Ўзбекистон: қўшиқчининг лицензияси - ноними?

Ўзбекистонда Шоҳжаҳон Жўраевнинг қўшиқчи лицензияси бекор қилингани, лицензияга эга бўлиш нақадар нозик масалага айланганини кўрсатди. Санъаткорларнинг телевидение ва концертларда чиқишлари, тўйларга боришлари худди шу лицензияга тақалади.

Би-би-си гаплашган ўзбек шоу-бизнесига алоқадор инсонларнинг фикрича, баъзида лицензияни олиб қўйиш санъаткорни тарбиялайди.

"Шов-шув.уз" сайтининг муҳаррири Жасур Ҳамроевга кўра, ўзбек санъаткорларининг асосий даромади тўйлардан келадиган экан, тўйда қўшиқчилар билан ишлашни бир тартибга солиш лозим.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шоу-бизнес оламининг яна бир вакилининг айтишича, гонорар сўмда тўланиши керакми, доллардами, аниқлаб олиниши керак. Тўйга борадиган санъаткор билан шартнома қилиниши лозим. Шартноманинг йўқлиги, ҳар хил жанжалларни келтириб чиқаради. Ўртада баъзи "киссавурлар"ни пайдо қилади.

Бундан олдин бир қанча қўшиқчиларни продюссерлари алдаб кетган ҳоллари ҳам учраган. Тўйга олиб бораман деб, ҳамманинг пулини йиғиштириб, ўзи қочиб кетган продюссерлар ҳам борлиги айтилади.

Суҳбатдошларимизга кўра, ҳар битта тўйга шартнома қилинса, дуруст бўлади. Тизим йўлга тушади.

"Ҳозир 500 долларга бораман деса, кейин нима бўлгани бошқа масала бўлиб қоляпти. Шартнома тузиб, ҳар бир даромадини кўрсатганда эди, ҳам санъаткорга, ҳам бу соҳага масъулларга фойдали бўларди".

Бундан ташқари, ҳозир бир-иккита тўйга чиқадиган санъаткор лизенцияси учун белгиланган категориялар, масалан, А категория бўйича бир неча миллион сўм бўлса, кейингиси ундан арзонроқ, яна бошқа категория янада арзонроқ. Лекин тўртта тўйга чиқадиган қўшиқчи ҳам А категорияга тўлаб қўйса-да, бир кунда 1-4 минг доллар топадиган санъаткор ҳам шу лицензияга эга бўлса, бунинг мантиққа тўғри келмаслиги билдирилмоқда.

Бироқ ўзбекистонлик санъаткорлар қанча даромадига қанча солиқ тўлаши очиқ айтилмайди.

Номини ошкор этмасдан гапиришга кўнган шу соҳа вакилининг фикрига қараганда, концерт кунини талаб бўлмаса ҳам ошираётган санъаткорлар бор. Яъни, 5-10, 17 кунлаб концерт бераётганлар учрайди. Масалан, беш кунлик концертга мухлис тушиши мумкин. Лекин 10 кунлаб концерт қўйиб, ундан тушган даромадни беркитишади. Бу нотўғри. Ҳатто чипталарни турли йўллар билан бўлса ҳам ўтказиб ёки сотиб, даромад қилаётганлар ва уни беркитиб юрганлар бор. Шунинг учун маълум тартибни йўлга қўйиш керак. Бўлмаса бу кетишда ўзгариш киритиш қийин.

Ўзбекистонда санъаткорларга лизенция бериш тартиби аввалдан амал қилган бўлса ҳам, охирги йилларда унга эътибор кучайган. Ҳамма санъаткорларга лицензия мажбурий қилиб қўйилган. Лекин шунга қарамасдан, аниқ бир натижа кўринмаётгани тез-тез тилга тушади.

Лицензияси олиб қўйилган санъаткорлар концертлар беришга, гастролларга юришга хаққи йўқ. Бу баъзиларга кўра яхши чора, баъзилар буни ёқламайди.

Яъни шу орқали баъзи "ўзидан кетиб қолган" санъаткорлар тарбия қилинади.

Шоҳжаҳон машмашаси ижтимоий тармоқларда

Охирги кунларда қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраевнинг лизенцияси олиб қўйилгани хақида хабар қилинди. Бунга унинг Россияда хайрия концерти бериши ҳақида огоҳлантирмай кетгани сабаб бўлган экан.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеа турли баҳсларни пайдо қилди. Жумладан, бир фойдаланувчи: "Санъаткор ким бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳурматини билиши, отасининг ёки бошқанинг обрўйи, бойлигига орқа қилмасдан, ўз ҳурматини билиб йўл тутиши кераклиги" тўғрисида ёзди. Бошқаси: "Қўлингдан келганини қил, деган тарзда ўзини тутиши санъаткорга тўғри келмайди. Санъат дегани фақат иккита ашулани билиши дегани эмас, балки одоби ахлоқи, ўзини тўғри тута билиши хам", - дейди.

Айни пайтда Ўзбекистонда норасмий тақиққа учраган қўшиқчилардан бирининг айтишича: "Санъаткор аввало халқ билан, лекин қўполлашиб, босар-тўсарини билмай қолиши, бошқа санъаткорларнинг ҳам номига доғ туширади. Бундайлардан лицензияни олиб қуйиш туғри, сабоқ бўлади. Чунки лицензия ўзидан-ўзи олиб қўйилмайди. Салгина жазоланиб қўйилса, кўзи очилади. Лекин бутунлай фаолиятини тўхтатиб қўйишдан ҳеч кимга фойда йўқ. Шуни айтиш ҳам керакки, тўғри гапни айтгани учун тақиққа учраганлар ҳам йўқ эмас албатта", - дейди у.

Бундан ташқари фақат одобсизлик қилиб, ёки "юлдузлик касали"га чалинган санъаткорлар эмас, балки "Ўзбекнаво" ёхуд бошқа ташкилотлардаги мутасаддиларнинг тадбирларига бормаган қўшиқчиларнинг лицензиялари ҳам атайлаб олиб қўйилади, деган гапларга Жасур Хамроев кўшилмайди, унинг айтишича, бундай гапларни лизенцияси хулқи учун олиб қўйилган ўша санъаткорларнинг ўзлари тарқатишади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02