Би-би-сига айтаман: Ошкораликдан ким қўрқяпти?

Хоразм вилоятида турли масъул идораларга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга қонуний ҳимоя сўраб мурожаат қилаётган фуқароларга нисбатан "давлат душмани" сифатида қаралмоқда. Инсон хуқуқлари бўйича қонуний мониторинг олиб боратган фаолларга нисбатан хам ёвқараш сиёсати ҳукм сурмоқда.

Оддий фуқаролар томонидан нодавлат, нотижорат ташкилотларга тушаётган шикоят аризалари шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳокимликлар ва ҳуқуқ-тартибот идороларининг иш фаолиятида фукароларга нисбатан бюрjкратик иш юритиш, адолатсизлик, қонунга итоат қилмаслик, тамагирлик, қариндош-уруғларни ҳимояга олиш, адолат устиворлигини писанд қилмаслик ҳоллари учрамоқда. Натижада оддий фуқаролар жабр кўришяпти.

Турли даражадаги суд маҳкамаларида, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларида кўрилган ёки кўрилаётган фуқаролик ишлари, жиноят фактларига эътирозлар сифатли, мазмунли, қонун талаби даражасида ўрганилмасдан, муқим бир қарор қабул қилинмасдан, фуқароларнинг сарсон-саргардонлиги вужудга келтириляпти. Ҳокимликларда бўлаётган қабуллар миршаб бераётган жазога ўхшаб қолмоқда.

Ҳукумат идораларидан маош олиб ишлаётган тиббиёт ходимлари, қурувчига айлантирилган малакали ўқитувчилар эса гўёки коммунал хизмат ходимлари сифатида маҳаллалар ва кўчаларда фаррошлик қилишга мажбур қилиняптилар. Мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ва коллеж талабалари қурилишларида ёки фермер хўжаликлари далаларида бепул ишлатилмоқдалар. Ҳокимларнинг бундай ноқонуний ҳукмига бўйсунмаган фуқаролар эса "халқ душмани" деган тамға билан тақдирланмоқдалар.

Юқорида кўрсатилган фактлардан безиган ва нажот истаган инсонлар "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилотига шикоят аризалар билан мурожаат қилишган. Халқда, "тўғри сўз туққанингга ёқмас", деган гап бор. Инсон ҳуқуқлари мониторинги билан шуғулланувчи фуқаролар амалдорлар қўлидан ўтган қоғозлар ва фуқароларнинг мурожаатларидаги асл ҳолатларни, ўз кузатувида аниқланган фактларни ўрганиб, кўрилаётган ишлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва халқаро қонунчилик меъёрлари асосида амалга оширилишини талаб қилгани эса амалдорларга ёқмаяпти.

Хоразм вилояти "Нажот" инсон ҳукуклари ташкилотининг Ҳазорасп туманидаги вакили Шокир Давлетов 19 март куни Ҳазорасп тумани бозорида коррупция борасидаги муаммоларни ўрганаётда бозор ҳудудидаги милиция ходимлари томонидан ушланиб, милиция бўлимида сўроққа тутилган. Унга: Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидан рухсат олмай нима учун бозор ҳудудида суратга ва видеога олиш ишларини амалга оширяпсан, бу рухсат олинмаган сурат ва видеоларни ким учун тасвирга туширяпсан, деб дўқ уришган ва дўппослашган. Шокир Давлетов, бу бозор, ҳамма кириб чиқади, сирли оъбект эмас. Қолаверса, давлатда аниқ ахборот излаш қонун била белгиланган, деб айтган. Аммо милиция ходимлари, хусусан, Ҳазорасп тумани ИИБнинг участка нозирлари бўйича бошлиғи, уни бу ишлари учун судсиз қамоққа ташлашини айтиб, ҳакоротомуз гаплар билан қўрқитган.

"Нажот" мазкур тумандаги маҳаллий аҳолидан турли мавзуларга оид хабарларни олмокда. Уларда суд ижроси идороларининг айрим ходимлари ночор аҳолига дашном қилаётгани, фуқароларнинг аризалари билан ишлашдаги сансоларлик, маҳаллий ҳокимият идораларининг фуқароларга нисбатан зўравонлиги, нафақахўрлар ўз қонуний пулини расмийлаштиришдаги муаммолар, фуқаролик судларидаги арзномаларни муқобил ҳолатга тўхталмаслиги, тадбиркорларга ер ажратиш муаммолари мавжудлиги, таниш-билишчилик билан фуқароларга ер сотиш, экилаётган ер майдонлари мониторинги йўқлиги, турли тушумлар давлат солиқ хазинасига келиб тушмаслиги, корупция авж олганлиги акс эттирилган.

Аммо адолатни талаб қилган инсонларга ҳуқуқий кўмак бераётган "Нажот" фаолларига таҳдидлар, ҳибсга олиш билан қўрқитишлар кузатилмоқда. Айни кунларда "Нажот" тарафдорларининг ҳар бир қадами қаттиқ назорат остига олинмоқда.

Бу даражада ошкораликдан қўркиш кимга ва нимага керак?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ