Оврўпо Иттифоқи: Сиёсий маҳкумларга нисбатан ҳам авф қўллансин!

Image caption Ўзбекистон расмийлари мамлакатда сиёсий маҳкумлар борлигини рад қилиб келади.

Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини тутқунликда қолаётган қатор инсон ҳақлари фаоллари, журналистлар, сиёсий ва диний маҳбусларни авф этишга чақирган.

Ўзбекистондаги ОИ ҳайъати ҳамда Иттифоққа аъзо мамлакатларнинг Тошкентдаги элчихоналари яқинда маҳбусларнинг озод этилганини назарга олган ҳолда ҳар йили эълон қилинадиган амнистия қамоқда қолаётган бошқа фуқароларга ҳам қўлланилишига умид қилади, - дейилади ОИ ҳайъати тарқатган баёнотда.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, ўтган йил декабрида эълон қилинган сўнгги амнистияга мувофиқ, 3 минг 237 нафар маҳбус қамоқ ва тергов ҳибсхоналаридан озод этилган.

Расмий хабарда айтилишича, амнистия жаъми 69 минг 497 кишига қўлланилган.

Улар орасида бир қанча диний айбловлар билан қамалганлар ҳам бор.

Бироқ бу йил озодликка чиққанлар сони 2013 йилдаги амнистияга қараганда 202 нафарга камдир.

Оврўпо Иттифоқи ҳайъати Ўзбекистон ҳукуматини узоқ йиллардан бери тутқунликда қолаётган сиёсий маҳбусларни авф қилишга чақиради.

Улар орасида Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжонов, Самандар Қўқонов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аъзам Турғунов, Алишер Кароматов, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Қобилжон Тўлашев ва бошқалар бор.

Уларнинг қамоқ муддатлари аллақачонлар тугаб кетганига қарамасдан, қамоқхона ичкарисида сохта айбловлар билан қайта-қайта муддатлари узайтириб келинмоқда.

Маҳкумларнинг ўзлари ва оила аъзоларининг Президент Каримовга авф сўраб ёзган хатлари жавобсиз ва натижасиз қолмоқда.

Қамоқда сақланаётганларнинг ҳаммаси маълум бир касалликларга чалинган, зарур тиббий ёрдам олишга муҳтожликлари бир неча маротаба айтилган.

Жумладан, 21 йилдан бери қамоқда қолаётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг аёли Би-би-сига айтишича, эрининг ҳамма тишлари тушиб кетган, қорнининг остида катта шиш пайдо бўлган. 2005 йилда қамоқ муддати тугаган Мурод Жўраевга 10 йилдан буён "қамоқхона ички тартибини бузди", дея яна тўрт марта уч йилдан муддат қўшиб берилган.

Аксарият сиёсий ва диний маҳбусларнинг аҳволлари ҳақида эса етарли маълумот йўқ.

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон Конституцияси байрами муносабати билан бу йил озодликка чиққанлар орасида 42 хориж фуқаролари бор. Қозоғистон (11), Тожикистон(10), Россия(9), Туркия (2) Хитой(1) ва Украина(1) фуқаролари авф этилган.

Жумладан, Ўзбекистонда қамалган Жин Пин исми шарифлик хитойлик фуқаронинг аёли Президент Ислом Каримовга авф сўраб ёзган хати қондирилган ва унинг эри "хатоларини англаб етган"и учун кечирилган.

Жаноб Жин Пиннинг аёли келтиришича, эри Ўзбекистонда қамалганидан кейин оиласи моддий қийинчиликда қолган, болалари оталарини қаттиқ соғинганлар.

Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаолларига кўра, охирги йилларда амнистияга тушганлар орасида кўплаб ҳақиқий жиноятчиларнинг озодликка чиқарилиши Тошкентда ва бошқа шаҳарларда жиноятлар сонининг кескин ошишига сабаб бўлган.

Бир нечта қариялар уйида тунаб, ўлдириб кетилган.

Оврўпо Иттифоқи янги баёнотида Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ҳамда фуқаролик жамияти фаолларига нисбатан адолат билан қарор чиқаришга чақиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ