‘Ҳуқуқим қайта тикланмагунча сайловда овоз беришдан бош тортаман’

Ўзбекистондаги деярли барча олий мутасадди идоралардан муаммосига ечим топа олмаган Фахриддин Ҳошимов сайловда қатнашиш ҳуқуқини рад этишга қарор қилган.

Ўзбекистондек мамлакатда ҳуқуқ-тартибот органларининг қора ниқоблилари бир ташкилотни “босиб”, у ерда бўлган ҳар бир кишини дўппослаб, қўлидагию-ёнидаги ҳамма нарсани тортиб олса, бу жойга меҳмонга келганнинг гапларига қулоқ солмасдан, ертўлага солиб икки кун дўппосласа, кимга шикоят қилиш керак?

Хатолик юз берганини тушунтириш учун Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилсаю, ҳатто Бош прокуратура ҳам исми-шарифи ёки тортиб олинган мулки бирор жойда қайд этилганини кўрсатадиган ҳужжатни топиб бера олмаса, қандай йўл тутмоқ лозим?

Мана шундай вазиятга тушган тошкентлик Фахриддин Ҳошимовнинг Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломовга мурожаат қилишдан ўзга чораси қолмади.

Ўғил фарзанди туғилгани муносабати билан ақиқа тадбирига дўстини чақириш учун Фахриддин Ҳошимов 2014 йил 10 апрел куни Тошкентдаги “Мадина Транс Logistik” ширкатининг идорасига келади.

Шу пайт идорага 20-25 тача органларнинг қора ниқоблилари бостириб кирадилар.

Офисда кимки бўлса, ҳаммани ерга ётқизиб, қўлларига кишанлар соладилар.

Идора ичидаги ва ташқарисидаги ҳамма нарса мусодара қилинади.

Кейин ҳуқуқ-тартибот идорасига олиб борилиб, ҳаммадан “Мадина Транс Logistik” ширкати ҳақида маълумот бериш талаб қилинади.

Фахриддин Ҳошимов бу ерга нима мақсадда келганини айтса ҳам, икки кун калтакланади.

Ва ниҳоят уни хато қилиб қўлга олишганини англашади ва қўйиб юборишади.

Лекин Фахриддин Ҳошимов тинтув пайтида ўзининг Iphone мобил телефонини, дўст-биродарлари ўғил билан табриклаб суюнчи сифатида берган 1500 долларча пулини ва “Мадина Транс Logistik” ташқарисида турган SPARK автомобилини тортиб олиб қўйишганини айтади.

Терговчилар, “ўзимиз чақирамиз”, деб чиқариб юборишади.

Орадан бир ой ўтади, икки ой ўтади ҳамки, ҳеч ким чақирмайди.

Ниҳоят ўзи бориб сўраса, милиция Хавфсизлик хизматига мурожаат қилиши лозимлигини айтишади.

Улардан эса умуман ҳеч қандай маълумот олиб бўлмайди.

Сўраб-суриштириб, “Мадина Транс Logistik” МЧЖ раҳбарлари устидан жиноят ишини Тошкент шаҳар прокуратураси тергов қилаётгани маълум бўлади.

Яна бирор ўзгариш бўлмайди.

Кейин эса умуман жиноят иши қайтариб олинганини маълум қилишади.

Жиноят иши республика Бош прокуратурасига, ундан кейин эса Сурхондарё вилоят прокуратасига оширилганини айтишади.

Аммо бу жиноят ишида Фахриддин Ҳошимовнинг номи ҳам, унга тегишли буюмлар ҳам қайд этилмаган.

Кўплаб юқори идора-ташкилотларга йўлланган мурожаатларга «кўриб чиқиш учун юборилди»дан бошқа маънили жавоб бўлмайди.

Ниҳоят Фахриддин Ҳошимов Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломовга шикоят мактубини ёзишга қарор қилади.

Бу мактубда у ўзининг Ўзбекистон фуқароси сифатидаги ҳуқуқларини давлатнинг масъул идора-ташкилотлари поймол этаётгани боисидан 21 декабрдаги парламент сайловида овоз беришдан бош тортишини маълум қилади.

Ушбу шикоятдан сўнг республика Миллий Хавфсизлик хизматидан чақириб савол-жавоб қилишадию, шу билан яна жимиб кетишади.

29 март куни мамлакатда президентлик сайлови мўлжалланган.

Демократик жамиятда давлат ўз фуқаросидан сайлаш, сайланиш ҳуқуқидан фойдаланишни талаб қилар экан, фуқаронинг ҳам давлатни тамсил қиладиган идора-ташкилотларидан ўз зиммаларидаги вазифани мамлакат конституцияси, қонунлари доирасида адо этишларини талаб қилишга ҳаққи бор.

Ана шу мантиқдан келиб чиқиб Марказий Сайлов Комиссиясига мактуб йўллаган Фахриддин Ҳошимов 6 феврал куни Марказий Сайлов Комиссиясидан жавоб хати олди.

Бу жавобда, “сизнинг мурожаатингизда кўтарилган масалалар Марказий Сайлов Комиссиясининг ваколатига кирмайди”, дейилади.

“Бу масалани кўриб чиқиш ваколатига кирадиган ташкилотларнинг ходимлари ўз ишларини қонун асосида бажармаётган бўлса, мен эса қарийб бир йилдан буён на машинамни, на пулим, на телефонимни қайтариб ололаётган бўлсам, нима қилишим керак?”, деган саволни қўяди Фахриддин Ҳошимов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ