Шайхнинг жаноза маросимида бир киши вафот этди

Жаноза маросимида ўн минглаб одам қатнашгани айтилади
Image caption Жаноза маросимида ўн минглаб одам қатнашгани айтилади

Кун.узнинг хабар беришича, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жаноза маросими бўлаётган масжидда кекса киши юрак ҳуружидан вафот этган. Жанозани бевосита кузатган журналистлар унда ўн минглаб одам қатнашганини билдирмоқда. Тобутни кўтариш вақтида тартибсизликлар бўлгани айтилмоқда.

Кун.узнинг воқеа гувоҳи Мурод Назаровга таяниб ёзишича, Шайх тобути Шайх Зайниддин жомеъ масжидига олиб келинган вақти 65-70 ёшлардаги қария жон таслим қилган.

Бу ҳақда Назаров фэйсбукдаги саҳифасида ёзган.

“Ёнимдаги қаторда кўзларида ёш билан 65-70 ёшлардаги отахон турганди. Отахон кутилмаганда ерга йиқилди. Унинг кўзлари, бармоқлари ва жағи қаттиқ тортишиб, оғзидан кўпик кела бошлади. Бу юрак ҳуружи эди”, - деб ёзади Мурод Назаров.

Гувоҳнинг айтишича, ҳодиса жойига бир дақиқанинг ичида шифокорлар етиб келишган ва чолнинг ҳаётини қутқариб қолишга ҳаракат қилган. Бироқ унга ёрдам бериша олмаган. Қария ўша ернинг ўзида жон таслим қилган.

Халқ орасида Кўкча масжиди номи билан машҳур Тошкентдаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида 11 март куни пешин намози вақтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жанозаси ўқилган.

Гувоҳлар жанозада ўн минглаб одам қатнашганини ва одамлар йўлларда ва ҳаттоки трамвай ичларида туриб намоз ўқиганини айтишмоқда.

Qadriyat.uz сайти маросимда иштирок этган мухбирига таяниб жанозада одамлар кўплигидан пешин намозида бир бирининг елкасига сажда қилингани ҳақида хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва аудио материалларда жаноза маросимида тартибсизликлар келиб чиққанини кўриш мумкин.

Тобутни кўтаришга ҳаракат қилган оламон ўртасида бир муддат тала тўп бошланган.

Кун.узнинг ёзишича, жаноза намозига келганлар орасида “мана мен ҳам шу ерда эдим” қабилида иш тутганлар ва марҳумнинг тобути билан селфи усулида суратга тушганлар ҳам бўлган.

Интернет жамоатчилиги бундайларни қаттиқ қоралаб чиққани айтилади хабарда.

Гувоҳлар Тошкент шаҳар бош имоми Анвар қори Турсунов йиғилганларни микрофон орқали тинчлантириш учун ҳаракат қилганини ёзишди.

“Ё Аллоҳ, ўзинг билгувчисан, қайсимиз қанча яшаймиз, лекин биз бугун шайхимизга озор бердик. Одамлар! Тинчланинг! Ҳазратимиз тинчликни хуш кўрар эди. Уни азобламанг, уни қийнаманг. Сизлардан илтимос қиламан”, - деб Анвар қорининг сўзларидан иқтибос келтиради Мурод Назаров.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02