Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Она сутини эмган гўдаклар ўқимишли бўладилар"

Она сути билан эмизилган гўдаклар зукко ва яхши даромад топувчи одамлар бўлиб етишар эканлар.

Бразилияда узоқ вақт давомида олиб борилган тадқиқотнинг хулосаси ана шундай.

Тадқиқотчилар охирги 30 йил давомида 6 минг одамни туғилишиданоқ яқиндан кузатишган.

Ҳозирда 30 ёшидан ошган қатнашчиларнинг уч ярим минг нафарининг билим ва зеҳни махсус тестлар орқали текширилган.

Эмизилган қатнашчилар ақллироқ бўлиб чиққан ва узоқроқ эмизилганлари унданда ақллироқ экани хулоса қилинган.

Бразилиянинг Пелотас университети Доктори Бернардо Лесса Ортанинг фикрига кўра, кўкрак сутида мия ривожланиши учун муҳим ёғ кислоталари мавжуд.

Жаноб Ортанинг таъкидлашича, олимлар нафақат ўзига тўқ ва зиёли инсонларни эмас, биринчи бор турли ижтимоий қатламга мансуб вакилларни кузатганлар.

Таҳлилчиларга қараганда, тадқиқот натижалари мутлақ хулоса сифатида кўрилмаса ҳам, лекин маълумотлар гўдакни дастлабки олти ойда кўкрак сути билан озиқлантириш катта аҳамиятга эгалигини исботлайди. Бундан ташқари олимлар она сути ва инсон зеҳни ўртасидаги боғлиқлик ҳақида аниқ хулоса қилиш учун янада кўпроқ тадқиқот ўтказиш лозим дейдилар.

Шундай бўлсада, ҳар қандай ҳолатда болани қай тарзда овқатлантириш қарори албатта онанинг ўзида қолади, деб таъкидлайди олимлар.

Бироқ дунёнинг турли мамлакатларида чақалоқларни она сути билан озиқлантиришга турлича муносабатлар мавжуд.

Ҳатто Британияда жамоат жойида боласини эмизган аёлнинг ҳаракати ҳар хил баҳоланган. Бу борада баҳслар келиб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жамоат жойида боласини эмизган аёлни ёқлаган юзлаб аёллар "кўчада эмизиш"нинг ҳеч бир ёмон жойи йўқлигини таъкидлаб дунёнинг бир қанча шаҳарларида акциялар ўтқазишган.

Би-би-си тошкентлик ҳамшира Умида Мирзараҳимовадан тиббиёт гўдакни она сути бериб боқишга қандай қараши, Ўзбекистондаги муносабат ҳақида сўради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002