Каримов учинчи муддатга сайланмоқдами?

ОҲҲТнинг чекланган миссияси Ўзбекистондаги президентлик сайловига доир янги ҳисоботини эълон қилган.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Ислом Каримов номзоди нега Конституцияга зид равишда яна президентликка қўйилгани тўғрисида биринчи бор изоҳ берган.

"Конституцияда бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланишини чеклаган бўлса-да, жорий президент Конституция амал қилаётган даврдан бери учинчи муддатга сайланмоқда", деб қайд этган расмийлар.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси билдиришича, кимнинг номзодини илгари суриш сиёсий партиялар хоҳиши ва қарори бўлиб, сайлов комиссияси фақат ҳужжатларни қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқади.

Шунингдек, расмийларнинг кузатувчилар гуруҳига аниқлик киритишларича, "муддат" аниқ йилларни назарда тутади ва олдинги президентлик муддати етти йилни ташкил қилган, ҳозиргиси эса ундан фарқ қилиб беш йилдир. Шу боисдан келтирилган муддатлар икки кетма-кетликни англатмайди.

Ҳисоботда шунингдек, феврал ва март ойларида бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар Конституцион маҳкама, Бош Прокуратура, Сенат ва Марказий Сайлов қўмитасига мурожаат қилиб, Ислом Каримов номзодини рўйхатга олиш қонунга зидлиги айтишган. Бироқ ҳанузгача фуқароларнинг аризаларига бирор бир расмий изоҳ берилмагани келтирилади.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 1992 йилда қабул қилинган. Ислом Каримов 1989 йилдан ҳокимият тепасида ўтирибди. 2002 йилда ўтказилган референдумда Каримовнинг президентлик муддати беш йилдан етти йилга узайтирилган. Бироқ 2011 йилда Ислом Каримов ташаббуси билан президентлик муддати беш йил деб қисқартиришга келишилган. Шу тариқа Ислом Каримовнинг ҳокимиятда яна қолишини изоҳлаш учун сабаб топилган.

Айни пайтда Оврўпода Хавсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти кузатувчилар гуруҳи президентлик муддатини етти йилдан беш йилга ўзгартирилишини ноқонуний эканини таъкидлаган. "Референдум ҳақида" қонуннинг 1- моддасига биноан, "референдум орқали қабул қилинган қарор" олий юридик кучга эга бўлиб, уни фақат референдум орқали бекор қилиш керак бўлади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Конституциясининг 90 моддаси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланишини қатъиян таъқиқлайди.

Ҳеч бир ноодатий натижалар кутилмаётган 29 мартда ўтадиган президентлик сайловлари Ислом Каримовнинг тўртинчи муддати ҳисобланади.

Президентлик сайловларини кузатиш учун Ўзбекистонга 400 халқаро кузатувчи ташриф буюриши айтилган.

Бироқ кузатувчиларда хоҳлаган сайлов участкаларида овоз беришни эркин ҳолда кузатиш ҳуқуқи йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ