, битган жами мисраларига муҳрланган жонажон Ватанга, жафокаш халққа бўлган улуғ муҳаббати буюк ибрат вазифасини ўтай олиши аниқ.

Мирзо Бобурнинг ҳассос қалбидаги туйғулар унинг ижодиётида ўз аксини топган. Шу қадар нозик таъб, шу қадар ҳассос қалб ила қисматнинг бу қадар оғир синов дарёларини кечиб ўтишига қарамай, шоирнинг шахс сифатида ўзини, ўзлигини, иймонини бус-бутун сақлаб қолиши, чиндан ҳам ибрат олса арзигулик жасоратдир.

Хўш, у бундай жасоратга қандай эришди?..

Image caption Кобулдаги Боғи Бобур

Бобур байтларига боқиб, уққанимиз, англаганимиз шулким, уни бу мартаба, бу шон-шуҳрат, бундай эъзозга унга суюб истеъдод ато этган Ҳақнинг ўзи етиштирди. Зеро, ўз вақти замонида шоҳлигу шуҳрат истаб, Бобурни юртдан бадарға айлаганлар ва ортидан асоссиз таъна тошларини отганлар тарих олдида, авлодлар олдида юзлари қаро бўлдилар. Чунки улар Оллоҳнинг ҳоҳишига, тақсимотига рози бўлмай, Бобурни Ватандан қувғин қилсак, унинг ўрнига биз шуҳрат ва амал курсисига чиқамиз дея ўйлаган фикри, хулқи ноқислар эди. Улардан фарқли ўлароқ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳатто ўзга мамлакатларга бориб ҳам Худонинг марҳамати ила яна элга шоҳлик курсисига ўтирган бўлса-да, ўзини ва ўн саккиз минг оламни Яратган буюк Зотга хос бир қул бўлди. Рабнинг буйруғидан чиқмади. Ростгўй, олийҳиммат ва ҳам бағрикенг бўлди. Ўзгалардан айб изламади, ўз қусурини бартараф этиш, эл фаровонлигини ўйлаш ва хуррамлигини таъминлаш билан банд бўлди. Ҳамиша, ҳар он Ҳақнинг, ҳақиқат шуъласининг парвонаси бўлди:

Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,

Сен шуъласену мен шуълаға кулдурмен.

Нисбат йўқтур деб ижтиноб айламаким,

Элга шоҳмен, вале сенга қулдурмен...

Зеро, Ҳаққа юкинган қалблар ҳамиша устивордир. Ҳаққа интилган руҳлар ҳамиша сарбаланддир. Улар баъзан синовларнинг ўта залворли юкларидан бироз муддат

эгилсалар-да, букилсалар-да, барибир синмаяжаклар, ҳақиқатнинг ўзи янглиғ боқий яшаяжаклар!

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг номи-да боқийликка, мангуликка дахлдорлиги ҳеч кимга сир эмас. Бобур шахси ва ижоди бугун ҳам бутун дунёда зўр қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, қайта ва қайта нашр этилмоқда, севиб ўқилмоқда, мутолаа қилинмоқда. Унинг шоир сифатидаги сиймоси ўзбек мумтоз адабиётида Ҳазрат Алишер Навоийдан кейинги энг улуғ сиймодир. Адабиётимизнинг бу икки устуни таваллуд топган саналарнинг кетма-кетлигида ҳам ажиб бир илоҳий боғлиқлик бордай гўё...

Шамсия ХУДОЙНАЗАРОВА

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ