'Ўзбекистонлик сайловчиларнинг 91 фоизи овоз беришда қатнашди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

29 март куни кечки соат 10 да Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси президентлик сайловида овоз бериш дастлабки натижаларини эълон қилди.

Ўзбекистон ҳудудида эрталабки соат 6 дан кечки 20 гача овоз берилган.

Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов сўзларига кўра, шу куни Ўзбекистонда овоз бериш ҳуқуқига эга деб кўрилган 18 миллион 928 минг фуқаро сайловда иштирок этган.

Бу жами сайловчиларнинг 91,01 фоизини ташкил этади, деб айтди жаноб Абдусаломов.

Ўзбек расмийларига кўра, президентлик сайловида 20 миллион 798 минг 52 нафар ўзбекистонлик сайловчи сифатида рўйхатга олинган.

"Овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган халқаро демократик нормалар ва принципларга риоя қилинган ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилди", деб айтган Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси.

Сайловда қайси номзод қанча овоз тўплагани ҳақидаги илк расмий маълумот 30 март куни Тошкент вақти билан соат 16 да эълон этилиши хабар қилинган.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссиясига кўра, президентлик сайловини ўтказиш учун 14 сайлов округининг 9058 сайлов участкаси ташкил қилинган.

Президентликка номзодлар сифатида Марказий Сайлов комиссияси Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримов, Акмал Саидов, Наримон Умаров ва Ҳотамжон Кетмоновни рўйхатга олган.

Жаноб Каримов номзодини Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Акмал Саидов номзодини “Миллий тикланиш” партияси, Наримон Умаров номзодини “Адолат” социал-демократик партияси, Ҳотамжон Кетмонов номзодини Халқ демократик партияси илгари сурган.

Ўзбек расмийлари президентлик сайловининг эркин, адолатли, шаффоф эканини урғулайдилар.

Бироқ аксар маҳаллий ва хорижий кузатувчилар фикрича, Президент Ислом Каримов қайта сайланмасликка имконият қолдирмаган.

Шу куни Ўзбекистондаги сайловга эътибор қаратган қатор хорижий оммавий ахборот воситалари бу сайловни Ўзбекистонни 26 йилдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг президентлик муддатини яна беш йилга узайтириш сайлови деб кўраётганлариҳақида хабар тарқатганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ