Президент сайловлари: тўртинчи муддат ва тўртинчи ҳокимият

Image caption Каримов телевидениеда бот-бот кўриниш бермоқда

Сайловолди кампаниясининг бошидан буён ўзбек расмийлари барча номзодларга тенг эфир вақти беришга ҳаракат қилишаётганини кузатиш мумкин.

Ҳатто давлат рўзномалари ҳам жорий Президентга устунлик бермасдан, барча номзодларга ўз саҳифаларидан тенг жой ажратмоқда.

Каримовнинг Либерал-демократик партиянинг 6 феврал куни ўтган қурултойидаги нутқи телевидение орқали намойиш этилмади.

Айрим таҳлилчиларга кўра, ўша пайтда ҳали бошқа номзодлар сайловолди тарғиботларини бошламаганлари учун шундай қилинган.

Ваҳоланки, Президентнинг чиқишини намойиш этиш унинг соғлиги ҳақидаги миш-мишларни аритишга ёрдам берган бўлур эди.

14 февраль куни Марказий Сайлов Комиссияси давлатнинг "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" теле ва радио каналларида ҳар бир номзодга 15 соатдан эфир вақти бериш ҳақидаги қарорни қабул қилди.

МСКнинг айтишича, ушбу эфир вақти номзодларнинг сайловолди тарғибот роликларини ўз ичига олмайди.

Шунингдек, ҳукуматнинг "Халқ сўзи", "Народное слово" ҳамда "Правда Востока" каби нашрларида номзодлар эълон қиладиган мақолалар 10 бетдан ошмаслиги керак.

Февраль ойининг ўрталарида тўрт кун кетма-кет телевидение барча номзодларнинг партия йиғилишларида қилган сайлов платформалари ҳақидаги нутқларини олиб кўрсатди, Каримов учинчи бўлиб кўрсатилди.

Телеканаллар номзодларнинг вилоятларга сафарларини ҳам ёритмоқда.

Сайловчилар билан учрашувларда номзодларнинг фақат ўз дастурларини ўқиб бераётганлари акс этади.

Ҳозирга қадар уларнинг биронтаси ҳам телевизион мунозараларга киришгани кузатилмади.

Матбуотдаги жимлик

Хориждаги ўзбек мухолифати Президент Каримовни яна бир муддатга сайланиш орқали мамлакат Конституциясини бузганликда айблайди.

Аммо Ўзбекистон ичкарисида Каримовнинг ҳокимиятда қолиш ҳуқуқи савол остига олинаётгани йўқ.

Ушбу мавзу Президентнинг ўзи дохил, ҳукумат мулозимлари ва матбуотнинг назаридан буткул четда қолмоқда.

Image caption UzA Президентнинг янги йил табригини Каримовнинг ёшликдаги ушбу сурати остида чоп этган

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бир шахснинг икки мартадан кўп президентликка сайланишини тақиқловчи Конституциянинг 90-моддаси ҳақида сукут сақламоқда.

Президентнинг ёши ва юксак лавозимга лаёқатлилиги, афтидан, ман этилган мавзулар ҳисобланади.

Жаноб Каримовнинг рўзномалар ва давлат хабар агентликлари чоп этаётган суратларига нашр этилишидан аввал диққат билан жило берилади.

Ушбу тажриба бир неча йилдан буён давом этиб келади.

Президентнинг хорижий матбуотда эълон қилинаётган суратлари маҳаллий матбуотдаги суратлардан кескин фарқ қилади.

Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари президент ва сайловлар ҳақидаги хабарларида "тўртинчи муддат", "меросхўрлик" ё-да "мухолифат" сўзларини умуман ишлатмайди.

Мамлакатда сайловларга боғлиқ биронта намойиш ёки юришлар бўлиб ўтгани йўқ.

Ижтимоий тармоқларда сайловлар ҳақидаги танқидий изоҳларнинг кўпчилиги мамлакат ташқарисидан келаётганини кўриш мумкин.

Каримов ойнаи жаҳонда

Амалдаги Президент ойнаи жаҳонда бот-бот кўриниш бермоқда.

Биргина январь ойида Президент Каримов ЎзТВда камида етти марта кўрсатилди.

Бу одатий эмас.

Image caption Матбуот барча номзодларга тенг вақт ажратишга ҳаракат қилмоқда

Жумладан, жаноб Каримов Вазирлар Маҳкамаси йиғинида узун нутқ ирод қилди ва парламентда уч марта чиқиш қилди.

Ўз чиқишларида у иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражасининг "тез суратларда ўсиб бораётганини" урғулади.

Умумият-ла, ижтимоий тармоқлардаги шарҳлардан хулоса қилинадиган бўлса, Ўзбекистондаги аксарият кўпчилик Каримовнинг қайта сайланишига эътироз билдирмайди.

Ўзбекистонда одамлар сайловларнинг шунчаки бир расмиятчилик эканига ўрганиб қолишган.

Сайловларда овоз бериш ҳам мумкин, бермаслик ҳам.

Айни пайтда давлат матбуотининг мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш ҳақидаги кампанияси таъсирли бўлаётган бўлиши мумкин.

Телеканаллар оддий одамлар ва диний уламолар билан суҳбатларни намойиш этишган, уларда ҳукуматнинг тинчлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари олқишланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02