Жанубий Кореяда масжид Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи islom.uz

Жанубий Кореянинг Кожедо оролида жойлашган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг номи берилган. Бу ҳақида Подробно.уз сайти хабар тарқатди.

Хабар қилинишича, масжид икки ой аввал Кореяда яшаётган ўзбеклар жамоаси ташаббуси билан очилганди. У Пусан шаҳридан 70 чақирим узоқликда жойлашган.

Ислам.уз сайтида ёзилишича, шайхнинг насиҳатлари ва фатволари туфайли кўплаб ватандан йироқда бўлган намозхонлар тўғри йўлни танлаганлар, ўзларини безовта қилаётган саволларга жавоб топганлар, ҳамда Қуръон асосида ўз эътиқодлари ҳақида билим олишга муваффақ бўлганлар.

Сайтга кўра, айнан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ташаббуси билан Жанубий Кореядаги масжид кутубхонасига унинг асарларининг ўнлаб нусхалари келтирилган.

Собиқ шўро ҳудудларида энг нуфузли мусулмон уламоси саналган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 10 мартда 63 ёшида оламдан ўтди.

Унинг вафоти ортидан жаҳондаги кўплаб мусулмон жамоалар ўз таъзияларини изҳор қилганлар.

Ўтган жума Тошкентда бўлиб ўтган жаноза маросимида қатнашишни истаганлар сони бир неча юз кишидан ошиб, кўчалар машиналар билан тирбанд бўлган.

Жанубий Кореядаги масжиднинг шайх шарафига номланиши унга хориждан кўрсатилган ҳурмат-эътиборнинг иккинчиси бўлмоқда. Сал аввалроқ Чеченистон Президенти Рамзон Қодиров пойтахт Грознийдаги кўчалардан бирига шайхнинг исмини беришини эълон қилганди.

Ўзбекистон расмий матбуотида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти тилга олинмаган ва давлат идоралари дафн маросимида иштирок этмаганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02