Ўзбекистонда ўн минглаб маҳбус амнистия қилинди, аммо...

Image caption Ўзбекистоннинг машҳур сиёсий маҳбусларига авф қўлланилмаган

Ўзбекистон расмийларига кўра, ўтган йил охирида Сенат томонидан эълон қилинган амнистия жами 52 мингдан ортиқ маҳбусларга нисбатан қўлланган.

Уч мингдан ортиқ киши қамоқдан чиқарилган.

Афв туфайли қамоқхоналарни тарк этганлар қаторида ўнлаб диний-сиёсий айблар билан ҳукм қилинганлар ҳам борлиги хабар қилинган.

Тўла тасдиқланмаган бу хабарларда айтилишича, асосан қамоқ жазосининг деярли тугатишига саноқли ойлар қолган маҳкумлар озод қилинган.

Феврал ойининг ўрталарида таниқли журналист Хайрулло Ҳамидов озод этилганди.

У диний-сиёсий айблар 2010 йилда қамоққа ташланган эди.

Инсон ҳақлари фаоллари ҳар йили эълон қилинадиган умумий авф минглаб сиёсий айблар билан қамалганларни четлаб ўтиши, уларнинг ўрнига айрим оғир жиноят содир этганларнинг ҳам амнистия туфайли озодликка чиқарилаётганини айтишади.

Афв қилинганлар орасида 42 нафар хориж фуқаролари ҳам бор.

Муҳаммад Бекжон дохил яна бир неча журналист ва Мурод Жўраев каби қатор сиёсий маҳбусларга эса кутилганига қарши амнистия яна қўлланилмаган.

Амнистия ва жиноятчилик

Image caption Қадри паст рубл ва мушкул дамлар ортидан Россияни ташлаб, ватанга қайтган муҳожирларга иш йўқ...

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, минглаб собиқ маҳкумларнинг озодликка чиқарилиши мамлакатдаги жиноий вазиятнинг ёмонлашишига ҳам сабаб бўлган.

Юзлаб, эҳтимолки минглаб бегуноҳ диндорлар, мухолифат вакиллари ва журналистлар қамоқда қолишар экан, собиқ жиноятчиларнинг озод этилиши мамлакатда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни сезиларли даражада ёмонлаштирган.

Сўнгги пайтларда пойтахт Тошкентда қатор шов-шувли қотилликлар содир этилган, 1990-йиллар бошидаги каби автомобил ўғирлашлар кўпайгани айтилади.

Би-би-сининг вилоятлардаги манбаларга кўра, қишлоқларда айниқса ўғирлик ва хонадонларни тунаш кўпайган.

“Қўшнимизнинг иккита молини бир кечада тунаб кетишди. Молларнинг туёқларига эски пойафзалми ёки латтами боғлашиб олиб чиқишган экан, ҳеч қанақа овоз эшитилмаган...Мелисаларнинг ўзи айтди, уста бўлиб кетган ўғрилар деб”, дейди ўзбекистонликлардан бири.

Кузатувчиларга кўра, жиноятчиликнинг ортиб бораётганига нафақат оммавий амнистия, балки рубл қиймати тушиб кетгани ва кўп миллионли ўзбек муҳожирлари учун Россияда ишлаш мушкуллашгани ҳам сабабдир.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмалари сўнгги йиллар мамлакат иқтисодининг инқироздан асраб турган омиллардан бири эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ