"Нега Ўзбекистон матбуоти шайх вафотидан "бехабар" қолди?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Мана кўпчилигимизни карахт қилиб қўйган 10 март тунидаги маъшум хабардан кейин телеканалларимиз, интернет сайтлар ва рўзномаларимизни кузатиб келаяпман.

Ислом оламининг улкан алломаси, Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти ҳақидаги қайғули хабар интернетни ларзага солди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг religions.uz веб-сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти билан таъзия изҳор қилинди.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси нафақат Ўзбекистон, балки дунё мусулмонлари катта йўқотишга учраганини айтди:

Фото муаллифлик ҳуқуқи islom.uz

"Куни кеча юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки, бутун мусулмон оламига сермаҳсул хизматлари билан танилган муҳтарам устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар".

Лекин бутун дунё мусулмонларига сермаҳсул хизматлари билан танилган инсоннинг ўлимини Ўзбекистон давлат телеканаллари, радиолари, ахборот агентликлари ва рўзномалари “кўрмай қолдилар”.

Шайхнинг вафот этгани ҳақида, жаноза маросимида қатнашиш учун Тошкент кўчаларига ўн минглаб киши чиққани тўғрисида Ўзбекистондаги нодавлат интернет сайтлари хабарлар тарқатишди.

Ижтимоий тармоқлар, ҳукуматдан нисбатан мустақил бўлган интернет нашрлари ҳам видео ва суратларни, мақолаларни чоп этишди.

Мана учинчи кундирки, асосий мавзу Шайх ҳазратларининг ўлими ҳақида бўлмоқда. Ҳали ҳам Ўзбекистон заминида дунёга келган бу улуғ инсоннинг фазилатлари эсланмоқда, ҳаққига дуолар қилинмоқда. Шайхнинг ўлими ҳақида хориждаги мусулмонлар қайғуга чўмдилар, матбуотларида хабарлар бериб, таъзиялар изҳор қилдилар.

Бироқ давлат нашрлари ҳам бу ҳақда бир оғиз таъзия билдирса, унинг оқибати шунчалик қўрқинчли бўлармиди?

Таъзия матнини эълон қилгани учун бош муҳаррир ишидан бўшатилармиди?

Нафақат мусулмончиликда, барча динларда марҳум ҳақида бир оғиз яхши гап айтиб, оила аъзоларига ҳамдарлик билдирилади. Шунинг учун давлат ахборот агентликлари веб-сайтларидан ҳамдардлик мазмунидаги матнларни қидирдим. Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги, "Жаҳон" ахборот агентлиги, "Халқ сўзи" ва “Народное Слово” рўзномаларида ишлайдиганлар жанозаси билан Тошкентнинг каттагина қисмини деярли фалажлаб қўйган, ўн минглаб, айримларга кўра, қарийб 200 минг киши иштирок этган Шайх ҳазратлари билан видолашувдан гўё хабарсиз қолишган...

Бу ахборот воситаларининг асосий мавзулари, таасуфки, аксарият охиригича ўқимайдиган, томоша қилмайдиган президентликка номзодларнинг сайловолди учрашувлари бўлган.

Ундан ташқари, асосий рукнлардан бири "Кексаларни эъзозлаш" деб аталган. Шайх ҳазратлари 63 ёшида оламдан ўтди. Кекса эди. Бироқ кексаларни эъзозлаш йилида вафот этган собиқ муфтининг хотираси эслаб қўйилмади.

Бу нарса нимадан дарак беради? Сайловолди ташвиқотлар пайтида атиги беш дақиқа шу кунларда ўтган улкан алломанинг руҳи эслаб ўтилганда ўша номзоднинг ҳурмати бироз ошарди балки. Ҳатто Президент Ислом Каримов андижонликларга (Шайх туғилиб ўсган вилоятга!) ўзининг сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун борганда ҳам бу ҳақда гапиришни эп билмади.

Ўзбек халқи ўзининг маърифати, юрт тинчлиги учун қайғурган улкан инсонни йўқотди. Бу инсоннинг ўрни узоқ йиллар жуда билинишига аминман. Охиратлари обод бўлсин!

Ўзбекистонлик ўқувчи

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ