'Исломий Давлат' Марказий Осиёда ҳам фаоллашиш'га улгурдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шу кунларда нуфузли интернет нашрларидан бирида чоп этилган мақолага таянилса, “Ўзбекистон худди шундан ташвишда”.

Айни шу манзарада қўшни афғонистонлик масъуллар ўз ҳудудларида ўзбекистонлик жангарилар сони кўпайиб бораётганидан хавотирда.

Буларнинг барчаси эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати “Исломий Давлат”га содиқлигини расман изҳор этганидан бор-йўғи бир неча ой ўтиб кузатилмоқда.

Агар, афғон расмийларининг сўзларига таянилса, сўнгги ойларда Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош жанубий минтақалари қолиб, Марказий Осиёга бевосита туташ қатор шимолий вилоятларидан ҳам ўз оилалари билан бирга бошпана топган ўзбекистонлик жангариларнинг сони юздан ортган.

Мавжуд ҳолат аллақачон Афғонистоннинг қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятлари расмийларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлган, улар зудлик билан бунга қарши чора кўрилмаса, вазият жиддий издан чиқиши билан огоҳлантиришгача боришган.

Бу каби хабарлар, устига устак, Афғонистоннинг айнан ўзбекистонлик жангарилар фаоллашаётгани айтилаётган Фарёб, Сарипул, Жаузжон ва Бадахшон каби вилоятларида хавфсизлик билан боғлиқ аҳвол шундоқ ҳам ёмонлашиб бораётган бир пайтда ўртага чиқмоқда.

Шу кунларда Афғонистоннинг Туркманистон билан бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятининг энг беқарор икки тумани – Қайсор ва Алморнинг ўзига юздан ортиқ ўзбекистонлик жангарининг оиласи билан келиб ўрнашгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ушбу хабарларни расман тасдиқлаган Фарёб вилояти ҳокими сўзчиси Аҳмад Жовид Бедорнинг сўзларига таянилса, бу жангарилар аллақачон жангларга ҳам киришиб кетишган.

Расмий хабарларга кўра, ўтган яқин ойлар ичида бу икки туманда олиб борилган ҳарбий амалиётлар чоғида Толибон ҳаракати қўмондони мақомида бўлганлари дохил қатор ўзбекистонлик жангарилар ўлдирилган ҳам.

Вилоят масъулларининг сўзларидан аён бўлишича, ўзбекистонлик жангариларнинг аёллари ҳам ўз эрларига кўмак беришади, жосуслик вазифасини бажаришади, маҳаллий аҳолини урушга тарғиб этиб, мина ясаш билан шуғулланишади.

Фарёблик қавм оқсоқолларидан Тариқ Хоннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ўзбекистонлик жангарилар ўз вилоятларида аллақачон катта таҳдидга айланиб улгуришган.

Ҳар бир соҳада ўзларининг борликларини билдиришга уринишади ва вилоятнинг айрим шоҳ йўлларида ўз ҳукмронликларини ўрнатишга ҳам ҳаракат қилишаётир.

Худди шу манзарада Фарёбда қуролли толиблар билан ҳамкорлик қилишда айбланиб, ўзбекистонлик уч исёнчи аёлнинг қўлга олингани, яна ўн нафари Фарёбга қўшни Сарипул вилоятида Толибон билан бир сафда жанг қилаётганига оид хабарлар ўртага чиққан ва афғонистонлик расмийлар томонидан расман тасдиқланганди.

Фарёб вилоят кенгаши раҳбари Сайид Абдулбоқий Ҳошимийнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига билдиришича, ўзбекистонлик жангарилар бу билан ҳам кифояланмай, аллақачон Афғонистоннинг ўзлари фаол бўлган ҳудудларида “Исломий Давлат” гуруҳи билан алоқа ўрнатиш ҳаракатига ҳам тушишган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, “Исломий Давлат” минтақага сизиб киришга ҳаракат қилаётган қарийб ярим йил ичида Покистон ва Афғонистонда ёллашга муваффақ бўлган юзлаб жангариларининг аксарияти собиқ толиблардир.

Зобул воқеаси нимага далолат қилади?

Афғонистоннинг бевосита Покистонга чегарадош жанубий Зобул вилоятида шиа мусулмонлари бўлган 30 нафар ҳазоранинг олиб қочилиши билан боғлиқ шу йил феврал ойидаги ҳодиса “Исломий Давлат” ва ўзбекистонлик жангарилар масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиққан.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг қатъий раддияси манзарасида афғон масъуллари ушбу воқеани “Исломий Давлат”га нисбат беришлари баробарида, тутқунларни озод этишга қаратилган йирик ҳарбий амалиётлари чоғида ўлдирилган хорижий жангариларнинг аксарияти ўзбек экани ҳам маълум бўлган.

Бу ҳақда Би-би-сининг Афғонистон жанубидаги мухбири Маъмун Дурронийга юқори мартабали афғон ҳарбийлари билдиришган.

Мухбиримизнинг турли ижтимоий мулоқот тармоқларида эълон қилинган суратига таяниб айтишича, Зобулда олиб борилган амалиёт чоғида ҳалок этилган чет эллик жангарилар орасида бир қирғизистонлик аёл ҳам бўлган.

Унинг ҳарбий амалиётлар чоғида олган оғир жароҳатлари туфайли ҳаётдан кўз юмгани айтилган.

Аммо Зобулдаги йирик ҳарбий амалиётлардан қарийб бир ой ўтаётган эса-да, афғон ҳарбийлари ўлдирилган хорижий жангариларнинг шахси ва фуқаролиги борасида, ҳалича, аниқ маълумотларни ошкор этишмаган.

Маҳаллий масъуллар эса, бу жангарилар Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари, деган ишончда.

Уларга кўра, ҳаракатнинг ўнлаб аъзолари яқинда Покистон Қуролли кучларининг Шимолий Вазиристондаги кенг кўламли ҳарбий амалиётларидан қочиб, ўз оилалари билан бирга жанубий Зобул ва жанубий-шарқий Ғазний вилоятларининг Толибон назорати остидаги ҳудудларига келиб ўрнашишган ва уларнинг орасида ўзбекларидан ташқари, қирғиз, чечен ва араб жангарилари ҳам бор.

Худди шу ўринда мухбиримиз Маъмун Дурронийнинг маҳаллий аҳоли сўзларига таяниб айтишича, бу жангариларнинг аксарияти жуда кучли қуролланган, сафларида бўлган аёлларининг аксарияти ҳам уста жангчилардир. Бу аёллардан кўпчилиги русийзабон ёки ўзбекзабон экан, дейди мухбиримиз.

Аммо, унинг айтишича, бу жангариларнинг аниқ қайси давлат фуқаролари эканликларига оид расмий маълумотлар йўқ.

Мухбиримизнинг Афғонистон жанубидаги 205-ҳарбий бўлинма қўмондони сўзларига таяниб айтишича, бу жангариларнинг барчаси аллақачон “Исломий Давлат” сафига қўшилишган.

Аммо, унга кўра, Зобул вилоятидаги хорижий жангариларнинг ўзи сўзлашишга муваффақ бўлган айрим қўмондонлари афғон ҳарбийларининг бу гапларини рад этиб, ҳануз Афғонистон Толибон Ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умарга содиқ эканликларини билдиришган.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган уч-тўрт ой ичида Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасидан Афғонистоннинг бу икки вилоятига 200 га яқин хорижий жангари ўз оилалари билан бирга қочиб ўтишган.

Уларнинг орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларидан ташқари, Толибон ҳаракати қанотида жанг олиб бораётган турли гуруҳга мансуб исёнчилар ва араб жангариларининг борлиги, айримларининг аллақачон “Исломий Давлат” сафларига ёлланиб улгуришгани айтилади.

Бошқа томондан, яқинда Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош Бадахшон вилоятида олиб борилган ҳарбий амалиётлар чоғида ҳам ўнлаб марказий осиёлик жангарилар ўлдирилгани, уларнинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари эканликлари хабар берилганди.

Маҳаллий масъуллар эса, уларнинг “ал-Қоида” тармоғи аъзолари эканини айтишган ва Афғонистонга қўшни Покистондан ўтганликларини тахмин этишганди.

Афғонистонлик каттаю кичик масъулларнинг “Исломий Давлат” хавфидан жиддий огоҳлантирувчи сўнгги чиқишлари эса, бошқа томондан, дунёдаги энг жангари бу гуруҳ Афғонистонга қўшни Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солганини эълон қилишидан бор-йўғи икки ойча ўтиб кузатилмоқда.

Вужудга келаётган бу каби вазият куни-кеча Афғонистон шимолида катта қудратга эга ўзбек генерали, мамлакат вице-президенти Абдулрашид Дўстумнинг ҳам жиддий огоҳлантириш билан чиқишига ҳам сабаб бўлган.

Генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий вилоятлари атрофига айнан “Исломий Давлат” жангарилари ўз оилалар билан келиб ўрнашаётганликларини айтган, “қора байроқлар” бугун мамлакати, халқи ва қўшниларига таҳдид эканини таъкидлаганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва “Исломий Давлат”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғон расмийлари эса, уларнинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари экани ва Покистон Қуролли кучларининг қавмлар яшовчи ярим мухтор минтақасидаги давомий кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб, Афғонистонга қочиб ўтишганини тахмин этишмоқда.

Жумладан, Фарёб вилояти Қайсор тумани ҳокими Абдулжамил Сиддиқийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бу каби хабарларни расман тасдиқлаган.

Ҳоким жанобларининг огоҳлантиришича, агар, туманда зудлик билан тозалаш амалиёти йўлга қўйилмаса, бутун Фарёб вилоятида хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашиши мумкин.

Эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистоннинг шимолий Фарёб вилояти қўшни Туркманистон билан бевосита чегарадошдир.

АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқнинг 2001 йилги йирик ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг минтақадаги яқин иттифоқчиси бўлган “ал-Қоида” тармоғи билан бирга айнан Покистоннинг Афғонистонга бевосита чегарадош Вазиристон ҳудудидан бошпана топиб келган.

Орада кечган вақт давомида ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати билан ҳамкорликда фаолият юритган.

Аммо, худди шу ўринда, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг қўшни Афғонистондаги бу каби фаоллашуви уларнинг Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига расман байъат келтиришларидан қисқа вақт ўтмай кузатилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Эслатиб ўтиш лозим, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг жорий пайтда дунёдаги энг қудратли ва энг жангариси бўлган бу гуруҳга садоқатини изҳор этиб чиққан расмий баёнотида Покистон Қуролли кучларининг ўтган йил июн ойидан буён Шимолий Вазиристон минтақасида олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб “ночор аҳволда” қолганлигини илк бор ошкора эътироф этганди.

Ҳаракат раҳбари Мужоҳиддин Усмон Ғозий, “Вазиристон дунёдан узиб қўйилгани, кўплаб мужоҳидлар жанг қилишдан бош тортиб, минтақани бўшатиб қўйишгани ва жангнинг бошида турган жамоатлари ҳам ҳамма томондан қамал қилингани”ни маълум қилганди.

Ўз навбатида, “Шу каби оғир бир вазиятда турган пайтларида Ироқ ва Шом ерларида исломий халифалик эълон қилинганига оид хабар барчаларини хурсанд ва хушнуд қилгани”ни айтган.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Покистон ҳарбийларининг сўнгги амалиётлари асосан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларига қаратилган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаоллашмоқчи

Ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг расман байъат келтириш қарори билан “Исломий Давлат”нинг обрўси, мавқеи, инсоний ва молиявий ресурсларидан фойдаланмоқчи, қайта фаоллашмоқчи.

Бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Сурияда каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз халифалигини эълон қилган “Исломий Давлат” эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан энг бойи ва қудратлиси сифатида эътироф этилади.

Минтақавий таҳлилчиларнинг айтишларича, “Исломий Давлат” Яқин Шарқда эришаётган бу каби ютуқлар ва гуруҳнинг глобал халифат барпо этиш мақсади Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ёш аъзоларини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ҳаракатнинг ўзи ҳам 1998 йилда дастлаб Ўзбекистондаги жорий тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифалик қуриш ғояси билан дунёга келган.

Айрим халқаро таҳлилчиларга кўра, энди улар миллатчи қарашларидан анчайин ортга чекиниб, мусулмон оламидаги учта муқаддас маконни кўз остига олган глобалроқ исломий ҳаракатга эътибор қаратган маъқул, деган ўйга келишган.

Image caption "Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ўз сафларига қўшилиши "Исломий Давлат"нинг Афғонистондаги мавқеини анча мустаҳкамлаши мумкин..."

Уларнинг айтишларича, минтақадаги қолган гуруҳлар билан солиштирганда, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати нисбатан кичик ва қувғиндагиси бўлса ҳам, “Исломий Давлат”ни дастаклашига оид сўнгги баёноти сиёсий жиҳатдан олдинга қўйилган жиддий қадам бўлган, ҳаракатга бундан буёғига ўзини глобал жиҳодий гуруҳнинг бир қисми сифатида кўрсатиш имконини берган.

Аммо, ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, “Исломий Давлат” Яқин Шарқда ўтган бир неча ойдан буён АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалициянинг ҳаво ҳужумлари остида ва ерда Ироқ ҳукумат кучларига ҳам қарши жанглар олиб бориб келмоқда.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, худди шу сабабдан ҳам, “Исломий Давлат” тақдирининг қандай якун топиши бу икковлоннинг Ўзбекистонга таъсир қилиш даражасини белгилаб беради.

Уларнинг айтишларича, агар, “Исломий Давлат” барқарор бир феноменга айланса, бу жараён, бу муаммонинг кенгайиши, Афғонистондаги жиҳодий фаолиятнинг кучайиши ва бу хавф Ўзбекистоннинг чегараларига ҳам яқинлашишига сабаб бўлади.

Яқинда юқори минбардан туриб, халқаро ҳамжамиятни “Исломий Давлат” минтақага солаётган жиддий хавф билан огоҳлантирган Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг айтишича эса, мамлакати “Исломий Давлат” дохил глобал террорчи тармоқларнинг учрашув нуқтаси бўлиб қолмоқда ва бу гуруҳга қарши халқаро миқёсда кескин чоралар кўрилмоғи лозим.

Бугунги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан бевосита чегарадош қавмлар яшовчи ярим мухтор Шимолий Вазиристон минтақасида ўтган йил июн ойида йўлга қўйган йирик ҳарбий амалиётларига қадар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг сони бир неча юздан бир неча мингтагача, деб тахмин қилинган.

Ҳаракат ўзининг сўнгги расмий баёнотида “ночор” аҳволда эканликларини эътироф этган эса-да, улар юз тутган талофатларга оид аниқ маълумотлар йўқ.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбариятининг ҳам ҳозир айнан қаерда эканига оид ишончли ва расмий хабарлар имконли эмас.

Бунгача уларнинг Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларида фаоллашиш билан Марказий Осиё чегараларига яқинлашиш ва шу мақсадда минтақадан янги жангарилар ёллашга уринишаётгани ҳам айтилганди.

Покистондаги мухбиримиз Раҳимуллоҳ Юсуфзайга кўра, мамлакат ҳарбийлари амалиётлар бошланган ўтган тўққиз ой ичида Шимолий Вазиристоннинг 90 фоизини, йилларки, у ерда бошпана топиб келган турли исёнчи гуруҳлардан тозалашга муваффақ бўлишганини даъво қилишмоқда.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари бўладими, Покистон ва ёки Афғонистон толиблари, улардан бир қисми ҳануз Шимолий Вазиристоннинг тоғли ва ўрмонзор Шовал водийси ҳамда Даттахел минтақасидалар.

Айримлари Покистоннинг қавмлар яшовчи бошқа ҳудудларида жон сақлашмоқда. Кўпчилик жангарилар эса, шундоққина қўшни Афғонистонга қочиб ўтишган”, - дейди мухбиримиз.

Унинг айтишича, аввалига Афғонистоннинг Покистонга бевосита чегарадош шарқий Пактико ва Хост вилоятларига кесиб ўтган бу жангарилар ҳозир Афғонистон шимолига қадар ёйилиб боришмоқда.

Аммо, мухбиримизга кўра, Покистон томонида ҳам ўзбекистонликлари дохил Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатларига қўшни шимолий вилоятларига бориб ўрнашаётган бу каби жангариларнинг аниқ сонига оид маълумотлар йўқ.

Худди шу ўринда, Покистон Қуролли кучларининг кенг кўламли ҳарбий амалиётларидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ёки уларнинг яқин иттифоқчилари бўлган Исломий жиҳод ва Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати аъзоларидан қанчаси омон қолгани ҳам маълум эмас. Бу каби рақамлар, ҳатто, ўтган 14 йил давомида уларга қарши курашиб келган Америка ва Афғонистон тарафида ҳам йўқ, дейди мухбиримиз.

Агар, мухбиримизнинг тахминларига таянилса, уларнинг жаъми сонини ҳозир юзлаб дейиш мумкин.

“Тўғри, сўнгги йилларда бу уч гуруҳнинг сафларига янги жангарилар келиб қўшилган бўлишлари мумкин. Аммо, бу ҳолатда ҳам, уларнинг аниқ сонларига оид маълумотлар имконли эмас. Лекин уларни кўпчилик, деб айтмаган бўлардим. Чунки четдан келган бу каби гуруҳларнинг ўзларига янги жангарилар ёллашлари осон кечмайди”, - дейди у.

Худди шу ўринда мухбиримиз Раҳимуллоҳ Юсуфзай гуруҳ лидерларининг ҳануз Покистоннинг қавмлар яшовчи жанубий минтақаларида эканликларига деярли шубҳа қилмаслигини айтади.

“Чунки бу ҳудуд уларнинг истеҳкомлари саналиб келинган, йилларки у ерларда яшашган, оилалари, дўстлари, ҳамкорлари бор. Демоқчиманки, буларнинг барчаси уларга ўзларини хавфсиз ҳис қилиш имконини беради”, - дейди Раҳимуллоҳ Юсуфзай.

Аммо, агар, текширув натижаларига таянилса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозийнинг ўтган йил сентябр ойида “Исломий Давлат”га садоқатлари изҳор этилган баёноти чоп этилган hilofatnews.com веб саҳифаси 2013 йилда Туркияда очилиб, Нью-Йоркда қайддан ўтган.

Яна бир маълумот ўрнида шуни ҳам айтиш керакки, қўшни Афғонистон Покистон билан 2.500 километрга узанган ва аксарият қисми деярли қўриқланмайдиган узундан-узоқ чегарага эга.

Мухбиримизга кўра, устига устак ўзаро чегара катта қисмининг тоғли ва саҳроли ҳудудлардан ўтиши ва чегаранинг нариги томонида ўз “одамлари”нингбўлиши - Покистондан Афғонистонга қочиб ўтмоқчи бўлган исёнчиларнинг юмушларини янада осонлаштирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Афғонистон раҳбарининг яқинда қилган чиқишида айтишича эса, Покистон Қуролли кучларининг айни шу амалиётлари сабаб, минтақада ўринлар алмашган ва турли жангари гуруҳларни тортиш маркази бугун ўз мамлакатига кўчган.

Буёғи нима бўлади?

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, “Исломий Давлат” минтақада ёллаган ёки уларга байъат келтирган жангари гуруҳларнинг “эски чеҳралар” экани назарда тутилса, Яқин Шарқдаги қудратли бу гуруҳ туғдиражак хавф “ал-Қоида”, Покистон ёки Афғонистон ҳаракатиникидан деярли фарқ қилмайди.

Аммо, уларнинг айтишларича, жиҳод саҳнасига биринчилардан бўлиб глобал халифат қуриш мақсади билан чиққан “ал-Қоида” тармоғининг минтақадаги эски “қадрдонлари” ҳозир дунёдаги энг жангари ва шафқатсизи сифатида эътироф этилаётган “Исломий Давлат”га байъат келтириш билан, уларнинг сиёсати ва тактикасини ҳам ўзлаштиришади. Минтақада вужудга келажак вазиятнинг энг хавотирли нуқтаси ҳам худди ана шу бўлади.

Таҳлилчиларга кўра, Афғонистондаги вазият ҳозирнинг ўзида шундоқ ҳам кўнгилдагидек эмас ва бундан буёғига воқеаларнинг қандай ривож топиши афғон хавфсизлик кучларига, Ғарб томонидан янги миллий бирдамлик ҳукуматига берилажак молиявий кўмакларга қараб қолади.

Агар, худди шу ўринда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботига таянилса, хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги билан кечган 2014 йил Афғонистон учун Толибон тузуми қулатилган ўтган 13 йил бадалида энг қонлиси бўлган. Катта сондаги афғон хавфсизлик кучлари қурбон бўлишган.

Агар, вазият шундай давом этгудек бўлса, бу – афғон хавфсизлик кучлари сафларини тарк этувчилар сонининг кўпайишига олиб келади, демакки, буёғи осон бўлмайди, дейишади улар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Айрим халқаро таҳлилчиларга кўра, Шимолий Вазиристон минтақасидаги ўзбеклари дохил қолган жангарилар Покистон Қуролли кучларининг босими остида Афғонистонга қочиб ўтишаётгани боис, ҳозирча, фаолиятлари тарқоқ ва қайта уюшишлари учун муайян вақт лозим бўлади.

“Ҳаттоки, Толибоннинг анъанавий таянч нуқтаси сифатида кўрилувчи Афғонистон жанубида ҳам бу жараён осон кечмайди. Шимолга ўтган сайин бу иш янада узоқроққа чўзилади. Аммо бу ерда бошқа бир хавф бор. Яъни, агар, Покистон ўз ҳудудидаги исломий жангарилик муаммосига буткул барҳам беролса, уни осонлик билан қўшниси Афғонистонга экспорт қилган бўлади”, - дейди Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ўз сафларига қўшилиши "Исломий Давлат"нинг Афғонистондаги мавқеини анча мустаҳкамлаши мумкин.

“Аммо, айни ўринда муаммо шундаки, биз “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистондаги бугунги куч-қудрати ҳақида аниқ бир нарса айтиш қийин. Сўзсиз, уларнинг сафларига янги жангарилар қўшилмоқда. Бу жараён эса, аста-секинлик билан гуруҳнинг кучайишига хизмат қилмай қолмайди. Алал-оқибат, бу икки гуруҳ ҳамоҳангликда Афғонистон хавфсизлик кучлари ва афғон ҳукуматига бошоғриқ бўлишлари мумкин”, - дейди халқаро таҳлилчи.

Унинг айтишича, агар, минтақадаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ўхшаган янада кўпроқ гуруҳлар “Исломий Давлат”га байъат келтиргудек бўлишса, бу – минтақада йирик бир жангари ҳаракатнинг пайдо бўлиши эҳтимолини ҳам пайдо қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

“Лекин, шунда ҳам, бу хусусда қатъий хулоса чиқаришга жуда эрта. Чунки Покистон Қуролли кучларининг кенг қамровли ҳарбий амалиётлари сабаб, жорий пайтда у ердаги жангари гуруҳларнинг фаолияти анчайин парокандаликка юз тутган”, - дейди халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерс Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Покистоннинг ўзидан етакчи минтақавий таҳлилчи Хадим Ҳусайн эса, минтақада вужудга келаётган ҳозирги вазиятда икки хил эҳтимол ва икки хил таҳдид ҳақида сўз юритиш лозимлигини урғулайди.

Бу суҳбатдошимизга кўра, турли исёнчи гуруҳларнинг бир томондан иккинчисига ўтиши, яна ортга қайтиши каби жараён минтақада янги жангари иттифоқ пайдо бўлишига замин яратиши мумкин.

“Бу эса, уларнинг Афғонистоннинг ҳар бурчагида ўз мавқеъларини мустаҳкамлашларига хизмат қилмай қолмайди. Мавжуд вазият айрим Марказий Осиё давлатлари учун ҳам хатарли тус олиши эҳтимоли йўқ эмас”, - дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, мавжуд вазият билан боғлиқ иккинчи эҳтимол ва таҳдид шундаки, у минтақада “Исломий Давлат” гуруҳини ўз ичига олувчи глобал халқаро жангари ташкилотнинг ҳозирлиги, ўзаро фаолиятларини мувофиқлаштиришлари, Марказий ва Жанубий Осиё чегаралари бўйлаб ҳаракатланишига имкон ҳозирлаши мумкин.

Бу каби сценарий эса, минтақа давлатлари учун янги хавфни пайдо қилади.

“Чунки минтақадаги жангари гуруҳларнинг фаолиятда бўлган иттифоқлари парокандаликка юз тутмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан янги иттифоқларнинг вужудга келишини англатади. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам муҳим роль ўйнашга ҳаракат қилади. Буларнинг барчасидан бир четда қолмасликка уринади. Бу – аниқ”, - дейди у.

Суҳбатдошимизнинг энг сўнггида айтишича, минтақа давлатлари ўзаро чегаралар назоратини яхшилаш, хавфсизлик кучларининг мувофиқликдаги ҳаракати в жосуслик хизматларининг ҳамкорликдаги фаолияти орқалигина мазкур хавфга бас келишлари ва унинг олдини олишлари мумкин бўлади.

“Исломий Давлат” Марказий Осиёда ҳам фаоллашиш"га улгурдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўтган жума куни centralasiaonline.com интернет нашрида чоп этилган ва Ўзбекистондаги қатор веб саҳифаларда қайта чоп этилган мақолада айнан шу ҳақда сўз юритилади.

Ушбу мақоланинг ўзи эса, “Исломий Давлат”нинг Марказий Осиёда фаоллашганидан Ўзбекистонда ташвишдалар”, деб номланади.

Мақолада Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати таҳлилчиси Бахтиёр Шарофовнинг айтишича, “Исломий Давлат”нинг шундоққина Марказий Осиёнинг остонасида пайдо бўлиши мавжуд таҳдиднинг терактлар ва жанговар амалиётлар даражасига ўсиб етганини англатади.

Худди шу ўринда МХХ таҳлилчисининг айтишича, Афғонистон хавфсизлик кучлари “Исломий Давлат” жангариларининг Туркманистон чегараси бўйлаб яшириниб юришгани ва Ўзбекистон чегарасида ҳам фаоллашганини тасдиқлашган.

Бундан ташқари, мақолада Бахтиёр Шарофовнинг Афғонистонда ўрнашиб олган экстремистларнинг уруш олиб боришдан ташқари, ташвиқот юритиш вазифаси билан Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларига ўз эмиссарларини юборганликлари, бундан Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати хабар топганига оид сўзлари ҳам келтирилади.

Ўзбекистонлик таҳлилчига кўра, “Бугунги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва ўз вақтида Тоҳир Йўлдош ҳамда Жума Намангонийлар томонидан молияланган ЎИҲ битта ташкилот эмас.

“Қачонлардир бу ҳаракат мустақил ташкилот эди. Бугун эса, у анчайин қудратли гуруҳларга пул эвазига ўзининг хизматини таклиф қилувчи ҳар хил жангарилардан иборат бўлиб қолган”, - дейди Бахтиёр Шарофов centralasiaonline.com даги мақолада келтирилган иқтибосида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ушбу мақолада қўлига теккан маълумотларнинг конфиденциал экани боис, исм-шарифи ошкор этилмаслигини маъқул, деб топгани айтилган МХХ вакилиники, деб келтирилган рақамларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 5000 аъзоси бор. Уларнинг ярмидан кўпроғи эса, Ўзбекистон фуқароларидир.

Сentralasiaonline.com даги мақола тафсилотларидан аён бўлишича, ўзбекистонлик таҳлилчилар ва Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари Қирғизистон жануби ва Тожикистондаги воқеалар ривожини ташвиш билан кузатиб туришибди. Бу уч давлат ҳудудида жойлашган Фарғона водийсида эса, аллақачон фундаменталистларнинг ҳозирликлари кузатилган, дейилади ушбу мақолада.

Аммо, унда хулоса қилинишича, мавжуд таҳдид хавотир уйғотса-да, некбин бўлиш учун ҳам асос бор.

Яъни, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ўхшаган гуруҳлар ҳеч қачон Ўзбекистон Армиясига ўхшаш мунтазам қўшинлар билан тенгма-тенг жанг олиб бора олган эмас.

Ўтган ой эса, қатор маҳаллий нашрлар Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати “Исломий Давлат” гуруҳининг мамлакат ҳудудида террорчилик хуружлари уюштириш режасидан хабар топгани ҳақида ёзишганди.

Жумладан, 12news.uz саҳифаси “Исломий Давлат” баҳорда Ўзбекистонда зўравонликларни режалагани, шу боис ҳам Ўзбекистон ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизликни кучайтиришга қарор қилгани ҳақида хабар берганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосчиси Тоҳир Йўлдош 2009 йилда америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилган.

2012 йилда эса, Тоҳир Йўлдошнинг ўрнига тайин этилган куёви Усмон Одил ҳам шу тариқа ҳалок этилганди.

Ўшандан буён Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Усмон Ғозий исмли шахснинг раҳбарлик қилаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ