Гулнора Каримова Ўзбекистонда жазога тортиладими?

Image caption Каримова ҳамон "уй қамоғидами"?

Ижтимоий тармоқлар ва интернетдаги мустақил нашрларда сўнгги пайтлар президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулноранинг қаердалигига оид турфа саволлар ва тахминлар ўртага чиқмоқда.

Президент Каримовнинг ўзи бир неча ҳафта омма кўзидан “йўқолиб қолиши” қатор миш-мишларни урчитар экан, Гулнора Каримованинг ҳам айрим нашрларда Болтиқбўйи давлати экани, бошқаларида эса ватанга қайтгани ҳақида тахминлар пайдо бўлди.

Ўзбекистондаги саноқли мустақил журналистлардан бири Алексей Волосевич эса ўз интернет саҳифасида “Гулнора Каримовани маҳкамага тортишга шошилишмаяпти” номли мақола эълон қилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг “уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига жазо муқаррар” эканлигига доир баёнотига қарамасдан, журналистга кўра, Ислом Каримовнинг қизи ҳамон маҳкамага тортилгани йўқ.

Волосевичнинг ёзишича, Гулнора Каримова дохил деб кўрилган бу жиноий ишда, афтидан фақатгина унга жиддий жазо қўлланмайдиган кўринади.

Ғарб нашрларида бир эмас бир неча бор йирик коррупция айбловларига алоқаси бор дея таърифланаётган президент Каримовнинг қизи Ўзбекистонда жазога тортилиши ақлга сиғмайдиган ҳол, дейди исмини ошкор этишни истамаган бошқа бир журналист.

Бир ойча вақтдан кейин ўтиши мўлжалланган президентлик сайлови арафасида Ислом Каримов учун Гулнора Каримова машмашаси ортиқча бошоғриқ бўлади.

Шунинг учун ҳам унинг номи, агар узоқ муддатга бўлмаса ҳам, муваққат "унутилади".

Журналистнинг ишонича, сайлов спектаклини Каримовнинг саломатлигидан ташқари ҳеч нарса бузолмаслиги аниқ бўлса ҳам, Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай масалада "ваҳимакор ҳушёрлик"ни ушлаб турибди.

Хориждаги текширувлар

Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор кўрилган банк ҳисоблари бўйича текширувлар қатор Оврўпо давлатлари ва АҚШда бошланган.

Гулнора Каримованинг номи билан боғлиқ можаро Швейцария, Швеция ва Оврўпонинг бошқа мамлакатларидан эндиликда Норвегияга ҳам ўтган.

Жаҳондаги энг шаффоф мамлакатлардан бири саналган Норвегия ҳукумати учун бу можаро катта бошоғриқ бўлаётир, чунки бу можаро марказидаги Теленор ширкатининг аксарига Норвегия ҳукуматининг ўзи эгалик қилади.

Тарихча ўрнида:

Норвегия Савдо, саноат ва балиқчилик вазирлигининг воизи Лиза Нордоеннинг Би-би-сига билдиришича, вазирлик жорий йилнинг 7, 8 ва 13 январида номаълум шахсдан хатлар олган. Би-би-си бу мактублар эгаси кимлигини билмайди.

Вазирлик бу шахс ё шахсларнинг кимлиги борасида аниқлик киритишдан бош тортди.

Мазкур аноним хатларда Ўзбекистонда фаолият юритувчи "Билайн" мобил операторининг эгаси бўлмиш Вимпелком ширкати олти йил давомида Гулнора Каримовага тегишли бўлган ширкатларга катта миқдорда пора бериб келгани иддао этилади.

Маълумки, "Билайн" бренди остида фаолият юритаётган уяли алоқа оператори ҳозир Ўзбекистонда 10 миллиондан ортиқ абонентга эга.Аввалроқ, Телиасонера ишида бўлгани каби, бу сафар ҳам порани қабул қилиб олган ширкат деб Гулнора Каримованинг яқин дўсти ва ёрдамчиси бўлган Гаянэ Авакян қўли остида бўлган Такилант ширкати кўрсатилмоқда.

Хат муаллифи иддаосига кўра, Вимпелкомнинг 33% ҳиссаларига эгалик қилувчи Теленор бу тўловлардан хабардор бўлган. Теленор эса буни рад қилади.

“Султон суягини хўрламас”ми?

Image caption Сайлов олдидан Каримовга Гулнора "бошоғири" керак эмас...

Ўтган йил Ўзбекистон Бош прокуратураси Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларни қатор иқтисодий жиноятлар, жумладан, солиқ ва валюта жиноятларида айблаган.

Расмий хабарда айбланганларнинг 2014 йил февралида терговга мажбуран олиб келингани айтилганди.

Июл ойида Гулноранинг яқин ҳамкори ва фуқаровий эри экани айтилган Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган. Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинганди.

Гаяне Авакян эса аввалига 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланганди.

Журналист Алексей Волосевичнинг ёзишича, гарчанд ўтган йил сентябр ойида Бош прокуротура икки бор Гулнора Каримова дохил деб кўрилган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига “қилмишига яраша” жазо беришга доир аҳдини ошкор этган бўлса ҳам, сўнгги пайтлар БМТдаги Ўзбекистоннинг собиқ расмийси ва Испаниядаги собиқ элчиси бўлган Каримова хонимнинг номи рўйхатларда “кўринмай” қолган.

Волосевичга кўра, « жиноятга яраша жазо» берилиши афтидан ҳақиқатдан йироқ кўринади. Унинг тахмин қилинишича, Гулнора Каримовани “уй қамоғидаги вақти” инобатга олинади ва алал-оқибат афв қўлланиб, озод этилади.

«Аввалгиларга ўхшамас»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Маликалардай ҳаётга қайтиш осон бўлмайди..."

Ҳар ҳолатда ҳам кузатувчиларга кўра, Гулнора Каримованинг бундан икки-уч йил аввалги маликаларники каби ҳаётига қайтиши осон кечмайди.

Алексей Волосевичнинг ёзишича, Каримова хонимнинг ҳаёти кўп томондан отасининг саломатлиги билан боғлиқ.

«Гулноранинг «уй қамоғида» қолиш муддати давомида Ислом Каримовга бирор кор-ҳол бўлмаса, унда ҳаммаси жойида…Каримованинг кўчмас мулклари ва маблағлари ҳар ҳолатда ҳам ўзида қолиши мумкин», дейди журналист.

Журналистга кўра, Каримовнинг ишлари ёмонлашадиган бўлса эса, унда Гулнора бир маънода «қопқонга тушади».

Душман ва рақиблари оз бўлмагани аниқ Каримова хонимнинг вазиятдан Ислом Каримов кўмагисиз чиқиб кетиши мушкул бўлади.

Бу ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk адресига йўлланг.Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02