Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Диний таҳсил ислоҳоти билан экстремизмни жиловлаб бўладими?

Охирги пайтда ўзларини сунний мусулмонлар деб эълон қилган, Сурия ва Ироқдаги катта ҳудудларни назорат қилиб турган "Исломий Давлат" гуруҳи содир этаётган қатллар ўзининг ваҳшийлиги билан дунёда кўпчиликни ларзага солмоқда, ана шу манзарада Ислом динини ислоҳ қилиш чақириқлари хам кўпроқ янграмоқда.

Хўш, Ислом ислоҳга муҳтожми?

Ушбу саволга Кирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолиддин жавоб берди.

"Ислом терроризмдан холи дин, экстремизмдан холи дин. Биз ислом терроризми ё ислом экстремизми ёки диний экстремизм деган сўзларга қаршимиз. Ҳеч қайси самовий дин экстремистик, террористик ҳаракатларни ёқламайди. Балки минг йиллардан бери бундай ҳаракатларга - беҳуда қон тўкиш, бегуноҳ одамларни қурбон бўлиши, шаҳарларни, яшаш жойларини харобазорларга айланишига, қирғинбарот урушларга Ислом дини ва бошқа самовий динлар қарши бўлиб келишган", дейди Содиқ қори Камолиддин.

"Лекин таълимни ислоҳ қилиш билангина террорга қарши фикрлар, экстремизмга қарши фикрлар ўз-ўзидан ўнгланиб қолса қани эди?"

"Ҳозир таълимни радикал ислоҳ қилиш керак дейишаяпти. Бунга қўшиламиз, чунки қўшиладиган жойлари бор. Масалан, оятларни ўзларининг табиатига мослаб тафсир қилаётганлар бор, ҳадисларни шундай тафсир қилаётганлар бор. Янглиш тафсир қилинган оят-ҳадисларни ўзини асл моҳияти, ўзини асл маъносига қараб тафсир қилиш керак. Динда экстремистик ҳаракатлар, террористик ҳаракатлар йўқ эканлигини таълим орқали ёшларга билдириш керак. Бу нарсалар ўқитилиши керак. Лекин шу нарсалар дунёда экстремизм, терроризмни йўқотишга етарли бўлади деб хулоса чиқариш нотўғри", дейди Ҳазрат Камолиддин.

"Мана ўзингиз ўйланиб кўринг-да, Ғазодаги мазлум халқларни ҳимоя қилиб чиқаётган ҳаракатларни ҳам булар экстремистик ҳаракатлар, дейди. 60 йилдан буён ўзининг давлатини қуролмасдан мазлум бўлиб келаётган халқни экстремистлар дейишади. Демак ўша жойлардаги экстремистик, террористик ҳаракатларни келиб чиқишларига ўзлари сабаблигини нима учун бўйнига олишмайди?", дейди Содиқ қори Камолиддин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02