Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Оролбўйида сил хасталигига чалиниш охирги йилларда яна кўпайган'

АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги - USAID Ўзбекистонда сил хасталигига қарши курашда кўмаклашиш учун 7,5 миллион долларлик лойиҳа бошлаган.

Ўзбекистондаги нашрлар хабар қилишича, АҚШ кўмак ташкилотининг ёрдами беш йиллик режага мўлжалланган.

Ушбу лойиҳа доирасида Халқаро Тараққиёт агентлиги аҳолининг муҳтож қатлами орасида сил хасталигини юқтирганларга ташхис қўйиш ва даволаш ишларида техник ёрдам кўрсатади.

Лаборатория ташхислари сифатини яхшилашга кўмаклашади.

Лойиҳа Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларига қаратилган.

Орол денгизи қуриши билан экологик вазиятнинг ёмонлашиши Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида одамлар саломатлигига ҳам салбий таъсир қилди.

Сил хасталигини юқтириш кўпайди.

Ўзбекистондаги "Нажот" Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, 2000 йилларда туберкулёзни юқтириш ҳолатлари камайиши кузатилганди.

"Бироқ охирги 2-3 йилда яна аҳоли орасида силга чалиниш кузатилаяпти", дейди хоразмлик фаол.